Ўзбекистон | 07:23 / 12.08.2020
7101
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда сунъий интеллект соҳасида докторантура ихтисослиги ташкил этилади

2021-2022 йилларда Ўзбекистонда сунъий интеллектни ривожлантириш стратегияси тасдиқланади.

Президентнинг “2021-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида сунъий интеллектни ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони лойиҳаси эълон қилинди.

2021-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида сунъий интеллектни ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси очиқланди.

Режага кўра, сунъий интеллект соҳасида докторантура ихтисослигини ташкил этиш ва 2021/2022 ўқув йилидан келишилган қабул квоталари асосида қабул қилиш мўлжалланмоқда.

Бунда:

 “Ахборот технологиялари ва сунъий интеллект” докторантура ихтисослигини ташкил этиш;

2021/2022 ўқув йили учун иқтисодиётнинг барча тармоқ йўналишлари бўйича (тиббиёт, таълим, туризм, қишлоқ хўжалиги) хусусий сектор вакиллари эҳтиёжларини қондиришга қаратилган мавзулар доирасида қабул квоталар сонини ажратиш;

докторантура йўналишлари бўйича келгуси 3 йиллик қабул квоталари учун тавсиялар ишлаб чиқиш мўлжалланган.

Шунингдек, Миллий сунъий интеллект илмий тадқиқот ва ривожлантириш марказини ташкил этиш назарда тутилмоқда.

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий амалий марказида “Миллий сунъий интеллект илмий тадқиқот ва ривожлантириш маркази”ни ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.

Бунда:

марказнинг асосий фаолият йўналишлари;

мақсад ва вазифалари;

босқичма-босқич ривожлантириш чоралари;

молиялаштириш механизмлари;

маҳаллий ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш вазифалари ва бошқалар назарда тутилади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид