Ўзбекистон | 17:17 / 05.08.2021
33889
8 дақиқада ўқилади

МИБ ундируви: Ўз вақтида тўланмаган қарздорликлар қандай жарима ва тақиқларга сабаб бўлади?

Мажбурий ижро бюроси деганда свет ва табиий газ пулини ундирувчилар кўз олдимизга келади. Лекин қарийб бир йил бўлдики, МИБ бундай ундирувларни амалга оширмаяпти. Хўш, МИБ қандай ундирувлар билан шуғулланмоқда?

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Kun.uz мухбирининг бу борадаги саволларига МИБ Самарқанд вилоят бошқармаси инспекторлари атрофлича жавоб беришди.

Мажбурий ижро бюроси бугунги кунда бир қатор ҳолатлар бўйича ундирув билан шуғулланади.

Булар асосан фуқаролик ишлари ва иқтисодий низолар бўйича судларнинг ҳал қилув қарорлари, ажримлари ва қарорлари; жиноят ишлари бўйича судларнинг ҳукмлари, ажримлари ва қарорларининг мулкий ундиришга оид қисми, шунингдек, жарима тариқасидаги жазони назарда тутувчи ҳукмлари, ажримлари ва қарорлари; маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича суд қарорларининг мулкий ундиришга оид қисми; алиментлар тўлаш тўғрисидаги нотариал тарзда тасдиқланган келишувларидан иборат.

Шунингдек, нотариусларнинг ижро хатлари, меҳнат низолари комиссияларнинг қарорлари, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатига эга органлар (мансабдор шахслар) чиқарган қарорлар, ҳакамлик судининг қарорлари, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ёки халқаро шартномада назарда тутилган ҳолларда чет эл судлари ва арбитражларининг қарорлари, прокурорларнинг ўзбошимчалик билан турар жойни эгаллаб олган ёки авария ҳолатида деб топилган уйларда яшаётган шахсларни маъмурий тартибда кўчириш тўғрисидаги қарорлари ҳамда қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда бошқа органларнинг ҳужжатлари ҳам бўлиши мумкин.

Ундирув МИБга келиб тушгач фуқаролар қандай огоҳлантирилади?

Иқтисодий, жиноий, маъмурий, фуқаролик судлари ва бошқа органлар томонидан чиқарилган ва қонуний кучга кирган ижро ҳужжатлари МИБга келиб тушгач, мазкур ижро ҳужжатлари «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонунда белгиланган тартибда дарҳол ёки бир иш куни ичида қўзғатилиб, қарор нусхаси ва тегишли огоҳлантириш хатлари тарафларга юборилади.

Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималар ўз вақтида тўланмаган тақдирда ундирув МИБга ўтса, яна қандай қўшимча чоралар кўрилади?

ИИБ ЙҲХБ органлари томонидан келиб тушаётган жарима ундириш тўғрисидаги маъмурий қарорлар Бюронинг ҳудудий шаҳар/туман бўлимларига келиб тушгандан сўнг қонуннинг 23-моддасига асосан ижро иши қўзғатилиб, қарздорларга 15 кунлик ихтиёрий муддат берилади.

Қайд этиш жойизки, ижро иши қўзғатилганида, қарздорнинг телефонига SMS хабарнома боради.

Ушбу муддат якунлангач, мажбурий ижро ҳаракатларига киришилади. Қарздорнинг номига расмийлаштирилган автомототранспорт ва кўчмас мулк объектларига тақиқ солинади, унинг банк ҳисоб рақамларидаги пул маблағларини хатлаш ва бошқа мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилади.

Қарздор 15 кунлик ихтиёрий муддат ичида мавжуд қарздорлигини тўлаб бермаган тақдирда унга нисбатан БҲМнинг 1 баробаридан 5 баробаригача бўлган миқдорда қўшимча жарима ҳам қўлланади.

Алимент пулларини ўз вақтида тўламаганлик учун қандай жавобгарлик чоралари бор?

Алимент тўлашдан бўйин товлаб юрган қарздор оталарга нисбатан қонунда мажбурий ижро этиш чоралари белгилаб берилган. Унга кўра, ундирув қарздорнинг иш ҳақи, нафақаси, стипендияси ҳамда бошқа турдаги даромадларига қаратилади.

Шунингдек, қарздорнинг номида бўлган мол-мулки ва бошқа шахсларда турган мол-мулкларига қаратилади. Агар қарздорнинг ундирувга қаратилиши мумкин бўлган мол-мулклари аниқланмаса ва қарздор алимент пулларини 2 ой давомида тўлашдан бўйин товласа, МЖтКнинг 47-4-моддасининг 1-қисмига асосан, маъмурий жавобгарлик масаласи кўриб чиқиш учун тўпланган ҳужжатлар Жиноят ишлари бўйича судларга тақдим қилинади.

Маъмурий жавобгарлик қўллангандан сўнг ҳам қарздор алимент тўлашдан қасддан бўйин товлаб юрса, тўпланган ҳужжатлар бошқарманинг суриштирув ва маъмурий амалиёт шуъбасига дастлабки суриштирув ҳаракатларини олиб бориш ва Жиноят кодексининг 122-моддаси бўйича жиноят иши қўзғатиш учун юборилади.

Алимент 18 ёшгача бирйўла қандай тўланади?

Қарздор агар фарзандлари 18 ёшга тўлгунига қадар алимент тўловларини бирйўла ихтиёрий тўлаб беришни хоҳласа, у аввало ўзи алимент тўлаб келаётган Бюронинг ҳудудий бўлимига ариза билан мурожаат қилиб, фарзандлари 18 ёшга киргунига қадар бўлган муддатни ҳисоблаб беришни сўрайди.

Давлат ижрочиси шу аризага асосан, белгиланган тартиб асосида ижро тадбирларини ташкил этиб, алимент тўловчининг аризасига ва қонуний ҳақ-ҳуқуқини амалга оширишига имкон яратиб беради.

Қандай ҳолатларда қарздорларга нисбатан МИБ томонидан хорижга чиқиш учун тақиқ қўлланади?

Ижро ҳужжатидаги ёки суд ҳужжатидаги талаблар қарздор томонидан ихтиёрий равишда белгиланган муддатда узрсиз сабабларга кўра ижро этилмаган тақдирда, давлат ижрочиси томонидан ундирувчининг аризаси бўйича (ёки ўз ташаббуси билан) қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан четга чиқишига вақтинча тақиқ қўйиш учун қарор қабул қилинади.

Давлат ижрочиси қарздорнинг хорижга чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисида қарор қабул қилганда, қарор МИБ, ИИВ ва ДХХ чегара қўшинлари ўртасидаги йўлга қўйилган махсус Ягона электрон ҳамкорлик тизими орқали Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси ҳамда Чегара қўшинларига юборилади ва шу вақтнинг ўзида қарздорга нисбатан тақиқ ўрнатилади.

Хорижга чиқиш учун тақиқни ечиш тартиби қандай?

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, ИИВ ва ДХХнинг 2019 йил 23 ноябрдаги қўшма қарори билан тасдиқланган низомга мувофиқ, қарздорнинг хорижга чиқишини вақтинча чеклашга асос бўлган ижро ҳужжати талаблари ижро этилганда, ёхуд қонунда белгиланган асосларга кўра ижро ҳужжати тугатилганда/тамомланганда ёки алиментларни олдиндан тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлаганда, шунингдек, қарздорнинг чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисидаги давлат ижрочисининг қарори бекор қилинганда, давлат ижрочиси томонидан қарор махсус электрон тизим орқали автоматик тарзда Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси ҳамда Чегара қўшинларига юборилади ва шу вақтнинг ўзида қарздорга нисбатан қўйилган вақтинчалик тақиқ олиб ташланади.

Бирор ижро иши бўйича қарздорлик ёки чет элга чиқиш учун тақиқ бор-йўқлигини онлайн тарзда текшириб кўрса бўладими?

Мажбурий ижро бюроси тизимида Бюро ходимлари учун корпоратив бўлган «МИБ портал» тизими ишга туширилган бўлиб, Бюро органларига суд ва бошқа органлар томонидан юборилган ижро ҳужжатлари ушбу тизимда мужассамлашган.

Тизим 60дан ортиқ ташкилотларнинг ахборот тизимлари билан интеграциялаштирилган. Бюро ходимлари иш жараёнида ушбу тизимдан тўлиқ фойдаланиб, иш фаолиятини олиб боришади.

Содда қилиб айтганда, Бюро органлари иш юритувида мавжуд ижро ҳужжатларининг умумий базаси ҳисобланади.

Жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакиллари учун ҳам Бюро органларига бормасдан, Бюро органларида мавжуд суд ёки бошқа органлар ҳужжатлари бўйича қарздорликлари бор-йўқлигини аниқлашлари, аниқланган қарздорликларни электрон тўлов тизимлари орқали ҳеч қаерга бормасдан сўндиришлари учун Мажбурий ижро бюроси томонидан мобил телефонларда ишлашга мўлжалланган алоҳида MIB.UZ номли мобил илова ишлаб чиқилган.

Жисмоний шахслар ушбу мобил иловани Play Market иловаси орқали телефонларига кўчириб олиб ўрнатиб, рўйхатдан ўтишлари зарур бўлади.

Иловада рўйхатдан ўтгандан сўнг қарздорликни текшириш, Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ҳуқуқларини текшириш, Алимент калькулятори, Ижро иши мониторинги хизматларидан фойдаланишлари мумкин.

Бундан ташқари, www.mib.uz сайти орқали Ўзбекистон Республикасидан четга чиқишга тақиқ бор-йўқлигини кириб текшириш имконияти яратилган. Юридик шахслар СТИР рақамини киритиб, жисмоний шахслар эса ўз паспорт серияси ва рақамини киритиб, Бюро органлари иш юритувида уларга тегишли ҳужжатлар, қарздорликлари бор ёки йўқлигини текшириш имкониятига эга.

Шуҳрат Шокиржонов тайёрлади.
Оператор ва монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев

Тайёрлаган:  Шуҳрат Шокиржонов

Мавзуга оид