Жаҳон | 23:09 / 29.09.2025
10614
6 дақиқада ўқилади

“Рақобат кайфияти интеграцияга соя солади” — экспертлар қозоқ медиаси ҳақида

Қозоғистон медиасида Ўзбекистон президентининг БМТ сессияси доирасида АҚШ президенти билан учрашгани, лекин қозоқ дипломатияси бунга эришолмагани, қатор истеъфоларга ҳам шу сабаб бўлгани айтилмоқда. Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида бундай таққослаш ва рақобат кайфияти икки мамлакатнинг ҳам манфаатларига тўғри келмаслиги ҳақида сўз борди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Қозоғистон президенти Ню Йорк сафаридан кейин ташқи ишлар вазири ва ташқи сиёсатга масъул бошқа қатор кадрларни алмаштиргани қозоқ матбуотида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Медиамаконда бу истеъфолар айнан АҚШ сафари билан боғлиқлиги, ташриф давомида АҚШ президенти билан учрашув ташкил этилмагани, ваҳоланки бундай натижага ўзбек дипломатияси эриша олганига урғу берилмоқда.

Аввалроқ шунга ўхшаш таққослашлар Ўзбекистоннинг спортдаги ютуқлари фонида ҳам кўзга ташланганди.

Kun.uz'нинг “Геосиёсат” ҳафталигида қатнашган сиёсий таҳлилчилар Ўзбекистон билан рақобатчилик кайфияти қўшни мамлакат жамоатчилигида кучайиб бораётгандек таассурот борлиги, бу эса минтақа келажаги учун ижобий ҳолат эмаслигини айтишди.

Камолиддин Раббимов, сиёсатшунос:

— Збигнев Бжезинский 1997 йилда “Буюк шахмат доскаси” деган китоб ёзган. Унда Марказий Осиёнинг лидери ким деган саволни бериб, Ўзбекистон ва Қозоғистонни солиштиради. Шундан буён бутун дунёда, минтақа бўйича экспертларда ва сиёсий элиталарда мен Бжезинский синдроми деб атайдиган қараш шаклланган. Бу ўтмишда икки давлат ўртасидаги ҳамкорликка каттагина соя солди.

Баъзан у давлатнинг, баъзан бу давлатнинг дипломатияси кучли рол ўйнаши мумкин. Лекин бизда ҳали минтақавий дипломатия ва минтақавий координация кучли шакллангани йўқ. Бу – 2016 йилга қадар минтақани бўлиб ташлашга, қарама-қарши қўйишларга олиб келди. Ташқи дунёда Марказий Осиё интеграциясини истамайдиган қудратли давлатлар ҳам бор.

Айни пайтда Қозоғистоннинг аудиториясида ҳам мана шундай кайфият жуда кучлилик қиляпти. Бу нарсани ҳам инкор қилиб бўлмайди. Қозоғистонда баъзи бир сиёсатшунослар, баъзи билан сиёсий доиралар орасида ўзини Ўзбекистон орқали ўлчаш урфга кириб қолган. Бу – минтақадаги интеграцияга ва ҳамкорликка маълум бир маънода соя солади, халақит беради. Айниқса, минтақавий интеграция жараёнлари ҳали бошланмаган, лекин координация бошланган бир вақтда.

Шуҳрат Расул, сиёсий шарҳловчи:

— Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темирйўли қурилиши масаласини Ўзбекистон кўтарганида Қозоғистоннинг кўплаб экспертлари, ҳатто машҳур шарҳловчиси Дўсим Сатпаев ҳам қандайдир ғайирлик билан қабул қилишганди. “Бу бизнинг иқтисодий манфаатларимизга тўғри келмайди”, деган гаплар кўп бўлган.

Кечаги воқеада ҳам, қозоқ медиасини кузатдим, улар ўзлари шу қиёслашни, рақобатни кўтариб чиқяпти. Ўзбекистон матбуотида бу ҳақда ҳеч ким ҳеч нарса деяётгани йўқ. На босма, на интернет нашрларимизда бунақанги таққослаш, рақобатга ундаш, “биз мана бу ерда қозоқларни ютиб қўйдик” деганга ўхшаш гаплар йўқ. Лекин қозоқ медиасида шу мазмундаги чиқишлар талайгина.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида бир қанча стратегик шартномалар бор, жумладан абадий дўстлик тўғрисида ҳам. Ўзи шу икки давлат – Марказий Осиёдаги бош интегратор. Шундай экан, Қозоғистоннинг айрим медиалари градусларни сал туширса яхшироқ бўларди.

Ҳамма катта ўйинчилар бизни яхлит ҳудуд деб кўраётган бир пайтда, минтақавий “лидерлик”ка талашиш – бу ўспиринча фикрлаш бўлиб қолади. Қозоғистонлик фаолларга Ўзбекистон Қозоғистонга нисбатан мутлақо хайрихоҳлигини тушунтиришимиз керак. Ва улар ҳам бизга нисбатан худди шундай хайрихоҳ бўлиши керак.

Камолиддин Раббимов:

— Бундай кайфиятдан ташқи дунё фойдаланади. Бу кайфият ичкаридан шаклланаётган экан, кимда кўпроқ шаклланяпти деган саволга Шуҳрат ака жавоб бериб ўтди. Ҳар битта жамият ўзининг тафаккурини ҳам таҳлил қилиши керак. Нима учун бизда шундай тафаккур бор ва бу бизга қанчалик фойда олиб келади, деган саволлар қўйилиши керак.

Анвар Йўлдошев, тарих фанлари доктори, сиёсий фанлар номзоди, профессор:

— Марказий Осиё давлатлари орасида энг катта савдо айланмамиз Қозоғистон билан. Ўтган йили 6,5 млрд доллар бўлган. Бу ўсиши керак. Агар бунақа кайфиятлар бўлса, бу ўсмайди. Шундай экан, бундай нарсаларга ОАВ орқали таъсир қилиш керак. Ижобийга ўзгартиришга ҳаракат қилиш керак. Нафақат Қозоғистон, балки Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон билан ҳам Марказий Осиё жипслиги устида ишлаш керак. Кооперациядан энди интеграцияга қадамлар қўйилиши зарур.

Бектош Бердиев, сиёсий шарҳловчи:

— Биз, университетлар халқаро конференциялар ўтказамиз. Олимларимиз ҳам худди шу ердаги гапларни айтяпти: бирлашишимиз керак. Лекин бу гаплар жамоатчиликка чиқмаяпти. Жамоатчиликка олиб чиқиш ОАВнинг қўлида. Шундай экан, қозоғистонлик сиёсий шарҳловчилар, фаолларни эфирга чақирайлик, гаплашиб олайлик. Керак бўлса, биз ҳам бориб, қозоқ медиасида чиқайлик.

Таниқли сиёсий шарҳловчиларнинг ҳамкорлиги интеграцияга катта йўл очади. Чунки халқ кўпроқ уларни кўради, профессорларни эмас.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид