Иқтисодиёт | 22:00 / 22.09.2025
3577
4 дақиқада ўқилади

8,4 млрд долларлик олтин сотуви, сезиларли даражада ошган бензин импорти – Ўзбекистон ташқи савдоси шарҳи

2025 йилнинг 8 ойида Ўзбекистоннинг савдо айланмаси БАА, Ҳиндистон ва Афғонистон билан кескин яхшиланган бўлса, Туркманистон, Жанубий Корея, АҚШ ва Туркия билан сезиларли ёмонлашган. Ҳисобот даврида 8,4 млрд долларлик олтин сотилди. Бу рекорд кўрсаткичдир. Хитойга боғлиқлик янада ортиб, умумий ташқи савдо ҳажмининг 18,9 фоизи ушбу давлат ҳиссасига тўғри келган.

Фото: Shutterstock

2025 йил январь-август ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 51,4 млрд долларни ташкил этди. Бу 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 8,5 млрд долларга ёки 19,8 фоизга кўп.

Бунда экспорт ҳажми 22,9 млрд доллар (+31,3 фоиз), импорт ҳажми эса 28,4 млрд доллар (+11,3 фоиз) бўлган. Ташқи савдо салбий сальдоси эса 5,4 млрд долларгача қисқарган. 

Ҳисобот даврида ташқи савдо айланмасининг салмоқли қисми Хитой (18,9 фоиз), Россия (16,1) Қозоғистон (5,9 фоиз), Туркия (3,7 фоиз) ва Жанубий Корея (2,2 фоиз) билан қайд этилган.

Дастлабки 8 ойликда ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда, йирик ҳамкор давлатлардан  Туркманистон (-20,7 фоиз), Жанубий Корея (-13,3 фоиз), АҚШ (-7,7 фоиз) ва Туркия (-3,5 фоиз) билан савдо айланмаси миқдори қисқарган. БАА (+90 фоиз), Нидерландия (+53 фоиз), Афғонистон (+51,3 фоиз), Ҳиндистон (+42,3 фоиз), Беларус (+34,5 фоиз), Покистон (+26,9 фоиз), Германия (+25,2 фоиз), Хитой (+21 фоиз), Франция (+18,5 фоиз) ва Қозоғистон (+15 фоиз) каби давлатлар билан эса умумий савдо ҳажми сезиларли миқдорда ошган. 

Экспорт

Ҳисобот даврида 8,4 млрд долларлик (+68,5 фоиз) олтин сотилган. Бу умумий экспортнинг 36,8 фоизини ташкил этади. Шунингдек, экспорт таркибида саноат товарлари (11,1 фоиз), озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар (7,8 фоиз), кимёвий воситалар (5,9 фоиз), турли хил тайёр буюмлар (4,8 фоиз) ва минерал ёқилғилар (4,4 фоиз) ҳам сезиларли улушга эга бўлган.

Ташқи савдо айланмасида товарлар ва хизматлар экспорти бўйича асосий ҳамкорлар Россия (12,5 фоиз), ХХР (5,4 фоиз), Қозоғистон (4 фоиз), Афғонистон (3,8 фоиз), Туркия (3,2 фоиз), Франция (2,7 фоиз), БАА (2,1 фоиз), Қирғиз Республикаси (1,6 фоиз) Тожикистон (1,5 фоиз) ва Покистон (1,2 фоиз) каби давлатлар бўлган. Уларнинг умумий экспортдаги улуши 38 фоизни ташкил этади.

Январь-август ойларида 495 млн долларлик газ сотилган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 24,1 фоизга кўп. Бундан ташқари, 399 млн долларлик нефть ва нефть маҳсулотлари (-2 фоиз), 107 млн долларлик электр токи (+52,2 фоиз) экспорти ҳам амалга оширилган.

Ҳисобот даврида қарийб 180 млн долларлик автомобиль ва унинг эҳтиёт қисмлари сотилган. Бу 2024 йилга нисбатан 26,9 фоизга кам.

Импорт

Импорт таркибида энг катта улуш машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари (33,8 фоиз), саноат товарлари (16,1 фоиз) ҳамда кимёвий воситалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар (12,6 фоиз) ҳисобига тўғри келган. Умумий импортнинг 2/3 қисми 7 та давлатдан амалга оширилган:

  • Хитой – 29,7 фоиз;
  • Россия – 19,1 фоиз;
  • Қозоғистон – 7,4 фоиз;
  • Туркия – 4,1 фоиз;
  • Жанубий Корея – 3,9 фоиз;
  • Германия – 2,7 фоиз;
  • Ҳиндистон – 2,6 фоиз.

Ҳисобот даврида 886 млн долларлик газ сотиб олинган, бу ўтган йилги кўрсаткичнинг 72 фоизини ташкил этади. Шунингдек, 1 млрд 23 млн долларлик бензин импорт қилинган.

Тайёр автомобиль олиб кириш ҳам сезиларли даражада қисқариб кетган. Жумладан, январь-август ойлари давомида 641 млн долларлик (-29,7 фоиз) машина импорт қилинган. Ўз навбатида, автомобиллар қисмлари ва анжомлари импорти 40,9 фоизга ошиб, 1 млрд 125 млн долларга етган.

Мавзуга оид