Жамият | 15:10 / 25.08.2019
19236
7 дақиқада ўқилади

Ғаллаоролда ичимлик cуви муаммоси: Ҳайвон ичмайдиган сувни одамлар қачонгача истеъмол қилади?

«Ҳурматли Kun.uz таҳририяти! Сизларга Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани Заргар қишлоғидан мурожаат йўллаяпмиз. Қишлоғимизда ичимлик суви муаммоси аҳолини қийнаб юборди. Бир неча мурожаатдан кейин 2018 йилда артезиан қудуғи орқали ичимлик суви чиқди. Қувончимиз узоққа бормади. Сув ўта шўр ва лойқа, бир сўз билан айтганда, истеъмолга мутлақо яроқсиз. Қишлоқ аҳли қишин-ёзин 2 км узоқликдан сув ташийди. Бу ҳақда маҳаллий ҳокимлик ва ҳуқуқ тартибот идораларига бир неча бор мурожаат билан чиқдик. Афсуски, ҳеч бир натижа йўқ. Заргар қишлоғида ичимлик суви муаммоси ҳал этилишида амалий ёрдам беришингизни сўраймиз».

Kun.uz таҳририятига йўлланган ушбу мурожаатни жойида ўрганиш учун Ғаллаорол туманида бўлдик.

«Қишлоғимиз аҳли бир неча йиллардан бери ичимлик сувидан қийналади. Ўтган йили сув узатиш минорасини қуриб топширишганида жуда қувонган эдик. Чунки унгача ҳар 3-4 кунда ичимлик сувини сотиб олар эдик.

Лекин эрта қувонган эканмиз. Бу қудуқдан чиқаётган сув нафақат ичишга , балки кир ювишга ҳам ярамайди. Қишлоқ аҳли ҳануз 2 км узоқликдан сув ташийди.

Ушбу чала қуриб топшириб кетилган сув узатиш минорасидан чиқаётган ичимлик сувини март ойида Жиззах шаҳрида текширувдан ўтказиб келдик. «Ичишга мутлақо яроқсиз», деган хулосани чиқариб беришди.

Энг қизиғи, биз барча керакли ташкилотларга мурожаат қилсак-да, натижа йўқ. Сув ўта лойқа, ерга тўксангиз кўмирдек қорайиб қолади. Шўрлигидан экинларни ҳам суғоролмаймиз. Чорва моллари ҳам истеъмол қилмайдиган сувни ичишга мажбурмиз. Сангзор дарёсидан сув ташиймиз, шу сувни истеъмол қилишимиз натижасида фарзандларимиз юқумли касаллик орттириб оляпти», — дейди Раҳматилла Қорабоев.

«Давлатнинг катта пули сарфланиб, номигагина қазилган артезиан қудуғию, ушбу сув узатиш минораси учун кимдир жавоб берадими? Бизнинг айбимиз нима? Нега биз кўмирдек қора лойқа сувни ичишимиз керак? Бу сувга ювиниб ҳам бўлмайди. Бош ювсангиз сочингиз қотиб қолади. Маҳалла аҳли йиғилиб, бормаган жойимиз қолмади. Кимдир қилган айби учун жавоб берадими? Қачонгача биз сув қайнатиб ёки унинг лойқаси тубига чўкишини кутиб истеъмол қиламиз? Сув ҳам осонликча тинмайди, баъзида сел келиши оқибатда сойдан келаётган сувнинг тинишини ики уч кунлаб кутишга тўғри келади. Кутишни истамаганлар тинса-тинмаса лойқа сувни ичади. Бизга шу муаммони кимдир ечиб берадими?», — дейди Иъном Алимов.

«Қишлоғимиздаги ичимлик суви истеъмолга мутлақо яроқсиз. Аҳоли иложсиз Сангзор дарёсидан ташиб келтирилган сувни ичади. Натижада кўпгина ҳамқишлоқларимиз диарея, қайт қилиш ва бошқа юқумли касалликлар билан оғриб туради. Сув ташишни истмаганлар нақд пулга сотиб олишади. Лекин қачонгача?..» — дейди Абубакир Алимов.

Муаммо юзасидан изоҳ олиш мақсадида Ғаллаорол тумани «Сувоқова» ДУК раҳбариятига учрадик.

