Ўзбекистон | 18:23 / 21.10.2025
8665
6 дақиқада ўқилади

Ошкора “рейдерлик”: Бош прокуратура департаменти тадбиркорларнинг миллиардлаб пулларини ғайриқонуний тарзда ушлаб турибди

Бўрттирилган айблов ортидан жуда кўп миқдордаги маблағлари тергов даврида тортиб олинган тадбиркорлар судда қисман адолатга эришган. Аммо Бош прокуратура хузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг марказий маҳкамаси олиб қўйилган пулларини қайтариш бўйича суд ҳужжатларини бажармаяпти. Уни ундириши керак бўлган МИБ эса департаментнинг “туғишган укаси”.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Бош прокуратура департаменти томонидан суд ҳужжатларини очиқчасига ижро қилмаслик ҳолатлари кўпаймоқда. Бу айниқса, жиноят иши тергови пайтида департаментнинг депозит ҳисобрақамига мажбурий тарзда олинган маблағларни эгаларига қайтариш билан боғлиқ суд ҳужжатлари ижросида кўпроқ кўзга ташланяпти. Тадбиркорлар ўз пулини департаментдан қайтариб ололмасдан, ойлаб сарсон бўлмоқда.

1-ҳолат

Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида “The Elite Case”, “The Fall” ва “Max Standart” МЧЖлар таъсисчиси Ғайрат Каримжоновга нисбатан қўзғатилган жиноят иши кўриб чиқилган. У солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш ҳамда савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузишда айбланган.

Суднинг 2025 йил 25 мартдаги ҳукми билан Ғайрат Каримжонов айбдор деб топилган ҳамда 75 млн сўм миқдорида жарима жазосига тортилган. Шунингдек, Бош прокуратура департаменти депозит ҳисобрақамига топширилган 2 млрд 667 млн 888 минг сўм пул маблағи етказилган моддий зарарни қоплаш учун Учтепа туман давлат солиқ инспекцияси орқали давлат фойдасига ундирилиши белгиланган.

Бироқ суд ҳукми билан тергов органи депозит ҳисобрақамига топширилган 15 793 АҚШ доллари ва 21 млн 406 минг 101 рубл (21 октябр ҳолатига Марказий банк белгилаган курс бўйича 3 млрд 377 млн 192 минг сўм) пул маблағларининг тақдири ҳал қилинмаган. ЖИБ Учтепа туман судининг 2025 йил 24 апрелдаги ажрими билан ушбу маблағларни депозит қўювчига, яъни Ғайрат Каримжоновга қайтариш белгиланган.

Аммо Бош прокуратура департаменти 5 ойдирки суд ҳужжати ижросини таъминламасдан, ушбу пул маблағларини тадбиркор Ғайрат Каримжоновга қайтармай келмоқда. Бу орада департамент ЖИБ Учтепа туман судига 2025 йил 12 июнда юқоридаги жиноят иши бўйича давлатга етказилган зарарни ундиришдан ортиб қолган пул маблағларини “The Elite Case”, “The Fall” ва “Max Standart” МЧЖларнинг бюджет ва давлат мақсадли жамғармаларига тўловлар бўйича талабларни қаноатлантиришга йўналтиришни сўраб, мурожаат йўллаган. ЖИБ Учтепа туман суди 2025 йил 20 июн куни ушбу мурожаатга расмий жавоб қайтариб, судда жиноят ишини муҳокама қилиш фақат айбланувчиларга нисбатан ва эълон қилинган айблов бўйича олиб борилишини, суд ҳукмида айблов доирасига киритилган зарарни ундиришгина белгиланганини маълум қилган. Яъни суд Бош прокуратура департаменти сўровини рад этган.

Шу тариқа Бош прокуратура департаменти ҳеч бир ҳуқуқий асоссиз Ғайрат Каримжоновнинг 3,3 млрд сўмдан ошиқ маблағларини қайтармасдан келмоқда. Суд ҳужжати эса ойлаб ижро этилмаяпти.

2-ҳолат

ЖИБ Чилонзор туман судида “Beautifully Future” ва “New Address Stroy” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши кўриб чиқилган. Улар ҳам солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш ҳамда савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузишда айбланган.

Суднинг 2025 йил 14 августдаги ҳукми билан “Beautifully Future” МЧЖ раҳбари ва “New Address Stroy” МЧЖ норасмий раҳбари Шерали Жўраевга БҲМнинг 210 баравари, “New Address Stroy” МЧЖ раҳбари Зафар Муродуллаевга БҲМнинг 110 баравари миқдорида жарима жазоси қўлланган.

Суд ҳукмида иш бўйича етказилган моддий зарарни қоплаш мақсадида “New Address Stroy” МЧЖ томонидан Бош прокуратура департаменти депозит ҳисобрақамига ўтказилган 1 млрд 760 млн 212 минг сўм пул маблағидан давлат даромадига Янгийўл тумани давлат солиқ инспекцияси орқали 416 млн 808 минг сўм, Қибрай тумани давлат солиқ инспекцияси орқали 141 млн 246 минг сўм ундириш, қолган 1 млрд 202 млн сўм пул маблағини эса “New Address Stroy” МЧЖга қайтариш белгиланган.

ЖИБ Чилонзор туман судининг 2025 йил 27 августдаги ажрими билан суд ҳукмига аниқлик киритилган. Яъни 1 млрд 202 млн сўм пул маблағи “New Address Stroy” МЧЖга эмас, депозитга қўйган фуқаро Баҳодир Жалоловга қайтарилиши лозимлиги белгиланган.

МИБ Чилонзор туман бўлими Бош прокуратура департаменти депозит ҳисобрақамидаги 1,2 млрд сўм пулни Баҳодир Жалоловга қайтариш бўйича ижро ҳужжати юритган. Бўлим томонидан 2025 йил 3 сентябр куни департаментга пулни қайтариш юзасидан расмий хат жўнатган.

Аммо департамент ушбу ҳолатда ҳам пулни эгасига қайтармасдан, 1,2 млрд сўм пулни ҳуқуқий асоси бўлмаган ҳолда ғайриқонуний тарзда ушлаб турибди. МИБ эса “туғишган акаси” бўлган департаментдан пулни ундириб беролмаяпти.

Бу – қонунни бузиш

Суд ҳужжатлари ижроси мажбурий ҳисобланади. “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 10-моддасига кўра, қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари барча давлат органлари, мансабдор шахслар ҳамда фуқаролар учун мажбурийдир, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижро этилиши шарт. Суд ҳужжатини ижро этмаслик қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади. Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти эса очиқчасига қонунбузилиши ҳолатига йўл қўймоқда.

Kun.uz ҳар икки ҳолат бўйича департаментга сўров юборди. Бироқ узоқ кутишларга қарамай департамент масъуллари изоҳ бермади.

Мавзуга оид