Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Москвада портлаш оқибатида икки полициячи ҳалок бўлди
Генерал Фанил Сарваров ўлдирилган жой яқинида икки кун ўтиб йўл-патрул хизмати машинаси портлади.
Иля Лазарев / ТАСС / Profimedia
Москва шаҳрининг Елецкая кўчасида (Орехово-Борисово Южное райони) 24 декабрга ўтар кечаси йўл-патрул хизмати автомобили яқинида портлаш рўй берди. Россия тергов қўмитаси версиясига кўра, икки полициячи хизмат автомобили яқинида «шубҳали шахс»ни пайқаб, уни қўлга олишга қарор қилишган. Улар гумонланувчига яқинлашганида, «портловчи қурилма ҳаракатга келтирилган». Маҳаллий аҳоли вакилларининг сўзларига кўра, портлаш тахминан соат 01:30 да рўй берган.
Оқибатда икки полициячи олинган тан жароҳатлари оқибатида ҳалок бўлган. Уларга яқин турган шахс ҳам вафот этган. Кучишлатар тузилмаларга яқин ҳисобланган Baza ва Mash телеграм-каналларига кўра, учинчи қурбон – полициячилар қўлбола портловчи қурилмани ўрнатишда гумон қилган шахсдир.
Тергов қўмитаси икки модда бўйича жиноий иш қўзғатган – ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимининг ҳаётига тажовуз қилиш (РФ ЖК 317-моддаси) ва портловчи моддаларнинг ноқонуний айланмаси (РФ ЖК 222.1-моддаси, 1-қисми).
Baza маълумотига кўра, ҳалок бўлган ходимлар – 24 ёшли Иля Климанов ва 25 ёшли Максим Горбунов, уларнинг иккиси ҳам полиция лейтенанти эди. «112» манбаси ёзишича, Горбунов уч йилдан буён ички ишлар органларида хизмат қилаётганди, унинг рафиқаси тўққиз ойлик чақалоғи билан бева қолган. Климанов хизматга икки йил олдин кирганди.
Аввалига телеграм-каналларда ҳодиса қандай рўй бергани юзасидан турлича версиялар келтирилди. Baza портловчи қурилма хизмат автомобили остига мустаҳкамланган бўлгани ҳақида ёзди. Mash машина ичига портловчи қурилма солинган сумга ташланганини хабар қилди. Шунингдек, воқеа жойида портламай қолган яна бир қурилма топилгани айтилди.
Якунда «112» телеграм-канали Йўл-патрул хизмати автомобилини портлатган шахс фирибгарлар кўрсатмаси бўйича ҳаракатланганини хабар қилди. Канал версиясига кўра, уни Давлат хизматларидаги аккаунти бузиб кирилиши баҳонаси билан алдашган. Жиноятчилар уни Иваново областидан Москвага келишга ва полиция ходимларининг машинаси остига портловчи қурилма ўрнатишга кўндирган. Ушбу маълумот расман тасдиғини топмаган.
Илья Лазарев / ТАСС / ZUMA Press / Scanpix / LETA
«Агентство» эълон қилинган видео ва фотосуратларни таҳлил қилиб, портлаш жойи 22 декабр куни Россия Федерацияси қуролли кучлари Бош штаби оператив тайёргарлик бошқармаси бошлиғи – генерал-лейтенант Фанил Сарваров ўз машинасида портлатилган автотураргоҳдан 300 метр масофада, деган хулосага келган. Генерал ўтирган машина портлаши Ясенева кўчаси 12-уй яқинидаги автотураргоҳда содир бўлганди. Портловчи қурилма автомобилнинг пастки қисми остига ўрнатилганди. «Коммерсант» хабарига кўра, портлаш учун магнитли минадан фойдаланилган. Сарваров олинган тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида вафот этган. Тергов қўмитаси генералнинг ўлдирилиши бўйича турли версияларни, жумладан, Украина махсус хизматларининг бунга алоқадорлигини текшираётганини маълум қилди.
Мавзуга оид
16:12 / 27.12.2025
“Медуза” асосчиси Тимченко сиртдан 5 йилга колонияга ҳукм қилинди
10:25 / 27.12.2025
Москва: Киев АҚШ режаси бўйича музокараларни тўсяпти
10:52 / 26.12.2025
Макриддаги тоғ портлатилиши бўйича изоҳ берилди: уй ва мактаб деворларидаги ёриқлар қўшимча текширилади
22:28 / 25.12.2025