Жамият | 23:07 / 28.09.2022
1897
1 дақиқада ўқилади

Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган давлат тадбири Самарқанд сайёҳлик марказида ўтказилади

1 октябр – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан ўтказиладиган давлат тадбирининг асосий қисми 29 сентябр куни Самарқанд шаҳридаги «Ипак йўли» халқаро сайёҳлик марказида бўлиб ўтади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати Kun.uz'га маълум қилди.

Тадбирда Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Президент таълим муассасалари агентлиги тасарруфидаги таълим масканларида фаолият юритаётган 700 нафар устоз ва мураббийлар иштирок этади.

Ўқитувчилар учун икки кун давомида «Боқий шаҳар» мажмуасига ҳамда Самарқанд шаҳрининг бошқа диққатга сазовор жойларига саёҳат ташкил этилади. Ўқитувчилар республиканинг барча ҳудудларидан самолёт, поезд ва автобусда Самарқандга бориб-келиши таъминланади.

Маълумот учун, «Ипак йўли» халқаро сайёҳлик маркази 15-16 сентябр кунлари ШҲТ Самарқанд саммитига мезбонлик қилган, бу марказ қабул қилган илк йирик тадбир бўлганди. Айни дамда Самарқандда Ўзбекистон устоз ва мураббийлари шарафига ўтказиладиган тантанали тадбирга тайёргарлик жараёни кечмоқда.

Тайёрлаган:  Ўткир Жалолхонов

Мавзуга оид