Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Ҳокимлар ваъдасига ишониб сарсон бўлдик” – Риштонда тадбиркорлар буюм бозорини тиклаб беришларини сўрамоқда
2003 йилда Риштон тумани ҳокимининг қарорига мувофиқ “Буюм бозори” ташкил этиш учун 4 гектардан зиёд ер майдони ажратилган эди. Тадбиркорларга дўкон қуриш учун шу бозордан ер берилади. Туман ҳокими тадбиркорларни йиғиб дўконлар қуриб битказилгач кадастр хужжатлари қилиб берилишига ваъда берган. Ҳоким ваъдасига ишонган 114 нафар тадбиркор ўз ҳисобларидан дўкон қуриб битказишади. Бозор маъмуриятининг талаби билан дўконлар атрофини ободонлаштириш учун 3 млн сўмдан пул ҳам беришади. Лекин шу пайтгача ҳокимлар томонидан берилган бирорта ваъда бажарилмаган.
114 нафар тадбиркор томонидан йиғилган маблағлар буюм бозорига эмас, балки ўзи шундоқ ҳам обод бўлиб турган деҳқон бозорига сарф қилиб юборилади. Орадан бир неча йил ўтиб эса “сносга тушди” деб энди дўконларни бузишга тушишади.


Бу орада туманда бир нечта ҳоким алмашган. Лекин Риштон туманида буюм бозорининг ўзи йўқ. Бозор учун ажратилган майдон эса абгор ҳолатда. Савдогарлар иложсизликдан ёғин-сочин кунларда ҳам ерда ўтиришга мажбур.


Ҳокимларнинг ваъдаларига ишониб маблағ сарфлаб дўкон қуриб қўйган тадбиркорларнинг додини эшитадиган одамнинг ўзи йўқ.
Катта бир туманда буюм бозори йўқ...
“Туманнинг ўша пайтдаги ҳокими Ғайрат Мамадалиев тадбиркорларни йиғиб Риштондай катта бир туманда буюм бозори йўқлигини таъкидлаб, дўкон қуришимизни айтган эди. Биз тадбиркорларга жой ажратилди. Ҳоким ваъдасига ишониб ўз ҳисобимиздан дўконлар қурганмиз. Ҳоким дўконни қураверинглар, битгач барча хужжатларини қилиб бераман деб ваъда берган. Улар бизга бозор бош режасини ҳам тақдим қилган.




Кейин биз шу режага асосан бу ерда қурилиш ишларини бошлаганмиз. Бизга ўша мажлисда “Буюм бозорида дўкон қурасизлар, шу ерни гуллатамиз, обод қиламиз. Бинолар битгандан кейин умумий битта кадастр қилиб, дўкондорлар улушдор сифатида кирасизлар”, деб айтишган. Ўша пайтдаги ҳокимнинг барча айтганларини сўзсиз бажарганмиз. Дўкон қурган 114 киши 2011 йилдан 2015 йилгача атрофни ободонлаштириш учун бозор ҳисоб рақамига 3 миллион сўмдан пул ўтказганмиз.

Лекин ўтказган пулларимиз қаерга сарфланди билмаймиз. Кимлардир у маблағни ўзлаштиргани аниқ. Риштонда нечта ҳоким алмашган бўлса буюм бозори масаласини четлаб ўтяпти. Бизнинг катта шундай Риштон деган жойда буюм бозори йўқ. Ёғин-сочин пайтида ҳам сотувчилар ерда ўтириб савдо қилишади.
Бозор йўқлигидан халқ мана бу кўчада, катта йўлнинг бўйида, ҳокимиятдан то деҳқон бозоригача ерда ўтириб, газонларда, тротуарларда ўтиришибди. Пиёдалар йўлагидан юришга жой йўқ. Бизнинг ниятимиз буюм бозорини ташкил қилиш. Қўшни Олтиариқ, Боғдод туманларида ҳам буюм бозори чиройли қилиб ташкил қилинган. Риштонда бундай бозор йўқ. Туман бозори ноқулайлигидан Риштон халқи атрофдаги бозорларга боради.
Ҳокимимиз Риштон халқига амалий ёрдам бериб, абгор ҳолатда ётган буюм бозори инфраструктурасини тиклашга ёрдам берса, қолган ишларини биз ўзимиз ташкиллаймиз”, дейди Муҳайё Дониёрова.
Риштон тумани ҳокими Баҳодир Холиқовдан ҳолат бўйича изоҳ сўрадик.
“Буюм бозоримиз 2015-2016 йилга қадар катта бозор бўлган. Айни пайтда шу бозор ҳафтада бир кун ишлайди холос. Буюм бозорининг мавжуд ер майдонидан самарали фойдаланилмаяпти. Бозорга дўкон қурган маҳаллий тадбиркорларни чақиртириб гаплашдик. Савдо мажмуасини замон талабига мос равишда қайта ташкил қилиш таклифини бердим.
Маҳаллий тадбиркорлар томонидан агар ташаббус бўлса, лойиҳа таклиф бўлса, замон талабига мос аҳоли учун қулай шароит яратилса, авваламбор маҳаллий тадбиркорлар билан ишлаймиз.
2011 йилда ҳар бир тадбиркор ободонлаштириш ишлари учун бозор ҳисобига 3 миллион сўмдан ўтказган экан. Энди у масалада бизнинг хабаримиз йўқ. Бу зарарни тадбиркорларга қоплаш ёки қопламаслик инвесторга боғлиқ. Агар ўша ерга инвестор савдо мажмуаси, ёки бошқа ишлаб чиқариш фаолиятини, ё кўп қаватли уй фаолиятини йўлга қўяман деса, ҳудудда дўкон қурилганлиги, дўкон қурган тадбиркорларни рози қилиш масаласини тўғри тушунтирамиз. Лекин ўша пайтда ҳам ўша савдо дўконларини қуриш, савдо мажмуасини ташкил қилиш ташаббуси шахсан ҳокимлар томонидан қилинган бўлса, яхши ташаббус бўлган.

Янги замонавий аҳоли учун қулай бўладиган мажмуа яратишимиз керак. Ва ўша жойдан бир кунлик бозор эмас, керак бўлса ҳафтанинг ҳар куни ишлайдиган мажмуа ташкил қилиш таклифи билан чиққанмиз. Ва бу ташаббусни ўзим илгари суриб, тадбиркорларни чақириб гаплашдик, суҳбатлашдик, музокаралар олиб боряпмиз”, дейди Риштон тумани ҳокими.
Ҳокимлар ваъдасига ишониб ўз ҳисобидан дўкон қуриб қўйган ва атрофни ободонлаштириш учун ўша пайтда бозор ҳисоб рақамига 3 млн сўмдан пул ўтказган 114 тадбиркор тегишли идоралардан ҳолатга эътибор қаратишларини сўрайди.
Сарвар Зиёев,
Сардор Мамиров,
Kun.uz
Мавзуга оид
12:21 / 22.12.2025
Андижонда бозор растаси қулади (видео)
11:36 / 15.12.2025
Раҳбарлар тадбиркорлар билан ҳар чоракда “Бизнес ҳамроҳ” марказларида мулоқот қилади
12:24 / 19.11.2025
Бозорларда тижорий сёмка пулли бўлгани оддий визиторларга тааллуқли эмас — ҳокимлик
09:33 / 19.11.2025