Ўзбекистон | 23:35 / 08.07.2025
4644
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда IELTS имтиҳонини қоғозда топшириш тартиби бекор қилинади, хориждан қайтган фуқаролар мажбурий тиббий текширувдан ўтказилади — маҳаллий дайжест

Ўзбекистонда 11 июлдан IELTS имтиҳонини қоғозда топшириш бекор қилинади. Узлуксиз 90 кун ва ундан ортиқ муддат давомида чет элда бўлиб қайтган фуқаролар тиббий текширувдан ўтказилади. Ўзбекистон БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти кенгашига сайланди. Бешта вилоятда сел хавфи эълон қилинди. Кун давомида Kun.uz ёритган шу ва бошқа муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

11 июлдан IELTS имтиҳонини қоғозда топшириш бекор қилинади

Ўзбекистонда 11 июлдан бошлаб инглиз тили даражаси бўйича халқаро сертификат – IELTS учун қоғозда имтиҳон топшириш амалиёти тўхтатилмоқда.

IELTS имтиҳонини олувчи IDP ташкилотига кўра, имтиҳон топширувчилар энди фақат компютерда тестдан ўтади.

IDP бу қарор операцион сабабларга кўра қабул қилинганини билдирди.

Ташкилот IELTS имтиҳонини қоғозда ёзиб топшириш учун рўйхатдан ўтган номзодлар тестни компютерда топшириш турига бепул ўтказиши ёки имтиҳон учун тўлаган пулини тўлиқ қайтариб олиши мумкинлигини қайд этган.

Қайд этиш керакки, мазкур ўзгариш Ўзбекистонда бунгача қоғозда топширилган IELTS жавоблари интернетга сиздирилиши фонида юз бермоқда. Қоғозда топширилган IELTS жавоблари интернетга чиқиб кетиши ортидан IDP тест маркази 7 июн куни бўлиб ўтган имтиҳон жавобларини қайта текширганди. Улар ичидан ишончли бўлмаган натижалар ажратиб олиниб, алоҳида текширишга юборилган. Натижада 7 июн куни топширганларнинг натижаси 24 июн куни чиққан эди.

Хориждан қайтган фуқаролар ОИВ инфекциясига мажбурий текширувдан ўтказилади

«Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш тўғрисида»ги қонунга бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, узлуксиз 90 кун ва ундан ортиқ муддат давомида чет элда бўлиб қайтган 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган фуқаролар, Ўзбекистон ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳамда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кириб келаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни мажбурий равишда ОИВ инфекциясига тиббий текширувдан ўтказиш белгиланмоқда.

Шунингдек, бу текширув Ўзбекистон фуқаролари, Ўзбекистонда доимий яшайдиган фуқаролиги бўлмаган шахслар учун давлат бюджети маблағлари ҳисобидан, қолганларга ўз маблағлари, иш берувчининг маблағлари ёки қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан ўтказилиши назарда тутиляпти.

Депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши инсон саломатлиги учун хавф туғдирувчи юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олишга, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга, меҳнат миграцияси жараёнларида ижтимоий хавфсизликни таъминлаш бўйича таъсирчан ҳуқуқий механизмларни шакллантиришга хизмат қилади.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди.

Ўзбекистон БМТ FAO кенгашига сайланди

Римда бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти кенгашининг 2028—2029 йилларга мўлжалланган аъзолигига сайловда Ўзбекистон тарихда биринчи марта ушбу нуфузли орган таркибига бир овоздан сайланди.

Кенгаш географик тақсимотни ҳисобга олган ҳолда 3 йилгача муддатга сайланадиган 49 та аъзо давлатдан иборат. Кенгаш ўз ваколатлари доирасида бюджет, кенгаш дастурларини муҳокама қилади ва конференцияга муҳим қарорлар ҳамда тавсиялар беради.

FAO кенгашига аъзолик Ўзбекистон учун глобал қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат сиёсатини шакллантириш, меъёрий ҳужжатлар ва стандартларни ишлаб чиқиш, миллий ва минтақавий ташаббусларни тақдим этиш, шунингдек, лойиҳаларни илгари суриш ва қўшимча молиявий ресурсларни жалб қилишда кенг имкониятлар очади.

5 та вилоятда сел хавфи эълон қилинди

«Ўзгидромет» 9–11 июл кунлари ёмғир ёғиши кутилаётгани сабабли республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқини ҳодисалари юзага келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Жумладан, Сурхондарё, Тошкент, Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятларининг қатор туман ҳамда шаҳарларида сел-сув тошқини ҳодисалари юзага келиши мумкин.

«Тоғолди ва тоғли ҳудудларда истиқомат қилувчи фуқаролар, дам олувчилар ҳамда тоғли ҳудудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчилардан эҳтиёткорлик чораларини кўришларини сўраймиз», дейилади хабарда.

Қайд этилишича, республиканинг айрим ҳудудларида ёмғир сувлари тўпланиши эҳтимоли бор, бу эса ҳудудларни сув босишига олиб келиши мумкин.

Йўлларни лойиҳалаштиришда аҳоли фикрини инобатга олиш механизми ўрнатилади

Қонунчилик палатаси мажлисида «Автомобил йўллари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳаси билан «автомобил йўлларини режалаштириш» механизми жорий этилиб, йўл инфратузилмасини аҳоли ва иқтисодиётнинг ўсиб бораётган эҳтиёжларига мос равишда ривожлантириш назарда тутилади. Йўлларни лойиҳалаштиришда аҳоли фикри ва атроф-муҳитга таъсирини инобатга олиш ҳамда пиёдалар учун тўсиқсиз муҳитни яратиш бўйича қатъий талаблар ўрнатилади.

Шунингдек, қонун лойиҳасига коммуникация тармоқларини қуришда йўлларнинг аввалги ҳолатини тиклаш харажатларини қоплаш шарти киритилмоқда. Йўлларда катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тартибга солинмоқда. Ажратилган ва йўл бўйи минтақаларида хизмат кўрсатиш объектларини жойлаштиришга оид талаблар белгиланяпти.

Қонун лойиҳасининг яна бир жиҳати бу пулли йўллар тармоғини барпо этишнинг ҳуқуқий асослари бўлиб, ушбу йўналишда инвесторларга имтиёзлар тақдим этилади.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Мавзуга оид