Жаҳон | 18:33 / 18.10.2024
3809
3 дақиқада ўқилади

Канада хорижлик талабаларга ўқишни тугатгандан кейин мамлакатда қолиб ишлашни чеклайди

Канада ҳукумати 2026 йилга қадар мамлакатда вақтинча истиқомат қилувчи чет эл фуқаролари улушини 6,5 фоиздан 5 фоизгача камайтирмоқчи. Ҳукумат хорижлик талабаларга нисбатан бир қатор чеклов чораларини қабул қилди.

Фото: Getty Images

2024 йил октябр ойи бошида миграция нормаларида янги ўзгаришлар эълон қилинганди. Бу ўзгаришлар таълимни тугатгандан сўнг Канадада ишлашни режалаштирган ва шу мақсадда дипломдан кейинги иш рухсатномасини (post-graduate work permit, PGWP) олишни кўзлаётган талабаларга тегишли бўлади.

1 ноябрдан бошлаб, PGWP учун ариза берувчиларнинг барчаси инглиз ёки француз тилини етарли даражада билишини исботлаши талаб этилади. Университет дастурларини тамомлаганлар камида етти балл билан Canadian Language Benchmarks (инглиз тили учун) ёки Niveaux de competence linguistique canadiens (француз тили учун) тестини топширганлик тўғрисида сертификат тақдим этиши керак бўлади.

Коллеж битирувчилари учун талаблар пастроқ: худди шу тестлар бўйича беш балл етарли. Бунда тил билишнинг тўртала жиҳати: ўқиш, ёзиш, тинглаш ва гапириш бўйича белгиланган чегарадан ўтиш зарур. Сертификат PGWP учун ариза беришдан камида икки йил олдин аккредитация қилинган ташкилотдан олинган бўлиши керак.

Бакалавриат, магистратура ва докторантура дастурлари бўйича таҳсил олаётган чет эллик талабалар учун ўзгаришлар фақат шу билан чекланади. Ушбу талабалар ўқишни тугатгандан сўнг ариза топшириши мумкин, бироқ бунинг учун уларнинг таълим муассасаси PGWP’га даъвогарлик қилиш ҳуқуқини берувчи расмий рўйхатга киритилган бўлиши шарт.

Канададаги университет ёки коллежга бошқа ўқув дастурлари бўйича таҳсил олишга келган талабалар эса муаммога дуч келиши мумкин. Янги қоидалар PGWP ҳуқуқини берадиган таълим соҳаларини бешта йирик тармоқ бўйича 966 та мутахассислик билан чеклайди: қишлоқ хўжалиги ва агро озиқ-овқат саноати, соғлиқни сақлаш, STEM (фан, технология, муҳандислик ва математика), савдо ҳамда транспорт.

2024 йил 1 ноябргача топширилган PGWP олиш учун аризалар илгари амал қилган қоидаларга мувофиқ кўриб чиқилади.

Экспертларнинг янги ўзгаришларга муносабати турлича. Кўпчилик Канадага жуда зарур бўлган касб эгалари учунгина мамлакатда яшаш ва ишлаш ҳуқуқини бериш оқилона йўл, деб ҳисоблайди. Яна бир гуруҳ мутахассислар муайян соҳаларда Канада анъанавий тарзда четдан келган ишчиларга таянишини ва бу соҳалар рўйхатга киритилмагани сабабли зарар кўриши мумкинлигини таъкидламоқда (масалан, меҳмонхона саноати).

Мутахассислар, шунингдек, ўқув муассасаларида дастурларни PGWP ҳуқуқини берадиган ва бермайдиган турларга ажратишда чалкашликлар юзага келиши мумкинлигидан хавотирда. Канада таълим соҳаси вакиллари ҳукумат янги меъёрларнинг самарадорлигини кузатиб боришига ва натижаларга қараб уларга тузатишлар киритишига умид билдирмоқда.

Мавзуга оид