«Заргар» МФЙдаги муаммодан қисман хабаримиз бор. Фикримизча, сув узатиш минораси нотўғри жойдан қазилган. Жиззах Гидрогеологик станциясидагилар айнан сув йўқ жойни танлашгани боис шундай тушунмовчиликлар юзага чиқяпти. Сизга бошқа ҳеч қандай маълумот тақдим этолмаймиз. Барча маълумотлар Жиззах вилоят «Сувоқова» ДУК раҳбариятида, ўша ерга борсангиз тўлиқ маълумот олишингиз мумкин», — деди корхона бош мутахассиси Шерзод Вафоев.

«Ғаллаорол туманида, Заргар қишлоғидаги сув узатиш минораси республика раҳбарининг 2018 йил 3 февралдаги «Инвестиция ва инфратузилма лойиҳалари рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида»ги 3507-сонли қарорига асосан қуриб битказилган. Ушбу ичимлик суви тизимини қуриш учун давлат томонидан 505 млн 890 минг сўм пул ажратилган бўлиб, ҳудудда 1,6 км ичимлик сув тармоғи, битта ер ости сув қудуғи, битта босимли сув минораси ва битта сув олиш насоси ўрнатилган.

Аҳолига ҳам ҳайрон қоламан-да. Нега бугунга келиб айтаяпсиз шу муаммони, нега сув узатиш минораси қурилаётганда ўз фикрларингни айтмадинглар, десак, ҳамма жим. Халқимиз шундай, қуриб битгунча ҳеч нимага қўшилмайди. Битса кейин бошлайди. Муаммосини айтади, камчилигини топади.

Аслида, Заргар қишлоғидаги сув узатиш минораси қурилиши лойиҳада ҳам, дастурда ҳам йўқ эди. Билмайман, қайси йўллар билан бу қишлоқ лойиҳада бирдан пайдо бўлиб қолди. Иш бошланганда керакли ташкилотларга бордим, айнан шу масала бўйича. Биз тасдиқлаган лойиҳада Заргар қишлоғи умуман йўқ эди. Тошкентга бориб лойиҳа ўзгарди. Ўртада қишлоқ лойиҳага қўшилди. Мана лойиҳанинг аҳволи. Хом лойиҳа. Менинг бошқа гапим йўқ», — дейди Жиззах вилоят «Сувоқова» ДУК корхона бош муҳандиси Атҳам Муҳиддинов.

Заргарлик мурожаатчиларнинг фикрича, сув узатиш минораси аввалбошдан нотўғри жойдан қурилган. Ер остидаги ичимлик сувини топиш ва ва ер ости қудуғини қуриш бўйича керакли кўрсатмалар берган «Ўзбекгидрогеология» давлат унитар корхонаси Жиззах гидрогеологик станцияси ходимлари эса ҳолатга қуйидагича изоҳ беришди.

«Аҳоли томонидан билиб-билмай бизнинг ташкилотга қўйилаётган айбларни тўлиқ рад этаман. Жой тўғри танланган. Сувнинг лойқа чиқишига ва бошқа оқибатларга насослар ва артезиан қудуғи яхши тозаланмагани сабаб деб биламан. Биз қурувчилар билан бошидаёқ яхшилаб гаплашиб олгандик. Бу халқники, яхшилаб ювиб, тозалаб, кейин қуринглар, деб айтганмиз. Лекин қудуқ қазувчиларнинг эътиборсизлиги туфайли шу ҳолат юзага келди.

Ер ости қудуғи бизнинг талабларга асосан қилинмади, ювиш ишлари талабга жавоб бермайди. Мен буни ўша вақтда ҳам айтганман. Агарда ҳар ким ўз ишини вақтида бажарганида эди, шу ҳолат юзага келмасди. Иш охиригача етказилмаган. Кўр-кўрона ёпиб юборишган», — дейди Жиззах гидрогеологик станция раҳбари Ҳаким Гайназаров.

Қишлоқда мурожаатни ўрганиш асносида ёнимиздан челак ва идиш кўтарган отлиқ ва пиёдаларнинг тепаликка қараб кетаётганини кўрдик. Фойдаланишга сув йўқ. Бир неча чақиримдан кундалик эҳтиёж учун сув ташиб яшаётган инсонларга ҳам осон эмас. Буни сув ичиш учун жўмракка ҳам эгилмайдиган, айбни бир бирига ағдаришдан чарчамаётган раҳбарлар қаёқдан билсин?

Хуллас, Заргар қишлоғида ичимлик суви муаммоси анчадан бери аҳолини қийнаб келмоқда. Бунинг ечими эса эса мутасаддиларнинг ташаббус ва ғайратига боғлиқ.

Гулчеҳра ШАРИПОВА,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид