Жаҳон | 20:21 / 15.10.2025
3961
4 дақиқада ўқилади

НАТОдагилар алянс ҳаво ҳудудига кирган Россия самолётларини уриб тушириш имкониятини муҳокама қилади

Фото: Federico Gambarini / picture alliance / Getty Images

Брюсселда НАТОнинг мудофаа вазирлари даражасидаги саммити бўлиб ўтмоқда. Ушбу учрашувда муҳокама қилинадиган асосий масала – Россия томонидан ҳаво таҳдидлари, аниқроғи, алянс ҳаво ҳудудини бузиб кирган самолётларга ҳужум қилинишига имкон берадиган қоидалар ва протоколлар бўлади, деб ёзади The Telegraph.

Россия авиациясига қарши курашиш бўйича НАТОнинг барча мамлакатлари учун ягона тамойиллар тўпламини ишлаб чиқиш режалаштирилган. Алянснинг юқори мартабали дипломатининг Politico нашрига айтишича, умумий кўрсатмалар мавжудлигига қарамай, ҳозирда НАТОнинг турли ҳаво миссиялари «ҳали ҳам қуроқ кўрпани эслатади».

НАТОда муайян ҳаво таҳдидларига жавоб беришнинг умумий аниқ қоидалари йўқ – кўпинча алянснинг турли аъзолари миллий даражада қабул қилинган турли қоидалар бўйича ҳаракат қилишади. Масалан, баъзи мамлакатларда бирор ҳаракатни амалга ошириш учун ўз қирувчи самолётлари учувчиларидан таҳдид мавжудлигини визуал тасдиқлаш мажбурий бўлса, бошқаларида шунчаки радарлардан олинган маълумотлар етарли, деб ёзади The Telegraph.

The Telegraph’нинг қайд этишича, вазирлар алянс ҳаво ҳудудини бузиб кирган Россия самолётлари йўқ қилиш учун нишон ҳисобланадиган параметрлар тўпламини аниқлаб олмоқчи. Муҳокама жараёнидан хабардор манбанинг айтишича, ҳар бир ҳолатда эътиборга олинадиган асосий омиллар самолётнинг парвоз траекторияси ва бортда қурол-яроғлар бор-йўқлиги бўлади.

Яна бир юқори мартабали дипломат Politico билан суҳбатда ягона қоидаларни яратиш учун мамлакатлар «имкон қадар кўпроқ миллий чекловлардан халос бўлиши» кераклигини тасдиқлади. «Биз барчамиз ушбу чекловлар ўз маъносини сақлаб қоладими ёки йўқлигини диққат билан ва танқидий баҳолашимиз керак», – дея қайд этган у.

Белгия мудофаа вазири Тео Франкен учрашув бошланишидан олдин журналистларнинг саволларига жавоб бераркан, учрашувда Россия нишонларига зарба бериш бўйича қарорни айнан ким қабул қилиши кераклиги (алоҳида мамлакатларнинг ҳарбий раҳбарияти ёки НАТО зобитлари) муҳокама қилинишини тасдиқлади. Унинг таъкидлашича, гап нафақат самолётлар, балки дронлар ва кемалар ҳақида ҳам кетмоқда.

«Бизда [Белгияда] қарорни НАТО офицери қабул қилади. Аммо ўз қоидаларига эга мамлакатлар бор – масалан, Полша ва бошқа кўплаб мамлакатлар. Бу суверенитет масаласи ҳам, шунинг учун муҳокама осон бўлмайди», – дея қўшимча қилди у.

Ўз навбатида, НАТО бош котиби Марк Рютте Россия Федерациясини провокация сифатида қабул қилиниши мумкин бўлган кейинги ҳаракатлардан огоҳлантирди. «Россияликларга мурожаат қилишга ижозат беринг: агар улар атайлаб НАТОга қарши бирор нарса қилишга уринса, бизда НАТО ҳаво кенглиги ва ҳудудининг ҳар бир дюймини ҳимоя қилиш учун барча воситалар ва ваколатлар мавжуд», – деди у.

НАТО давлатлари Россия иштирокидаги бир қатор ҳодисалардан сўнг шарқий чегараларини ҳимоя қилишни фаол муҳокама қила бошлади. 10 сентябрга ўтар кечаси 20 га яқин дрон Полша ҳаво ҳудудини бузиб ўтганди, уларнинг бир қисми қирувчи самолётлар томонидан уриб туширилди. 19 сентябр куни Россиянинг МиГ-31 русумли учта самолёти Эстония ҳаво ҳудудига учиб кирди ва у ерда тахминан 12 дақиқа қолди. Иккала ҳолатда ҳам Полша ва Эстония Шимолий Атлантика шартномасининг 4-моддаси доирасида НАТО бўйича ҳамкорлари билан расмий маслаҳатлашувлар ўтказишни сўраган.

Ушбу ҳодисалардан ташқари, Европанинг турли мамлакатларида стратегик объектлар яқинида номаълум дронлар ҳаракатланиши тобора кўпроқ учрай бошлади. Сўнгги ҳафталарда бу Дания, Норвегия, Швеция, Германия, Францияда кузатилди. Бир неча ҳолатларда дронлар туфайли фуқаролик аэропортларини вақтинча ёпишга тўғри келган.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид