Жаҳон | 23:28 / 29.08.2025
5796
2 дақиқада ўқилади

USAID расман ёпилади – Марко Рубио

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги тугатиладиган бўлди.

Фото: Reuters

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио USAID (АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги) расман ёпилишини эълон қилди. Тугатиш жараёнига президент маъмурияти ҳузуридаги Маъмурий-бюджет бошқармаси директори Рассел Воут бошчилик қилмоқда.

«Январь ойидан бери биз солиқ тўловчиларнинг ўнлаб миллиард долларини тежадик. Энди USAID расман ёпилиш арафасида. Рассел аллақачон назоратдан чиқиб кетган агентликни ёпиш жараёнига бошчилик қилмоқда. Табриклайман, Расс», деди Рубио.

USAID 60 йилдан ортиқ фаолият юритиб, иқтисодиёт, соғлиқни сақлаш, таълим ва гуманитар соҳалардаги лойиҳаларни молиялаштириш орқали бутун дунё мамлакатларига ёрдам бериб келаётган эди.

2025 йил март ойида АҚШ Давлат котиби Марко Рубио USAID дастурининг 83 фоизи ёпилишини эълон қилди. Агентликнинг Вашингтондаги бош қароргоҳи ёпилди. АҚШ янги маъмурияти бу қарорни маблағларнинг самарасиз сарфланиши ва ташқи сиёсат устуворликларини қайта кўриб чиқиш зарурати билан изоҳлади.

Шу йил июль ойида президент Трамп АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) дастурлари ва оммавий эшиттиришлар доирасида хорижий ёрдам учун ажратилган 9 миллиард долларни бюджетга қайтариш тўғрисидаги қонунни имзолади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид