Жамият | 17:41 / 06.10.2020
26017
7 дақиқада ўқилади

«Ўқувчилар қабулидаги адолатли тизим – асосий ютуғимиз» — Қоракўлдаги математика мактаби директори билан суҳбат

Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги Халқаро математика мактаби республика учун намуна сифатида эътироф этилмоқда. Ўтган ҳафта Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида президент Халқ таълими вазирлигига ушбу мактаб тажрибасини ўрганиш бўйича топшириқ берди.

Kun.uz мухбири машҳур мактабнинг ташкил топиши, ўқитиш тизими, ўқувчи ва ўқитувчиларни қабул қилиш жараёни билан қизиқиб, мактаб асосчиси ва директори Темир Рўзиев билан суҳбатда бўлди.

Ўқувчи ва ўқитувчиларни саралаб олиш ҳақида

– Мактаб ўқувчилари ютуғининг сабаби, аввало, бу ерга Aллоҳнинг назари тушганлигида, деб биламан. Қоракўл таълимини кучайтирган асосий нарса – ўқувчиларни мактабга қабул қилиш шаффофлик ва адолат билан бажарилишида бўлган.

Мактаб учун муаллимларни танлаб олишда ҳам уларнинг билими мен учун ягона талаб эмас. Ўқитувчиларнинг фидойилиги, чин маънода ватанпарварлиги, шунингдек, тарбиясига қараб саралаганман. Яна бир жиҳати шуки, ўқитувчиларнинг ҳаётида учрайдиган иқтисодий ёки бошқа муаммосини билиб, ёнида туришга ҳаракат қиламан.

Шу билан бирга, мактабда соғлом жамоа шаклланган. Aгар раҳбар қайсидир ўқитувчидан манфаат кўриб уни ишга олса, ёки ўқитувчи олдида муттаҳам бўлиб қолса, бу жамоанинг ютуғи узоққа бормайди.

«Одамлар илмдан бошқа йўл боласини мактабга киритолмаслигини тушунди»

– Мактабни ташкил этганимга 10 йил бўляпти. Дастлабки йилларда боласини мактабга олишим учун менга таклиф ҳам, босим ҳам бўлган. Фарзандини қабул қилмаганим учун мен билан орасини очиқ қилиб, гаплашмай кетганлар ҳам бўлган. Қариндошларим орасида ҳам мендан ранжиганлар кўп.

Aммо охирги 5 йилдан буён боласини қабул қилишим учун ҳеч ким олдимга келмай қўйган. Чунки одамлар илмдан бошқа нарса билан боласини мактабга киритолмаслигини тушунди.

Шунинг учун раҳбар мактабни ташкил қилишдаги дастлабки 3 йилда ўз қатъиятини кўрсатиб, адолат қилса, охиригача адолатни сақлаб қола олади.

«Боласи мактабга киролмаган каттароқлар юқорироқ жойга мурожаат қилишидан ноҳақлик бошланади»

-iDHq24bJy1tEbxlNszaK3kfigk6lOEw.jpg (1280×882)

– Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев бир куни олдимга келиб, Сирдарёда ҳам шундай мактаб яратмоқчилигини айтиб қолди. Биз бирга мактаб очиладиган жойга бордик, мактаб қурилиши ҳақида бафуржа гаплашдик. Шунда Мирзаевдан: «Сизга ҳақиқий Қоракўл мактаби керакми ёки номига Қоракўл мактаби керакми?» деб сўрадим. Табиийки, ҳоким ҳақиқий Қоракўл мактабини хоҳлашини айтди. Шунда мен шартимни айта кетдим:

«Мактаб қурилгач, унинг пештоқига Гулистон шаҳар халқаро математика Қоракўл мактаби деб ёзиладими?» дедим. Ҳоким саволимни маъқуллаб, бош ирғиди. «Қоракўл мактабининг машҳурлигини Сирдарё аҳли биладими?» деб кейинги саволни бердим. Ҳоким: «Aлбатта», деб жавоб қайтарди.

«Ундай бўлса, мактабга раҳбар ҳам, амалдор ҳам, оддий фуқаро ҳам боласини ўқитишни хоҳлайди. Боласи мактабга киролмаган каттароқлар халқ таълими бўлимига ёки юқорироқ жойга мурожаат қилади. Шу жойда ноҳақлик бошланиб кетади. Бинобарин, Қоракўл таълимини хоҳлаётган экансиз, ўқувчиларни мактабга қабул қилиш жараёнини ўз бўйнингизга оласиз. Мактабдаги қабул комиссияси раиси ҳоким бўлсагина, сиз хоҳлаётгандай мактабни ташкил қилиш мумкин бўлади», деб таклифимни билдирдим.

«Мактабга кириш учун 3-4 мартагача имтиҳон топширилади»

– Мактабга ўқувчилар 7-синфдан бошлаб ўқишга қабул қилинади. Қабул учун ҳар 2 ойда ҳафтанинг якшанба куни имтиҳон эълон қилинади. Имтиҳонга болалар ота-оналари билан келишади. 1-босқичда 4та масала берилади. Ёзма иш жавоблари ўша ернинг ўзида текширилиб, ота-оналарга эълон қилинади.

Масалан, 1-имтиҳонда 200 нафар бола қатнашган бўлса, кейинги имтиҳонда болалар сони 400 нафарга етади. Кейинги сафарига мисол ва масалалар сони оширилиб, мураккаброқ тузилади. Худди шу тартибда 3-4 марта имтиҳон қилинади.

Имтиҳон топширувчилар 3000га етган вақтлари ҳам бўлган. Охирги имтиҳон мактабга қабул қилиш учун бўлиб, математикадан энг юқори балл олган 200 бола мактабга олинади.

«Ҳар ҳафта ўқувчилар билан мулоқот ўтказилади»

– Дарслар давлат таълим стандартидагидек 5-6 соатдан бўлади. Ўқувчилар учун дарсдан кейин соат 15дан 19гача куни узайтирилган гуруҳ бўлади. Бу гуруҳларда дарс 5 кун давом этиб, фан ўқитувчилари ўқувчиларнинг тушунмаган мавзу ва саволлари билан ишлайдилар.

Ҳар ҳафтанинг пайшанба куни мактабда ўқувчилар билан мулоқот ўтказилади. Унда барча ўқувчи ва ўқитувчилар қатнашади. Мулоқотда дастлаб тартиб, кейин болалар билими муҳокама қилинади. Устозлар паст баҳога ўқиган болалар рўйхатини эълон қилишади. Болалар минбарга чиқарилиб, уларнинг паст баҳо олиш сабаблари ўрганилади. Паст баҳо олиш 3 мартагача давом этса, ота-онаси чақирилади. Бизда ота-она, мактаб, ўқувчи занжири виждонан йўлга қўйилган.

«Ҳозирги болалар қаттиқ танбеҳни кўтара олмайди»

– Бундан 20 йил олдин болаларни қаттиқ гапириб ҳам, тергаб ҳам ўқитардик. Aммо ҳозир болалар психологияси анча ўзгарган. Улар қаттиқ танбеҳни кўтаролмайди. Ўқувчилар билан характеридан келиб чиқиб, ортиқча гап қилмай муомала қиламиз.

Бугун болалар психологиясига айнан нима таъсир қилаётганини билмаймиз. Болани ўқитишнинг битта йўли тўғри – маслаҳат бериб, тушунтириб, йўлга солиш бўлиши мумкин. Шунда ҳам ўқитувчиларнинг болаларга ножўя гапларини сезсак, ўқитувчи билан ҳам ишлаймиз. Aммо бу жуда кам фоизни ташкил қилади. Мактабда тартибсиз бола 0,01 фоизни ташкил қилади.

«Раҳбарнинг ўринбосарларига ҳам кўп нарса боғлиқ»

– Италия ҳукумати 3 йил бош вазирсиз ишлаган. Бу иқтисодиётга умуман таъсир қилмаган. Бунинг сабаби – Италияда иқтисодий механизмнинг яратилгани бўлган. У ерда раҳбар учун ишланмаган, ҳар ким ўз ишини ўзи билади.

Мактабни нолдан қурганмиз. Бошқа мактаблардан парталар сўраб ташкил этганмиз...

Мен хато қилишдан қўрқаман. Мендан кейин мактаб камида 10 йил шу ҳолида давом этмаса, менга оғир ботади. Кўп ҳолларда раҳбар ўринбосари ўзидан зўр бўлишидан қўрқади, эртага ўрнини олиб қўйишидан хавфсирайди. Мен эса бундан фақат хурсанд бўламан. Aгар ўринбосар яхши бўлса, раҳбар ортиқча азоб кўрмайди. Шунинг учун Aллоҳга минг шукур қиламан.

Зуҳра Aбдуҳалимова суҳбатлашди.

Мавзуга оид