Жаҳон | 17:31 / 10.08.2025
12493
9 дақиқада ўқилади

Уруш тақдири Аляскада ҳал бўлади – ҳафта дайжести

Ассалому алайкум, азизлар. Бугун 10 август, якшанба. Одатдагидек, ҳафтанинг муҳим воқеаларини сиз билан бирга эслаймиз. Бугунги ҳафталик дайжестни асосан Украинадаги урушни тугатишга қаратилган музокараларга бағишлаймиз. Чунки ҳафта давомида бу борада яхшигина олдинга силжиш кузатилди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Трамп ва Путин кўришади

Ҳафтанинг энг муҳим воқеаси Трамп ва Путин учрашув бўйича келишиб олгани бўлди. Бу икки президентнинг Россия Украинага бостириб кирганидан кейинги илк учрашуви бўлади. Трамп Оқ уйга қайтганидан кейин Путин билан олти марта телефонда гаплашди, лекин кўришгани йўқ.

Учрашув жойи сифатида икки давлат чегарасидаги, Америка бир вақтлар руслардан сотиб олган Аляска штати танланди. Яъни Путин Америкага боради. Россия президенти охирги марта АҚШга 2015 йил борганди. Ўшанда БМТ Бош ассамблеясида нутқ сўзлаган Путин мезбон Барак Обама билан кўришади.

Охирги учрашувдан ўн йил ўтди. Бу вақт ичида «Путиннинг кейинги ташрифи Аляска мавзусида бўлади» деган ҳазил гаплар ҳам тарқалди. Буни қарангки, чиндан Путиннинг ўн йил ичидаги илк ташрифи айнан Аляскага амалга оширилади.

АҚШдаги учрашувда Трамп ва Путиндан ташқари Зеленский ҳам қатнашиши мумкин. Америка нашрлари бу ҳақда турли хабарлар тарқатди, лекин аниғини 15 август куни билиб оламиз. Катта эҳтимол, бу учрашувда урушни музлатиш масаласи муҳокама қилинади, чунки икки томон ҳам чекинадиганга ўхшамайди.

«Биз еримизни бермаймиз»

Трамп Путин билан Аляскада учрашиши ҳақида 9 августга ўтар кечаси хабар қилди. Зеленский эса мамлакат бир қарич ерини ҳам Россияга топширишга рози бўлмаслигини айтди.

«Украина ўзига тегишли бўлган ерларни ҳимоя қилмоқда. Россия томонда бўлганлар ҳам у зулм қилаётганини билади. Украин халқи тинчликка муносиб. Россия урушни бошлади, Россия уни тугатиши керак. Ҳудудий масала бўйича саволга жавоб Украина конституциясида бор. Украина ўз ерини босқинчиларга бермайди», деди Зеленский.

Кўп ўтмай Америка нашрларида Зеленскийнинг бу чиқиши Трампнинг жаҳлини чиқариши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар чиқди. Афтидан, америкаликлар Киевни музокаралар тафсилотидан бохабар қилган ва унда Украина ўз ерларини бериши кераклиги қайд этилган кўринади. Зеленскийнинг жаҳл билан қилган баёнотини бошқача изоҳлаб бўлмайди.

Агар чиндан Трамп Украина ерларини Россияга олиб бериш эвазига сулҳ имзолашга уринаётган бўлса-ю, Зеленский бунга қаршилик қилса, ана шунда Украина учун чинакам қийин кунлар бошланади.

Уиткофф Москвага борди

Ҳафтанинг энг муҳим воқеаси бўлмиш Трамп ва Путин учрашуви бўйича келишувга АҚШ президентининг махсус вакили Стивен Уиткофф Москвага борганидан кейин эришилди. Жаноб Уиткофф Путин билан олтинчи марта кўришди. Қизиғи, Трамп олти ой ичида Путин билан олти марта телефонда гаплашди, ҳамма ер олти – ҳар бир учрашувга битта телефон суҳбати.

Бу учрашувда Уиткофф АҚШнинг жиддий шартини етказган кўринади, акс ҳолда Путин Трамп билан кўришишга рози бўлмасди. Эсингизда бўлса, миллиардер Уиткофф ўтган гал Путин билан учрашувга таржимонсиз боргани учун АҚШда танқидга учраганди. Ахир протокол бўйича америкалик дипломатлар бошқа давлат таржимонларига ишониши мумкин эмас, уларнинг ўз таржимони бўлиши шарт.

Германиянинг Bild нашри украиналик мулозимларга таяниб ёзишича, Уиткофф Путин билан учрашув вақтида уни тушунмаган. Яъни Путин украинлар Херсон ва Запорижжядан чиқиши керак, деган гапини Россия бу икки украин вилоятидан чиқмоқчи, деб тушунган. Маълум бўлишича, европаликлар Уиткоффнинг Путин билан учрашувидан кейин ўзаро мулоқот ўтказиб, америкаликлар нима истаётганини тушунмаяпти деган хулосага келган.

Алиев ва Пашинян Вашингтонда кўришди

Ҳафтанинг энг муҳим воқеаларидан бири Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ва Арманистон бош вазири Никол Пашиняннинг АҚШда учрашгани бўлди. Доналд Трамп иштирокидаги учрашувда икки давлат ўртасида тинч муносабатлар декларацияси имзоланди. Аслида бу келишув ҳар икки томонни ҳам ҳеч нимага мажбур қилмайди, лекин рамзий кўринишдаги ҳужжат амалда Озарбойжон ва Арманистон ўртасидаги тинчликка йўл очади.

Ҳужжатнинг энг муҳим банди унда Озарбойжоннинг асосий қисмидан Нахичевонга коридор очиш муҳимлиги қайд этилгани бўлди. Келишув имзолангач, Алиев ва Пашинян тантанали кўришди, Трамп ҳам уларнинг қўлини сиқиб қўйди.

Оқ уйда ўтказилган учрашувда Алиев ва Пашинян инглизча нутқ сўзлади. Арманистон бош вазири нутқини ўқиб берди, лекин Алиев инглизчада равон гапириб, Доналд Трампни тинчлик йўналишида Нобел мукофотига тавсия қилди.

Мадуро учун 50 миллион доллар

АҚШ ҳукумати Венесуэла президенти Николас Мадурони ҳибсга олишга ёрдам берадиган маълумот учун мукофотни икки баравар оширди. Энди бундай маълумот етказган одам 50 миллион долларни қуртдай санаб олади. Бу ҳақда АҚШ бош прокурори Пем Бонди маълум қилди. «У дунёдаги энг катта наркотик сотувчиларидан бўлиб, миллий хавфсизлигимиз учун хавфли ҳисобланади», деган АҚШ бош прокурори.

Венесуэла адлия вазири Иван Хил Пинто бунга муносабат билдириб, АҚШнинг баёнотини пропаганда деб атади. Америка Мадурони қўлга олиш имконини берадиган маълумот учун 25 миллион доллар мукофотни январда эълон қилганди. Қизиқ, айнан қандай маълумот учун пул тўланаркин, Мадуронинг қаерда яшаши, манзили ҳаммага маълум бўлса.

Синиор Мадуро, хавотир олманг, бу америкаликлар Сурия президенти аш-Шаръанинг калласи учун ҳам мукофот эълон қилганди. Кейин Трамп бориб аш-Шаръа билан кўришиб ҳам келди.

Лондонда учрашув

Америка нашрларининг ёзишича, Британияда АҚШ, Украина ва Европа вакиллари иштирокида учрашув бўлиб ўтади. Манбалар учрашувда юқори мартабали мулозимлар қатнашишига урғу берган. Томонлар Доналд Трамп ва Владимир Путин иштирокидаги учрашувни муҳокама қилади. Яъни америкаликлар музокарада Европа ва Украина нималарни илгари суришни исташи борасида бир тўхтамга келади.

Киев ва Болтиқбўйи давлатлари хавотирда

Афтидан, Доналд Трамп Путин билан учрашувда нима қилиб бўлса ҳам урушни тўхтатиш бўйича келишувга эришмоқчи. Ҳатто Украина ерларини Россияники деб тан олиш эвазига бўлса ҳам. Зеленский ва Болтиқбўйи давлатларидан янграётган баёнотларга қараганда, бундай сценарий эҳтимоли юқори. Зеленский ўз саҳифасида чиқиш қилиб, Украина Америка Путин билан келишиши учун ўз ерларини топширмаслигини айтиб бўлди.

Эстония ташқи ишлар вазири ҳам шунга ўхшаш гап айтди. «Чегараларни куч билан ўзгартириш мумкин бўлса, ҳеч ким ўзини хавфсиз ҳисоблай олмайди. Ҳудудий яхлитлик глобал стабиллик асосидир. Биз Украинада ёки бошқа ерда бўладиган агрессияга тоқат қилолмаймиз», деди Маргус Сакна.

Financial Times'нинг ёзишича, Болтиқбўйи давлатлари Трамп Путин билан Россия истаган шартларда келишувга эришса, улар кейингиси бўлишидан хавотирда. Уларнинг хавотирида жон бор. Аниғи шуки, Россия Болтиқбўйида Украинада бўлгани каби жиддий қаршиликка учрамайди. Бу уч давлатни Европа Иттифоқининг бошқа давлатларидан осонгина узиб қўйиш мумкин, уларнинг армияси ҳам ожиз.

Бу давлатлар НАТО аъзоси экани ҳам камида Трамп ҳукмронлиги даврида ҳеч нимани англатмайди, чунки Трамп амалда АҚШ алянснинг бошқа давлатлари учун туриб бермаслигини тушунтириб қўйди. Яъни НАТОнинг 5-моддаси шунчаки қуруқ ҳужжат холос. Камида Трамп даврида.

Бизда ҳозирча шулар, азизлар. Кейинги ҳафта воқеаларга бой бўлади. Трамп Путин билан кўришиб ёки урушни музлатишга келишади ёки Зеленский Украина ерларини бермаслигини айтиб келишувни бузади ва жанг майдонида чинакамига ёлғиз қолади. Балки Трамп Россияга санкция киритар, лекин бунга энди ҳеч ким ишонмайди. Балки ҳеч ким тахмин қилмаган бошқа сценарий бўлар. Бу борада муҳим воқеалардан бехабар қолмаслик учун Kun.uz'нинг саҳифаларига обуна бўлинг.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид