Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Sea Breeze Uzbekistan лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилади — экология вазири
Эмин Агаларов ўзидан ўзи келиб, Чорвоқда курорт қураман деяётгани йўқ, у Ўзбекистонга таклиф этиляпти, деди экология вазири Азиз Абдуҳакимов матбуот анжуманида. У инвестор томонидан лойиҳа ҳали расман тақдим этилмагани, тақдим этилгач, жамоатчилик муҳокамасига қўйилишини айтди. Матбуот анжуманидан Kun.uz видеорепортажи.
23 июл куни Тошкентда Бўстонлиқ туманидаги Чорвоқ сув омбори бўйида озарбойжонлик тадбиркор Эмин Агаларовнинг лойиҳаси асосида курорт шаҳар қурилишига оид матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманнинг кириш қисмида экология вазири Азиз Абдуҳакимов инвестор томонидан ҳали лойиҳа кўриб чиқиш учун расман киритилмагани, тегишли ҳужжатлар тақдим этилгач, вазирлик лойиҳани жамоатчилик муҳокамасига қўйишини айтди.
Азиз Абдуҳакимов, экология вазири:
— Очиғини айтганда, ҳозир бизга [лойиҳа тафсилотлари ҳақида] оғзаки равишда, норасмий айтиляпти. Шунинг учун биз илтимос қилдик: ҳужжат олиб келсин. Ҳужжат бўлганидан кейин, биз ҳам, Қурилиш вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, тегишли инспекциялар, экологик экспертиза маркази, ҳамма тегишли вазирлик-идоралар ўзининг эътирозлари ёки таклифларини билдира олади.
Ҳозир ҳали ҳужжати йўқ, биз эса (экофаоллар назарда тутилмоқда – таҳр.) “йўқ, бўлмасин” деб турибмиз. Олдин ҳужжати келсин... Бир нарсага йўқ дейишдан олдин шу нарса пайдо бўлиши керак. Ҳали бизда таклиф ҳам, ҳужжат ҳам йўқ, биз эса йўқ деяпмиз.
Лойиҳа бизга келганидан кейин, уни албатта жамоат муҳокамасига қўямиз. Ҳамма кўрсин шуни. Уни бекитиб, кечаси қўл қўйиб чиқариб юборадиган одам йўқ республикада.
У киши (Эмин Агаларов назарда тутилмоқда – таҳр.) ҳам республикага таклиф этилган девелопер. У ўзидан ўзи келиб: “Мана, мен шу Чорвоқда қураман” деяётгани йўқ. Аксинча, тажрибали бўлгани учун, экологик стандартларга жавоб берадиган қурилишларни қилгани учун ҳам Ўзбекистонга таклиф этиляпти. Бўлмаса, ўзида жуда унақа катта хоҳиши йўқ, унинг [Чорвоқдан бошқа] мингта таклифи бор: уни ҳозир Қирғизистон, ҳам чақиришяпти, Қозоғистонда ҳам унга таклифлар бор, мана Туркияда жуда катта лойиҳаларни амалга оширяпти, Черногорияга ҳам бориб қиламан деяпти...
Мен айтмоқчи бўлганим, биз йўқ дейишдан олдин... Аввал таклифини берсин, кўрайлик ўзи нима таклиф қилаётганини. Ҳали кўрмасдан, йўқ дейишимиз, менимча, ақлга тўғри келмайдиган нарса. Шунинг учун, келинглар, олдин кўрайлик.
Биз Экология вазирлиги сифатида Чорвоқ атрофидаги ҳудуднинг бош режасини ишлаб чиқиш талабини қўяяпмиз. Яъни келажакда бу атроф қанақа бўлишини бизга аниқ айтиб бериши керак. Биз жамоатчилик билан биргаликда қурилиш майдончаларини аниқ-аниқ белгилаб олиб, қолган жойларда “қурилиш бўлмайди” деб мораторий эълон қилишни таклиф этяпмиз.
Бўлмаса, ҳозир шунга кетяпмизки, бутун Чорвоқ бўйини қурилиш қилиб ташлашади: мана, ҳозир Сижжак томонда ҳам, бу томонда ҳам, қанчадан қанча қурилиш бўлиб ётибди. Бу кетишда биз уларни охиригача назорат қила олмаймиз. Шунинг учун бизнинг таклифимиз: керакли жойларни белгилаб олиб, фақат ўша ердагина замонавий дам олиш масканларини яратиб қўяйлик-да, шундан кейин қолган ҳудудга тегиб бўлмасин, яъни ҳеч қанақа қурилиш бўлмасин. Керак бўлса, шуни қонун билан белгилашни маъқул деб кўрамиз.
Ҳозир кўпларга мораторий сўзи ёқмайди. Бир хиллар “дарахтларни кесишга мораторийни бекор қилинглар” дейди. Кимдир “шағалга мораторийни бекор қилинглар” деб ётибди. Лекин мен ўйлашимча, бу мораторийлар – яхши нарса.
— Чорвоқда қурилиш аллақачон бошланиб кетгани ҳақида гап-сўзлар юрибди. Бундан ташқари, Тошкентда “Sea Breeze Uzbekistan” номи билан сотув бўлими ҳам ишга тушгани айтилган расмлар тарқалди.
Азиз Абдуҳакимов: “Sea Breeze Uzbekistan” очилгани ҳақида мен ҳам, тўғрисини айтсам, ОАВда расмини кўрдим. Кейинроқ, бугун келаётганимда кўрдим, Марказ-1 даҳасида очилган экан. Мен ҳам сизларга ўхшаб нима экан деб қизиқдим. Менга тушунтиришдики, бу офис – уёқдаги (Боку яқинидаги Sea Breeze назарда тутилмоқда – таҳр.) квартираларни сотиш учун. Яъни улар ўзбекистонликларга ҳам у ердан [кўчмас мулк] сотиб олишни таклиф этяпти.
— Озарбойжондаги лойиҳа – “Sea Breeze”, Чорвоқдагиси эса “Sea Breeze Uzbekistan”. Шунинг учун Озарбойжондаги лойиҳанинг сотув офиси дейиш қийин.
Азиз Абдуҳакимов: Энг яхши вариант – кириб сўранглар. Мен “Sea Breeze Uzbekistan” вакили эмасман-ку, тўғрими? Мен ўзим қизиққанимда, саволимга шунақа жавоб олдим: бу сотув офиси уларнинг Каспий бўйида мавжуд объектларидаги кўчмас мулкларни сотиш учун очилган. Менга шунақа деб айтишди.
Ўзбекистондаги лойиҳа бўйича эса бир нарсани сотишга ҳали ҳаққи йўқ, чунки унга ер ҳам тегишли эмас, лойиҳа ҳам йўқ... Офисни қанақа номлаш эса – уларнинг иши. Балки яхши ният қилиб очгандир, қачондир қиламиз деб.
— Чорвоқ бўйидан тарқалган видеолар-чи? Секин-секин бинолар қуришяпти, деган миш-мишлар тарқалди.
Азиз Абдуҳакимов: Ҳозир Чорвоққа борсангиз, сув бўйида машиналар терилиб, одамлар дам оляпти. Ҳаммаёқда машиналар, соҳилда қум йўқ, тошлардан иборат, ҳаммаёқда чиқинди бўлиб ётибди. Йўлаклар бузилиб кетган... Биз айтдик: бизга битта чиройли, замонавий пляж қилиб беринглар, ўзи нималигин ҳақиқатан ҳам кўрайлик, дедик. 200-300 метрлик жойда андоза сифатида қилиб берадиган бўлишди.
Бу – қурилиш эмас, ободонлаштириш. Фақатгина текислаб, тартибга келтириб, соябонлар ўрнатишга тайёргарлик қиляпти. Фақатгина пляж. Ҳеч қанақа капитал қурилишлар олиб борилмаяпти. Чунки буни бошлаш учун биздан, Қурилиш вазирлигидан экспертизадан ўтиши керак.
— 577 гектарлик лойиҳа учун ажратилган ҳудуд ҳозирда кимнинг балансида?
Жўрабек Аҳмедов, Бўстонлиқ тумани ҳокими: 577 гектар майдоннинг асосий қисми – туман захира ҳудудлари ҳисобланади. Ерларнинг бир қисми фермер хўжаликларига ҳам тегишли – уларни инвестор фермерлардан белгиланган тартибда баҳолаб, сотиб олади. Яна бир қисми – ўрмон хўжалигига тегишли очиқ ер майдонлари, ҳеч нарса экилмаган, тошлоқ майдонлар. Лекин асосийси – ҳокимият захирасидаги ер майдонлари ҳисобланади.
Дастлабки босқич учун 100 гектар майдон танлаб олиняпти. Лекин бу лойиҳани ҳали кўрсатгани йўқ, тақдим этганидан кейин кўриб чиқилади. Бу 100 гектарнинг 50 гектардан зиёди ҳокимият балансида, қолгани ўрмон хўжалиги ерлари. Фермер хўжаликларининг ерлари кейинги босқичларда назарда тутилган, бу инвесторнинг қанақа лойиҳани тақдим қилишига қараб.
— Бу аҳоли пунктларида қанча аҳоли яшайди ва бу пунктлар бўйича режалар қанақа?
Жўрабек Аҳмедов: Дастлабки тақдимотда Боладала ва Боғистон маҳаллалари кўрсатилган. Бу маҳаллаларнинг бирида 1369 та, иккинчисида 629 та аҳоли яшайди. Жами 2 мингга яқин. Ҳозирча тақдим этилган бирламчи лойиҳа бўйича, у ерларга ҳеч нарса тушмаяпти, иш ўринлари яратиляпти. Лойиҳа бўйича ишлар қолган бўш ерларда бўлиши назарда тутиляпти.
Даврон Одилов, қурилиш вазири ўринбосари: Бу аҳоли пунктларининг келгусидаги ривожланиши мастер-режага боғлиқ бўлади. Келажакда бу аҳоли пунктларидан қурилиш бўйича мурожаатлар келиб тушганда, улар қанақа бўлиши керак, дизайн-коди, меъморий қиёфаси, баландлиги, зичлиги қанақа бўлиши кераклиги мастер-режада белгилаб берилади.
Бу аҳоли пунктларида “Sea Breeze Uzbekistan” лойиҳаси доирасида қурилиш ишлари режалаштирилмаган. Улар фақат мастер-режага киритилади, бундан мақсад – эртага улар лойиҳага меъморий жиҳатдан ҳам, ҳар томонлама мос ҳолда ривожланиши керак. Бу аҳоли пунктларидаги ер майдонлари аҳоли ихтиёрида қолади.
Матбуот анжуманининг кенгроқ тафсилотлари ва бошқа савол-жавоблар билан Kun.uz видеорепортажи орқали танишишингиз мумкин.
Дилшода Шомирзаева тайёрлади.
Мавзуга оид
17:39 / 27.11.2025
Тошкентда чангга қарши кураш доирасида ўнлаб фаввора ва суғориш тармоғи ишга туширилди
09:56 / 27.11.2025
Дарахт экиш учун ичимлик сувидан фойдаланишга қўйилган чеклов баҳор ва ёзда бекор бўлади
10:00 / 23.11.2025
Чангга қарши сафарбарлик ва ИИББда ин қурган талончилар — ҳафта дайжести
12:47 / 19.11.2025