Ўзбекистон | 20:41 / 17.01.2020
9965
3 дақиқада ўқилади

«Ваколатли органлар ўз хизматини бизга беришни истамайди» – ДХА бошқарма бошлиғи

Давлат хизматлари марказларида баъзи хизмат турларини амалга ошириш муддатларининг чўзилиб кетиши, ваколатли орган ва марказ ўртасида фуқаронинг сарсон бўлиш ҳоллари – идоралараро интеграциянинг яхши йўлга қўйилмагани билан боғлиқ.

Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлиги бошқарма бошлиғи Маҳмуд Абдужалиев айтиб ўтди.

«Тизимда бундай камчиликларнинг юзага келишида икки сабаб мавжуд. Биринчидан, ваколатли органлар ўз хизматини бизга беришни истамайди, улар бундан манфаатдор эмас. Чунки бунда биз уларнинг иш жараёнини кузатамиз, мониторинг қиламиз, талаб этилганда жавобгарликка тортамиз.

Иккинчидан, ҳар бир давлат идораси ўзида мавжуд маълумотлар базасини рақамлаштириши лозим. Агар керакли база рақамли шаклга ўтказилмаган бўлса, давлат хизматларини сифатли кўрсатишнинг имкони йўқ, интеграция ҳам талаб даражасида бўлмайди. Бу жараён секинлик билан кечмоқда», – деган Абдужалиевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

ДХА бошқарма бошлиқлари - Илҳомжон Абдусатторов (чапда) ва Маҳмуд Абдужалиев (ўнгда)

ДХА фаолияти таҳлилига бағишланган матбуот анжуманида қайд этилишича, электр, газ, сув ҳисоблагичлари билан боғлиқ амалиётларни Давлат хизматлари марказлари орқали амалга ошириш ҳукумат қарори билан белгиланган. Аммо бу бўйича тизим тўлиқ йўлга қўйилмаган, бу эса ўз навбатида, маълумотлар интеграцияси бўйича талабларнинг ваколатли органлар томонидан бажарилмаётгани билан боғлиқ.

Агентликнинг Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан давлат хизматлари кўрсатилиши устидан назорат қилиш бошқармаси бошлиғи Илҳомжон Абдусатторов коммунал ҳисоблагичларнинг ўрнатилиши масаласига тўхталди.

«Хизматларни ҳудудлардаги ДХМ орқали сифатли кўрсатиш учун ваколатли орган интеграцияни йўлга қўйиши керак. Аммо бу бўйича биз томондан қўйилган талаблар ўз вақтида бажарилмади. Шунинг юзасидан «Ҳудудий газ таъминот», Энергетика вазирлиги, Уй-жой коммунал вазирлиги вакилларига нисбатан маъмурий чоралар қўлланилди. Ҳозирга келиб сув ҳисоблагичларини ўрнатиш амалиёти, кадастр масалалари бўйича хизматлар яхшироқ йўлга қўйила бошланди. Агар қандайдир муаммолар бўлаётган бўлса, бу аввалги мурожаатларнинг жамланиб қолгани билан изоҳланади», ― деди Абдусатторов.

Унинг айтишича, давлат хизматларини кўрсатишда фуқаролар дуч келаётган баъзи ноқулайликлар учун масъулиятни фақатгина ДХА эмас, бошқа ваколатли органлар ҳам ўз зиммасига олиши керак.

«Хизмат кўрсатишдаги баъзи муаммолар бўйича фуқаролар ёзяпти. Ўз ўрнида, ДХА ҳам фикр билдиряпти. Аммо шу хизматнинг кўрсатилишда дахлдор бўлган бошқа идоралар муносабат билдирмаяпти. Ҳолатни аниқ тушунтириб бера олмайди. Улар ҳам жон куйдириши лозим», – дейди Илҳомжон Абдусатторов.

Мавзуга оид