Ўзбекистон | 21:02 / 12.12.2025
11474
4 дақиқада ўқилади

«Метан заправка»ларда чекловлар ва Фарғона водийсига кўчма контейнерда газ – маҳаллий дайжест

Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Метан заправкалар фаолиятига вақтинча чекловлар киритила бошлади

Вилоятларда метан заправкалар фаолиятига вақтинча чекловлар киритила бошлади. Биринчи бўлиб бу ҳақда Андижон, Навоий ва Хоразм вилоятларида эълон қилинди.

«Ҳудудгаз» филиаллари хабарига кўра, автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ) фаолияти Андижонда тонгги соат 5.00 дан кечки соат 17.00 га қадар, Навоийда тонгги соат 6.00 дан кечки соат 19.00 га қадар, Хоразмда тонгги соат 5.00 дан кечки соат 17.00 га қадар қилиб белгиланган.

Бу чоралар вақтинча экани ва газ босимини меъёрга келтириш бўйича амалий ишлар олиб борилаётгани маълум қилинди.

Фарғона водийсига кўчма контейнерлар орқали газ етказиб берилади – энергетика вазири

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовга кўра, 2025-2026 йилги қиш мавсумида водий вилоятларидаги газ қуйиш станцияларида юзага келиши мумкин бўлган тақчилликни бартараф этиш мақсадида 2 хил ечим ишлаб чиқилган. Биринчиси, қўшни давлатдаги мавжуд транзит трубалардан фойдаланган ҳолда яқинроқ масофадан таъминотни амалга ошириш. Иккинчиси, 150 та кўчма контейнер орқали газ етказиб бериш.

Аввалроқ, «метан заправка»лар фаолиятига вақтинча чеклов киритилаётгани хабар қилинганди. Энергетика вазирлиги буни қўшни давлатдаги газ тармоғида кузатилган техник носозлик туфайли импорт қилинаётган табиий газ қисқаргани билан изоҳлаган.

Газ йўқ ҳудудлардаги истеъмолчилар учун электрга 50 фоиз чегирма берилиши мумкин

Газлаштирилмаган ҳудудлардаги ҳовлилар учун имтиёзли тарифларни жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Таклифлар лойиҳасига кўра, овқат тайёрлаш учун электр плиталари билан жиҳозланган, иситиш тизими тўлиқ электрлаштирилган, марказлашган иситиш тизими ва табиий газ тармоқларига уланмаган кўп қаватли уйлар, ётоқхоналар ҳамда газлаштирилмаган ҳудудларда яшовчи маиший истеъмолчиларга (субсидияланадиган нархлардаги суюлтирилган газ, кўмир ёки табиий газдан фойдаланмаган тақдирда) ойлик истеъмол ҳажмига қараб, иситиш мавсумида 2000 кВт·соатгача, иситиш мавсумидан ташқари 1000 кВт·соатгача электр энергияси истеъмоли учун амалдаги тарифларга нисбатан 50 фоизгача чегирма қўллаш назарда тутилмоқда. Чегирма қачондан жорий қилиниши маълум эмас.

Сурхондарёда машинасида 51 кг гашиш олиб кетаётган шахс ушланди

Сурхондарё вилояти ва Тошкент шаҳрида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши тезкор тадбирлар ўтказилди. ДХХ Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Термиз шаҳрида туғилган 40 ёшли шахс ўз машинасида 50 кг 978 гр гашиш моддасини олиб кетаётган вақтида ушланган.

Тадбир давомида ушбу шахснинг шерободлик 39 ёшли жиноий шериги ҳам ушланган. Аниқланишича, улар афғонистонлик наркокурерлар томонидан айланма йўллар орқали Ўзбекистонга ўтказилган ушбу гиёҳвандлик воситаларини келгусида сотишни мақсад қилган. Қайд этилишича, қонунбузарларнинг бири муқаддам шу турдаги, иккинчиси эса фирибгарлик жинояти учун судланган.

Чиқиндидан қарздор қарийб 205 минг абонентнинг электр тўловига чеклов ўрнатилди

Чиқинди хизматидан қарздорлиги бўлган 205 мингга яқин абонентнинг электр тўловига вақтинча чеклов ўрнатилди. Республика бўйича чиқинди хизматларидан юзага келган умумий 20,1 млрд сўм дебитор қарздорлик учун жами 231 014 та абонент SMS хабарномаси орқали огоҳлантирилган. Шундан сўнг абонентларга мавжуд қарздорлигини бартараф этиш учун 5 кун муддат берилган ва ушбу даврда 9,4 млрд сўмлик тўлов амалга оширилган.

6 декабр ҳолатида республика бўйича қарздорлиги қопланмаган 204 895 абонентнинг электр энергияси учун тўлов қилиш имкониятига вақтинча чеклов жорий этилган. Мазкур чеклов қарздорлик бартараф этилиши биланоқ дарҳол ечилади. Айни пайтда чиқинди хизматларидан республика кесимида жами 18,2 млрд сўм дебитор қарздорлик мавжуд.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид