Ўзбекистон | 07:53 / 20.01.2022
5904
2 дақиқада ўқилади

Суд-тиббиёт экспертизаларини ўтказиш тартиби ўзгаради

Фото: Getty Images/ William Whitehurst

Соғлиқни сақлаш вазирининг “Соғлиқни сақлаш вазирлигининг суд-тиббий экспертиза муассасаларида суд-тиббиёт экспертизаларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги буйруғи лойиҳаси эълон қилинди.

Қайд этилишича, суд-тиббий экспертиза муассасасида экспертизалар иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий иш юритишда шартнома асосида адвокат сўровига кўра, терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи қарори, суд ажрими (судья қарори) асосида ўтказилади.

Суд-тиббий экспертиза муассасасининг хизмат кўрсатиш минтақасидан ташқарида жойлашган органлар (шахслар) томонидан тайинланган суд-тиббиёт экспертизаси, истисно тариқасида шу ҳудуддаги тиббиёт бирлашмаси томонидан ўтказилади.

Президентнинг “Ўзбекистонда суд-экспертлик тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотларига Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатга кўра шартнома асосида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига мувофиқ, суд экспертизаси турлари бўйича тадқиқот ўтказиш ҳуқуқи берилиши ва тадқиқот натижаларига кўра мутахассис фикри тақдим этилиши белгиланган.

Шунингдек иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий иш юритишда адвокатга судга қадар тайёргарлик ва суд жараёнида эксперт хулосасини суд муҳокамасида тақдим этиш ҳуқуқи асосида давлат ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотларида шартнома асосида адвокат сўровига кўра экспертиза ўтказиш ташаббуси билан чиқишга рухсат берилиши кўрсатилган.

Президентнинг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида суд-тиббий экспертиза муассасасининг хизмат кўрсатиш минтақасидан ташқарида жойлашган органлар (шахслар) томонидан тайинланган суд-тиббиёт экспертизаси, истисно тариқасида шу ҳудуддаги тиббиёт бирлашмаси томонидан ўтказилишини белгилаш назарда тутилган, дейилади ҳужжат лойиҳасида.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид