Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Насриддин Хўжа: «Халқ Афандини фақат Наврўзда кўрадими?»
Фото: Wikipedia
«Бағдодда-ю, Теҳронда, Истанбулда-ю, Маккада — ҳамма ерда мени Насриддин деб атайдилар». Бу жумлалар кўпчиликка «Хўжа Насриддин Бухорода» фильми орқали яхши таниш. Насриддиннинг ўзи эса ҳалигача Бухорода яшайди. Йўқ, ҳамма билган, Лаби Ҳовуз олдида эшакка миниб, жилмайиб турган Афандининг ҳайкали хусусида сўз бормаяпти. Биз айтаётган мулла Насриддин гапиради, кулади, кулдиради, томоша кўрсатади. Лекин у ҳақида кўпчилик хабардор эмас.
Асли касби жисмоний тарбия ўқитувчиси бўлган бухоролик Рустам Сирожиддинов, мана 10 йилдирки, Бухоронинг рамзларидан бири бўлган Афанди образини жонлантириш билан шуғулланади.
«10 йилдан бери «Афанди»лик қиламан. Хорижий сайёҳларга томошалар кўрсатаман. Таржимонлар гап-сўзларимни таржима қилади. Топишмоқлар айтаман, савол-жавоб, фокуслар кўрсатаман. Викториналар, танловлар уюштираман. Болалар учун алоҳида дастурим ҳам бор. Шоу характеридаги бундай чиқишларимни томошабинлар ижобий қабул қилишяпти. Халқлар орасида закийлиги билан афсонага айланган, тилларга тушган Насриддин Хўжани тирик кўриш хорижий сайёҳларга ҳам қизиқ», — дейди Рустам Сирожиддинов.
«Афанди»нинг айтишича, у халқ олдида ҳам томоша кўрсатиш ташаббуси билан чиққан. Лекин бунга, ҳозирча, эриша олмаган.
«3-4 йил бурун Лаби Ҳовуз бўйида, Афанди ҳайкали олдида қаҳрамон прототипини жонлантириш таклифи билан чиққандим. Лекин Туризм департаментидан менга рухсат беришмади. Маҳаллий филармонияга ҳам худди шу масалада мурожаат қилганимда у дейишди, бу дейишди, эътибор қаратишмади.
Кейин Олмаота, Москва, Тошкентда томошалар кўрсатиб юрдим, репертуаримни намойиш қилдим», — дейди у.
Рустам Сирожиддинов бир актёрдан иборат, доимий фаолият кўрсатувчи мини театр йўлга қўйилиши фикрини илгари сурмоқда.
«Насриддин Хўжа Афанди Бухоройи шарифнииг рамзи. Унга кўпчилик қизиқади. Лекин шаҳарда унинг қуруқ ҳайкали бор, холос. Агар у «жонлантирилса»,шаҳарнинг туристик имижига ижобий таъсир кўрсатади. Ҳозир сайёҳлар буни қизиқиб қабул қиляпти. Халқ ҳам кўрса, яхши-ку. Нега одамлар Афандини фақат Наврўз байрамларида бўладиган томошаларда кўриши керак?! Лаби Ҳовуз атрофида йил, 12 ой меҳмон бор. Лекин улар фақат қуруқ ҳайкални кўради», — дейди замонавий «мулла Насриддин».
Маълумот учун, Насриддин Хўжа АфандиМарказий Осиё, Кавказорти, Яқин Шарқ давлатлари орасида танилган фольклор қаҳрамон. У топқирлиги, билағонлиги, сўзга чечанлиги билан характерланадиган ҳажвий қаҳрамон. Насриддин миниатюраларда, бадиий асарларда эшак минган кўринишда тасвирланади. Бухоро шаҳрида ҳамда Туркиянинг Невшеҳир шаҳрида ҳайкали бор. Тарихда ҳақиқатда яшаб ўтганлиги ҳақида аниқ фактлар мавжуд эмас.
Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, 1 апрел куни Бухорода ҳазил-мутойиба байрами бўлиб ўтади. Шу куни Насриддин Афанди фестивали ҳам ўтказилиши режалаштирилган.
Саодат Абдураҳмонова
Мавзуга оид
15:42 / 09.01.2026
“Синхуа”: 1–3 январда Ўзбекистонга авиачипта бронлари 2 баравар кўпайди
22:40 / 06.01.2026
Япониядаги аукционда туна балиғи миллионлаб долларга сотилди
23:02 / 05.01.2026
2026 йилда дунё қиёфасини белгилайдиган 11 та меъморий лойиҳа
15:41 / 02.01.2026