Жаҳон | 10:13 / 08.08.2025
10230
9 дақиқада ўқилади

Муддат тугаяпти. Путинни қўрқита оладиган энг ёмон сценарий нима?

Путин фақат кучи билан тан оладиган лидер сифатида танилган. Шу боис Ғарбнинг Россияга таъсири энди дипломатия эмас, балки реал сиёсатнинг сўнгги чегаралари орқали намоён бўлмоқда. Замонавий реализм қоидалари кучга куч билан жавоб беришни талаб қилади. Хўш, Трамп махсус вакилининг Путин билан учрашувидан сўнг вазият қандай ўзгаради? “Геосиёсат”да Прогрессив ислоҳотлар маркази экспертлари Алоуддин Комилов ва Умрбек Юсупов мавзу хусусида сўз юритади.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Умрбек Юсупов: Уиткоффнинг шахсига эътибор берилиши зарур. Ким у? Нима учун айнан у? Яқин Шарқ бўйича махсус вакил, Украина–Россия масаласида ҳам махсус вакил. Умуман олганда, араб давлатлари билан музокараларда ҳам махсус вакил сифатида иштирок этади. Риёдда ҳам айнан у фаол, Уиткофф эски авлод вакилларидан ҳисобланади. Асли ню йорклик, яҳудий оиласида туғилган деб эътироф этилади. Уларнинг дўстлигига 40 йилдан ортиқ вақт бўлган. Трамп каби Уиткоффда ҳам Россияга илиқ муносабат бор. Масалан, унинг жестидан (ҳаракатидан) ҳам кўриш мумкин. Путин Уиткоффни жуда яхши кутиб олди. Бу ҳақда Ушаков ҳам айтди, жуда ижобий ва конструктив учрашув бўлди. Кирилл Дмитриев, махсус вакил ҳам шунга ўхшаш фикрларни билдирди. Ҳақиқатан ҳам протокол бўйича ҳам қўл сиқишлар жуда илиқ бўлди, совуққонлик йўқ эди. Путин ёқтирмаса, одатда масофа сақлайди, ҳеч кимга яқинлашмайди, столга ўтириб, қўлини бурчакка қўяди ёки қўл бериб саломлашмайди.

Ҳозирги кунда асосий натижа нимада? Мана, “Фогел ва Винник операцияси”, бу Уиткоффнинг олдинги ташрифидан кейин юзага келган операция (феврал ойида Россия ва АҚШ ўртасида амалга оширилган маҳбус алмашинуви доирасида Россия фуқароси Александр Винник АҚШдан озод қилиниб, Россияга қайтарилди. Бунинг эвазига Россияда ноқонуний равишда сақланаётган америкалик ўқитувчи Марк Фогел АҚШга олиб келинди).

Александр Винник IT соҳасидаги ходим, яъни криптовалюталар соҳасида фирибгарликда айбланган россиялик тадбиркор эвазига ўқитувчини озод қилиш билан боғлиқ. Ҳар бир ташрифдан нимадир чиқади деган тенденция шаклланган ва албатта, натижа бор. Энг қизиғи, уч соатлик суҳбат тугагач, мен ноодатий нарсаларга эътибор бердим. Масалан, таржимон бу сафар русларнинг эмас, Америка томонидан берилган аёл таржимон иштирок этди. Бу ҳам ўзига хос кўрсаткич. Бундан ташқари, ташриф ҳам дарҳол эълон қилинмади, яъни учрашув эҳтимоли бор эди, лекин аниқ маълумотлар берилмаганди. Трампнинг Путин билан учрашиши ҳақидаги маълумот ҳам анча кейин чиқди. Трамп дастлаб Зеленский, Марк Рутте, Кеир Стармер, Фридрих Мерц каби Европа лидерлари билан гаплашиб олди ва улар катта натижага эришилганини айтишди.

Асосий натижаларга эътибор қаратайлик. Биринчидан, буни ҳеч ким инкор эта олмайди, мулоқот бор. Мулоқот бузилмади. Диалог икки томонлама шаклда анчадан бери давом этмоқда.

Учрашув натижасиз якунланди дейиш Москва ёки Вашингтон манфаатига тўғри келмайди. Ҳозир “ичимдагини топ” қабилида, яъни зўр натижаларга эришдик, тез орада билиб оласизлар, ҳатто учрашувга ҳам келишиб олдик дейишмоқда. Лекин Америка Қўшма Штатлари администрацияси протокол хизматига кўра бу ташрифни қисқа вақт ичида ташкил қилиш жуда қийин. Сабаби, одатда бундай учрашув камида олти ой олдин режалаштирилади, баъзан эса бир йил олдин. Фавқулодда учрашувлар формати ҳам бор, аммо ҳатто унга ҳам кўпроқ вақт керак бўлади. БМТ Хавфсизлик Кенгашида фавқулодда учрашувлар асосан вакиллар орқали бўлиб ўтади. Фавқулодда ҳолатда вакилнинг ўзи етарли ҳисобланади. Менимча, катта натижалар бўлмайди, Путин аниқ аргументлар ва кучни тан оладиган одам.

Алоуддин Комилов: Умуман олганда, бу учрашувни ўзига хос дипломатик ҳаракат сифатида баҳолаш мумкин, айниқса бу АҚШ президенти Доналд Трамп услубига мос келади. Маълумки, Стив Уиткофф Доналд Трампнинг яқин дўстларидан бири саналади. Улар бир неча йиллар давомида бирга фаолият юритиб, ҳамкорлик қилган.

Шу боис мен бу учрашувга ортиқча аҳамият бермаган бўлардим. Нега деганда, бу учрашув орқали асосан АҚШ томонидан маълум бир хабарлар етказилган деб ҳисоблайман. Шу билан бирга Москванинг кайфияти ва Россиянинг “қизил чизиқлари”ни ўрганишга доир фикр алмашилган бўлиши мумкин деган тахмин бор.

Учрашув уч соатдан ортиқ давом этгани айтилмоқда, бироқ унинг тафсилотлари ҳануз расман ошкор қилинмаган. Бу ҳам дипломатиянинг ўзига хос шаклларидан бири десак бўлади. Айниқса, кучли авторитар тенденцияларга эга давлатлар, хусусан, Владимир Путин раҳбарлигидаги Россия кўпинча махфийликни афзал кўради. Шу боис бу учрашувнинг батафсил тафсилотлари яқин орада оммага маълум қилинмаслиги мумкин. Хулоса қилиб айтганда, бу учрашув Доналд Трамп ва Владимир Путин ўртасида бўлиши мумкин бўлган келгуси учрашув учун муайян тайёргарлик босқичи сифатида ҳам қаралиши мумкин.

Путинни қўрқита оладиган энг ёмон сценарий нима?

Умрбек Юсупов: Гап шундаки, Путин кучни тан оладиган лидер сифатида танилган. Масалан, замонавий реализм мактабининг асосчиларидан бири бўлган Ҳанс Моргентаунинг машҳур фикрида айтилади: “Power can be limited by adequate power, but nothing else”, яъни куч фақат унга тенг ёки ундан катта куч билан жиловланади, бошқа восита билан эмас. Бу ёндашув бугунги вазиятга тўғри келади: Россияни жиловлаш ёки уни бирор нарсага кўндириш учун чуқур ва жиддий ўзгаришлар, ҳатто тектоник силжишлар талаб этилади. Бундай омилларни шартли равишда икки гуруҳга ажратиш мумкин: ички ва ташқи.

1. Ички омиллар

Ички беқарорлик Россия учун энг хавфли омиллардан бири. Масалан, Кавказдаги норозиликлар, кутилмаганда пайдо бўладиган қуролли қаршиликлар (Пригожин мисолида кўринганидек), фронтдаги кутилмаган мағлубиятлар ёки ички сиёсий мухолифатнинг жонланиши, буларнинг барчаси Путинни хавотирга солувчи омиллардир. Навалнийга ўхшаган кучлар, халқ орасида чарчоқ ва норозилик кайфиятининг ортиши, Ғарб томонидан қўллаб-қувватловчи ташқи демократик институтларнинг таъсири ҳам муҳим рол ўйнайди. Ҳатто оммавий норозилик намойишлари, мигрантлар кайфиятидаги ўзгаришлар ҳам куч билан бостирилаётгани бу ҳукуматнинг ички таҳдидлардан чўчиётганидан далолат. Бу бевосита тан олинмаса ҳам, кўрилаётган чора-тадбирлар ушбу таҳликани инкор этмайди. Бугунги кунда Ғарб илгари бўлгани каби “юмшоқ куч” орқали Россияга бевосита таъсир қила олмайди, бироқ барибир қайсидир шаклда босим ўтказиш имконияти мавжуд. Бу имкониятнинг ўзи ҳам Москва элитасини сергаклантиради.

2. Ташқи омиллар

Ташқи таҳдидлар ҳам жиддий омиллардандир. Хусусан: Украинага ҳарбий ва иқтисодий ёрдамнинг оширилиши, стратегик қуролларнинг етказиб берилиши, Ғарб мамлакатларининг мудофаа харажатларини кескин ошириши – ялпи ички маҳсулотдан НАТОни молиялаштиришнинг 3 фоиздан 5 фоизгача кўтарилиши, НАТО кучларининг Россия чегараларига яқин ҳудудларда жойлашуви. Бу ҳаракатлар Россия учун аниқ сигнал ҳисобланади. Айниқса, Украинани НАТОга қабул қилиш ҳақидаги очиқ баёнотлар бўлмаса-да, шунга яқин позицияларнинг кучайиши Путинни хавотирга солади.

Иқтисодий чоралар

Кўпчилик санкциялар таъсирини энди жиддий деб ҳисобламаяпти, чунки Россия санкциялар шароитига мослашган, импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйган, Хитой ва Ҳиндистон билан иқтисодий алоқаларни кучайтирган. Аммо бу юзаки қараш бўлиши мумкин. Аслида санкциялар Россия иқтисодиётига мисли кўрилмаган талафот етказди ва буни улар ўзлари ҳам тан олмоқда. Улар буни “бизни ўлдирмаган нарса кучайтиради” деган принцип асосида ижобий талқин этишга ҳаракат қилишмоқда. Лекин санкцияларнинг давом этиши ва янгиларининг қабул қилиниши эҳтимоли улкан хавотир уйғотади. Айниқса бу чоралар Трамп администрацияси томонидан қайта кўриб чиқилиши мумкинлиги ҳақидаги эҳтимоллар Россияда фавқулодда йиғилишлар, стратегик қарорлар муҳокамасига сабаб бўлмоқда. Яъни ташқи тазйиқ, хусусан, молиявий ва иқтисодий босим Россияга бевосита таъсир қилади. Ва бу Путинни ўйлантиради, хавотирга солади. Бу ҳақиқатни инкор қилиш мантиқдан йироқ бўлади.

Суҳбатни тўлиқ шаклда YouTube платормасида томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид