Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Аляскадаги музокаралар: Путин нима талаб қилади ва Трампга нима керак?
Украина қандай шартларни илгари сурмоқда? Европа қандай позицияда?
Фото: Fermin Torrano / Anadolu / Getty Images
15 август, жума куни Аляскада АҚШ президенти Доналд Трамп РФ президенти Владимир Путин билан учрашади. Улар Россия-Украина урушини якунлаш тўғрисида гаплашади. Қуйида уларнинг музокаралардаги дастлабки позициялари, шунингдек, Украина ва Европа давлатлари нимани талаб қилаётгани ҳақида.
Путин нима талаб қилмоқда?
Ғарбдаги нашрларга сиздирилаётган маълумотларга кўра, Россия президенти қуйидаги талабларни илгари сурмоқда.
- Украина Донецк областидан қўшинларини олиб чиқиб кетади;
- Шундан сўнг, Украинанинг қолган ҳудудларида фронт чизиғи ҳозирги ҳолатида музлатилади;
- Кейин Путин ва Трамп якуний тинчлик режасини келишиб олади;
- Охирги босқичда режа Зеленский билан муҳокама қилинади.
Шу тариқа, Путин бутун Донецк области эвазига ўт очишни тўлиқ тўхтатишдан бошқа ҳеч қандай мажбурият олмоқчи эмас.
Financial Times’нинг ёзишича, Путиннинг Трамп билан Владимир Зеленский иштирокисиз учрашувининг ўзини Кремлнинг дипломатик ғалабаси деб ҳисоблаш мумкин. Нашр билан суҳбатлашган таҳлилчилар фикрича, Путин учун энг муҳими – Трамп билан шахсий мулоқотни давом эттириш. Россия президенти унинг эътиборини ушлаб туриши ва санкциялар кучайтирилган тақдирда Россияга иқтисодий жиҳатдан қимматга тушиши мумкин бўлган норозилигига йўл қўймаслиги муҳим.
Ўтган ҳафта у бунга муваффақ бўлди – Трампнинг ултиматуми муддати тугашидан олдин Путин унинг элчиси Стивен Уиткофф билан музокаралар ўтказди ва «янги муаммолар ўрнига АҚШ президенти билан учрашиш учун Америкага 2007 йилдан бери биринчи таклифни олди», деб таъкидлайди FT.
Москва томони Путин музокараларга қандай шартлар билан бориши ҳақида расман ҳеч қандай изоҳ бермаган. Россия президенти бир неча кун олдин журналистлар билан мулоқот чоғида ўз талаблари ўзгаришсиз қолишини такрорлаганди. Улар орасида Россиянинг Украинанинг бешта региони устидан суверенитетини халқаро миқёсда тан олиш (булар маъмурий чегараларидаги Қрим, Донецк, Луҳанск, Запорижжя ва Херсон областлари), шунингдек, Украинанинг НАТОга қўшилишдан воз кечиши масалалари бор.
Трампга нима керак?
АҚШ президентининг асосий мақсади – ўзининг сайловолди ваъдаларини бажариш учун ҳар қандай йўл билан ўт очишни тўхтатишга эришишдир ва у Путин билан шахсий учрашув бунга ёрдам беради, деб ҳисоблайди.
The Washington Post колонкасида таъкидлаганидек, анъанага кўра, ҳар қандай саммитдан олдин аксарият деталлар қуйи даражада ишлаб чиқилади, давлат раҳбарлари учрашуви эса барча саъй-ҳаракатлар натижасидир. Бироқ, Трамп бошқача йўл тутмоқда, чунки фақат унинг ўзи музокараларда муваффақият қозонишга қодир деб ҳисоблайди.
Нашрдагилар фикрича, Аляскада Трамп Россияни ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилгандан кейин ҳам Украина эҳтимолий янги ҳужумни қайтариш учун яхши қуролланган ҳолатда бўлиши кераклигига кўндириши мумкин.
Москвага қарши иккиламчи санкциялар тўғрисидаги қонун лойиҳаси муаллифларидан бири, сенатор Линдси Грэм ҳам худди шундай позицияни билдирди. Унинг сўзларига кўра, Трампнинг келажакдаги ҳар қандай келишувдаги асосий мақсади Россия энди ҳеч қачон Украинага ҳужум қила олмаслигига кафолат олиш бўлади.
АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс якшанба куни Трампнинг асосий вазифаси Путин ва Зеленскийни «бир жойга олиб келиш» ва охир-оқибат тинчликка эришиш эканини айтди. Вэнснинг сўзларига кўра, Вашингтоннинг мақсади Украинани қўллаб-қувватлаш учун пул сарфлашни тўхтатиш ва урушни ҳозирги фронт чизиғида тўхтатишдир. Шу билан бирга, Трамп саммит муваффақиятига шубҳа қилмоқда – бироқ «музокараларга имконият бериш керак деб ҳисобламоқда», деди Венс.
Оқ уйдаги манбалар Трампнинг учрашувга розилик беришининг ўзи Россия ва АҚШ ўртасида аллақачон қандайдир келишувга эришилганини англатмаслигини таъкидлайди. Politico нашри ёзишича, Трамп жамоаси Украина ва Европа билан ўт очишни тўхтатиш шартлари бўйича парда ортидаги маслаҳатлашувларни давом эттирмоқда.
Украина қандай шартларни илгари сурмоқда?
Киевдагилар можарони ҳал қилиш бўйича ҳар қандай қарорни Украина иштирокисиз қабул қилиб бўлмаслигини таъкидлашмоқда.
«Украинасиз қабул қилинган ҳар қандай қарор – бу бир вақтнинг ўзида тинчликка қарши қарор ҳамдир. Бундай қарорлар ҳеч нарса беришмайди. Бу ўлик қарорлар, улар ҳеч қачон ишламайди», – деди шанба куни президент Володимир Зеленский.
Америка нашрлари маълумотига кўра, Зеленскийнинг Аляскадаги музокараларда иштироки ҳозирча истисно қилинмаяпти, Оқ уйдаги расмийлар буни вариантлардан бири сифатида кўриб чиқмоқда. Вашингтон Путиннинг илтимосига биноан, биринчи навбатда иккитомонлама учрашув ўтказишни режалаштирмоқда, аммо Украина президенти ҳам Аляскага учиши ва «айрим учрашувлар»да иштирок этиши мумкин. Бу ҳолда Зеленский Путин билан ҳам юзма-юз ўтириши имконияти ҳам кўриб чиқилаётгани аниқ эмас.
Саммит ўтказилиши эълон қилинганидан кўп ўтмай, Украина ўзининг европалик иттифоқчилари билан биргаликда Оқ уйга эҳтимолий келишув вариантини тақдим этди. The Wall Street Journal маълумотларига кўра, у қуйидагича:
- Биринчи навбатда, ўт очишни бутунлай тўхтатиш;
- Ҳудудларни айирбошлаш фақат ўзаро асосда (ўринга ўрин) амалга оширилиши керак;
- Агар Украина қандайдир ҳудудий ён беришларга рози бўлса, қатъий хавфсизлик кафолатларига эга бўлади, жумладан, НАТОга аъзо бўлиши мумкин.
Шу билан бирга, Зеленский расман Украина тинчлик келишуви эвазига ўз ҳудудларини Россияга бермаслигини таъкидлашда давом этмоқда. Шанба куни у «ҳудудий масалага жавоб» аллақачон Украина Конституциясида қайд этилганини эслатди, унда ҳудудларни бўлиш истисно этилган. «Бундан ҳеч ким чекинмайди ва чекинолмайди ҳам. Украинлар ўз ерларини босқинчига совға қилмайди», – деди у.
Европа мамлакатлари қандай позицияда?
Улар 15 август куни бўлиб ўтадиган музокараларда қатнаша олмайди. Ҳозирда Европа Иттифоқи оммавий баёнотлар орқали Трампга босим ўтказишга ҳаракат қилмоқда ва европаликлар ҳеч бўлмаганда ҳудудий масалалар бўйича қарорлар қабул қилишда иштирок этишини талаб қилмоқда.
«Биз ҳар қандай ҳолатда ҳудудий масалаларни европаликлар ва украинларни айланиб ўтган ҳолда муҳокама қилиш ёки ҳал қилишга йўл қўя олмаймиз. Ва Америка ҳукумати ҳам буни шундай кўради деб ўйлайман», – деди якшанба куни Германия канцлери Фридрих Мерц. Европа дипломатияси раҳбари Кая Каллас ҳам худди шундай баёнот билан чиқди: «АҚШ ва Россия ўртасидаги ҳар қандай келишувга Украина ва Европа Иттифоқи жалб этилиши керак, чунки бу Украина ва бутун Европа хавфсизлиги масаласидир».
Европа учун яна бир асосий масала – келгусида Украина хавфсизлиги кафолатлари. «Украина армияси сонига чекловлар йўқлиги ва учинчи давлатлар томонидан қўллаб-қувватланиши энг ишончли кафолат бўларди», – деди Европа Иттифоқи раҳбариятидаги исми ошкор этилмаган манба Financial Times нашрига.
Якшанба куни Европанинг энг йирик давлатлари раҳбарлари «Украинада тинчликка йўл Украинасиз очилмайди» деган расмий баёнот билан чиқишди. Унда айтилишича, Евроиттифоқ Трампнинг тинчликка эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини ҳам дипломатик воситалар билан, ҳам Украинага ҳарбий ёрдамни давом эттириш ва Россияга қарши янги санкциялар орқали қўллаб-қувватлашга тайёр.
Бу баёнот, таҳлилчиларнинг таъкидлашича, Европа позициясининг ўзгаришидан далолат бериши мумкин. Унда, хусусан, биринчи марта «ҳозирги тўқнашув чизиғи музокаралар учун бошланғич нуқта бўлиши кераклиги» ҳақидаги мазмунни кўриш мумкин. Хусусан, ҳудудий ўзгаришлар эҳтимоли истисно этилмайди. Европадагилар тинчлик ўрнатиш шартлари бўйича позицияни ҳам ўзгартирган: агар илгари Европа Иттифоқи ўт очишни тўлиқ тўхтатишни талаб қилган бўлса, энди улар ҳарбий ҳаракатлар интенсивлигини «қисқартириш»нинг ўзи етарли деб ҳисоблайди.
Яқин вақтлар ичида Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирларининг фавқулодда саммити ўтказилади, унда Европа Иттифоқининг тинчлик музокараларидаги иштироки бўйича қўшма стратегия ишлаб чиқиш режалаштирилган. Bloomberg нашри ёзишича, Европа давлатлари етакчилари Трамп Путин билан учрашишидан олдин у билан музокаралар ўтказишга умид қилмоқда.
Мавзуга оид
09:26 / 27.12.2025
Зеленский: Беларус Россияга Украина ҳаво мудофаасини четлаб ўтишга ёрдам беряпти
09:02 / 27.12.2025
Зеленский: 20 банддан иборат келишув 90 фоизга тайёр
08:40 / 27.12.2025
Путин Украина билан қисман “ҳудуд алмашинуви”га тайёр
08:25 / 27.12.2025