Ўзбекистон | 16:58 / 30.10.2025
2605
2 дақиқада ўқилади

Президент ЮНЕСКО бош директори Одри Азулени “Дўстлик” ордени билан тақдирлади

Фан, таълим ва маданият соҳаларида Ўзбекистон–ЮНЕСКО алоқаларини ривожлантиришдаги катта хизматлари ва ўзбек халқининг бой маданий меросини кенг оммалаштиришга қўшган шахсий ҳиссаси учун Одри Азуле хоним “Дўстлик” ордени билан тақдирланди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрида БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО) Бош директори Одри Азулени қабул қилди.

Суҳбат аввалида Одри Азуле Ўзбекистон раҳбарини тарихий воқеа – ташкилот Бош конференциясининг 43-сессияси сўнгги 40 йилда илк бор ЮНЕСКОнинг Париж шаҳридаги бош қароргоҳидан ташқарида ўтказилаётгани билан табриклади.

Ўзбекистон конференцияни юқори савияда ташкил этаётгани ва уни амалий аҳамиятга эга тадбирлар билан бойитгани эътироф этилди.

Саммит доирасида ЮНЕСКОнинг Мактабгача таълим бўйича минтақавий маркази ишга туширилади, Беруний мукофоти ғолибларини тақдирлаш маросими, Самарқанд шаҳрининг 3000 йиллиги муносабати билан махсус тадбир, шунингдек, музейлар, сунъий интеллект, гендер мавзулари бўйича форумлар ва бошқа кўплаб тадбирлар ўтказилади.

Кейинги йилларда Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкамлангани, биргаликда болалар таълими бўйича бутунжаҳон конференцияси ўтказилгани, Парижда Берунийнинг 1050 йиллиги нишонлангани ва буюк аллома шарафига халқаро мукофот таъсис этилгани таъкидланди.

Ўзбекистоннинг ташаббуси билан ЮНЕСКОнинг учта муҳим резолюцияси қабул қилинди. Ташкилотнинг махсус рўйхатларига Ўзбекистоннинг бир қатор янги объектлари ва маданий қадриятлари киритилди.

ЮНЕСКО билан шерикликни янада кенгайтириш, устувор йўналишларда янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга Ўзбекистон томони тайёр экани билдирилди.

Учрашув якунида Ўзбекистон президенти фан, таълим ва маданият соҳаларидаги алоқаларни ривожлантиришдаги катта хизматлари ҳамда Ўзбекистон халқининг бой маданий меросини кенг оммалаштиришга қўшган шахсий ҳиссаси учун Одри Азуле хонимга “Дўстлик” орденини топширди.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид