Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия ҳудудлари ишчи кучи танқислиги туфайли мигрантларини қайтара бошлади
Умумий овқатланиш, қишлоқ хўжалиги, логистика ва уй-жой коммунал хўжалигида меҳнат мигрантлари ўрнини қоплаб бўлмаяпти – россияликлар қийин ва кам маошли ишларни бажаришга шошилмаяпти.
Фото: AP
Россия ишчи кучининг ўткир танқислигига дуч келган ва маҳаллий маъмуриятлар хорижликларни ёллаш бўйича тақиқларни тобора кўпроқ бекор қилмоқда. Бу ҳақда Asia-Plus маълум қилди.
Умумий овқатланиш, қишлоқ хўжалиги, логистика ва уй-жой коммунал хўжалигида меҳнат мигрантлари ўрнини қоплаб бўлмаяпти – россияликлар қийин ва кам маошли ишларни бажаришга шошилмаяпти. Кадрлар тақчиллиги ортидан минтақалар уларни қайтаришга ҳаракат қилмоқда.
Масалан, Нижний Новгород вилояти маъмурияти март ойида жорий этилган чет эл ишчиларини ёллашни тақиқлаш ҳақидаги қарорини бекор қилди. Сабаби – иқтисодиётнинг асосий тармоқларида кадрлар етишмаслиги. Россияликлар жисмоний машаққатли ишларни бажаришни истамаяпти.
Санкт-Петербургда ҳам худди шундай ҳолат юзага келди - расмийлар 1 июлдан бошлаб мигрантларнинг такси ва етказиб бериш хизматларида ишлашига режалаштирилган тақиқни жорий қилмади.
Худди шундай ҳолат қишлоқ хўжалигида ҳам мавжуд. Марказий Россияда - Тамбов вилоятидан Москва вилоятигача - тонналаб мева, резаворлар ва сабзавотлар ишчилар етишмаслиги туфайли дала ва боғларда йиғилмасдан қолмоқда. Боғ ва иссиқхоналар мавсумий теримчиларга жуда муҳтож. Ҳатто ҳосил яхши бўлишига қарамай, соҳада катта зарар кўрилиши мумкин, чунки мевани йиғадиган ҳеч ким йўқ.
Россия боғбонлари уюшмаси президенти Игор Муханин инқирозни иммиграция қонунларининг кучайтирилгани билан боғлади. 2024 йилдан бошлаб, мигрантлар ишлашга рухсат олиш учун рус тили ва тарихидан имтиҳон топшириши керак бўлади.
«Мигрант олма териш учун тилни билиши шартми? Буни прораб билса кифоя», деди Муханин.
Қайд қилинишича, 1-2 ойга келган мавсумий ишчилар учун бу тўсиққа айланган, фермерлар учун эса фалокатга.
«Ўтган йили ўнлаб тонна олма ва малина терилмасдан қолди. Ҳозир бизга 100 киши керак, аммо 15 ишчи бор», деди Муханин.
Энг йирик қишлоқ хўжалиги ҳудудларидан бири Краснодар ўлкасида мигрантларни ёллашнинг тақиқланиши аллақачон фермер хўжаликларининг хонавайрон бўлишига олиб келган. Питомниклар, боғлар, далалар - ҳамма нарса қўл меҳнатини талаб қилади. Кубан боғбонлари уюшмаси бош директори Николай Шчербаков шундай деди: «Янги боғлар барпо этиш тўхтатилди. Экинларни ким йиғиб олиши ҳақида ечим йўқ. Иш оғир, маҳаллий аҳоли келмаяпти».
Талабаларни жалб қилишга уринишлар ҳали самара бермаган. Асосий ечим мигрантларни квоталар ва чекланган меҳнат шароитлари билан бўлса-да орқага қайтариш экани айтилмоқда.
Москва вилоятидаги маҳаллий давлат хўжаликлари ўрим-йиғимга келишни истаганларни автобуслар ва қизиқарли тўлов шакли билан таклиф қилмоқда - ўзингиз билан ҳосилнинг бир қисмини олишингиз мумкин. Ҳатто Президент мулкини бошқариш бўлимига қарашли фермер хўжаликлари ҳам кундузги ишчиларни қидирмоқда: «Ҳамма мевани йиғиб олишга таклиф этилади, тўловни маҳсулот билан олиш мумкин», дейилади тахтага осилган эълонда.
Маълум қилинишича, ўрта бўғимда ҳам ишчилар етишмайди: тракторчи, механик, агроном ва ҳайдовчилар йўқ.
Мавзуга оид
14:54 / 08.01.2026
Тил сертификати, ишчи виза, чипта: миграция жамғармасидан компенсация берилади
13:19 / 05.01.2026
Германияда бошпана бўйича берилган аризалар сони 51 фоизга камайди
23:08 / 03.01.2026
Россияда мигрантлар яна калтакланди. Бир ўзбекистонлик вафот этди
10:57 / 03.01.2026