Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳукуматнинг Бекобод шаҳри бўйича қарори қабул қилинади
Вазирлар Маҳкамасининг “Республика бўйсунувидаги Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрини 2020-2022 йилларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Ўзбекистон Республикаси президентининг “Республика бўйсунувидаги шаҳарларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2019 йил 4 июндаги ПФ-5738-сон фармони билан юклатилган аниқ вазифалар ижросини таъминлаш учун Бекобод шаҳрида 2020-2022 йилларда бажариладиган асосий тадбирлар қуйидагилар этиб белгиланади:
биринчидан, Бекобод шаҳрининг Бош режасини танқидий ўрганиб, йўл-транспорт инфратузилмаси, шоҳ кўчалар, кўп қаватли уйлар қурилиши, парклар, булварлар, замонавий савдо марказлари, инфратузилма объектлари ва саноат зоналарини жойлаштириш масалаларини муҳандислик тармоқлари билан биргаликда кўриб чиқиб, таклифларни тайёрлаш ҳамда яқин 3-5 йиллик шаҳарсозлик вазифаларини белгилаб олиш;
архитектуравий қиёфани замонавийлаштириш, кўп қаватли уй-жой фондини сифат жиҳатдан яхшилаш, коммунал хизмат кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш, аҳолига сифатли коммунал хизмат кўрсатишни жорий этиш;
муҳандислик-коммуникация тармоқлари, хусусан ичимлик суви ва канализация тизимларини қайтадан қуриш, автомобиль йўллари ва ички кўчалар ҳолатини яхшилаш, шаҳар кўчаларидаги массивларда тунги ёритиш тизимларини янгидан замонавий ҳолатга келтириш;
ички ва шаҳарлараро йўналишларда ҳаракатланувчи жамоат транспортларининг янги йўналишларини ташкил этиб, аҳолига сифатли ва қулай транспорт хизматларини кўрсатишни ташкил этиш;
транспорт хизматларини кўрсатувчи янги хусусий корхоналар ташкил этиб, уларни молиявий қўллаб-қувватлаш орқали замонавий жамоат транспорт воситаларини харид қилиш;
иккинчидан, шаҳарда экологик муҳитни яхшилаш, аҳоли саломатлигига салбий таъсирни камайтириш чораларини кўриш, кўкаламзорлаштириш, дарахтларни ўтқазиш ва яшил майдонлар, гулзорлар ташкил этиш тадбирларини амалга ошириш;
бунда, мазкур тадбирларни амалга ошириш учун шаҳарларда очиқ ва ёпиқ ер ости суғориш тизимларини барпо этиб, ирригация тармоқларини бугунги кун талабида қайта тиклаш;
учинчидан, ижтимоий соҳа муассасалари ҳолатини яхшилаш, биноларини таъмирлаш, ҳудудларини ободонлаштириш, жиҳозларини янгилаш, мутахассисларни малакасини ва хизмат маданиятини ошириш орқали кўрсатиладиган хизматлар сифатини кескин ошириб, бу соҳада хусусий сектор улуши кўпайтириш;
замонавий тиббий хизмат кўрсатиш клиникалари ва ташхис марказларини барпо этиш;
хотин-қизларни турли касбларга ўргатиш ҳамда қизларни ҳаёт мактабига тайёрлашга ихтисослашган ўқув марказлари фаолиятини кенг йўлга қўйиш;
тўртинчидан, аҳолининг маънавияти ва маданиятини ўстириш билан алоқадор тизимли тадбирларни амалга ошириш, хусусан қаровсиз қолган ва зарур даражада фойдаланилмай турган маданият ва санъат саройларини янгидан таъмирлаб, соҳа учун зарур бўлган жиҳозлар билан таъминлаш;
бешинчидан, ўсиб келаётган ёшларни спортга кенг жалб этиш учун давлат умумтаълим мактабларида самарасиз фойдаланилаётган спорт майдонларида, спорт залларида давлат шерикчилик ва бошқа асосларда ташаббускорлар, Ёшлар иттифоқи, Спорт вазирлиги билан ҳамкорликда ёшларни, шунингдек ўрта ёшдаги аҳолини спортга жалб этиш;
олтинчидан, шаҳарлар ичидан оқиб ўтувчи сув бўйи ҳудудларини ободонлаштириш, аҳоли кўнгил очар масканларини, сайилгоҳларни барпо этиш;
кўп қаватли уйлар орасида сунъий қопламали футбол, баскетбол майдонлари ва майдончалари, болалар майдончалари барпо этиш ҳамда дам олиш, ҳордиқ чиқариш ўриндиқларини ўрнатиш;
еттинчидан, аҳолининг маданий ҳордиқ чиқариши учун замонавий парклар барпо этилиб, уларда замонавий кўнгил очар хизмат кўрсатиш турлари ташкил этиш;
саккизинчидан, аҳолининг иш билан бандлигини ошириш ҳамда ишсизлик даражасини сўнгги 3 йилда 5 фоиз даражагача пасайтириш мақсадида, тадбиркорларни жалб этган ҳолда саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларини, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш тармоғини жадал ривожлантириш;
саноат тармоқларини ривожлантириш учун тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳажмини кескин ошириш, маҳаллий хом-ашёдан экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали шаҳар иқтисодиётига валюта тушумини кўпайтириш борасида самарали ишларни ташкил этиш;
мавжуд кичик саноат зоналари иштирокчилари фаолиятини қўллаб-қувватлаб, янги ҳудудларда истиқболли лойиҳаларни жойлаштириш йўли билан саноат зоналарини ташкил этиш;
тўққизинчидан, солиққа тортиш базасини кенгайтириш орқали маҳаллий бюджетга даромадлар тушумини кескин ошириш.
Қуйидагиларни ўз ичига олувчи Республика бўйсунувидаги Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрини 2020-2022 йилларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлар дастури тасдиқланади:
комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг молиялаштириш манбалари;
саноат ва хизмат кўрсатиш соҳасини комплекс ривожлантириш, саноат маҳсулотлари, жумладан экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқаришни ошириш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари, хусусан аёллар учун иш ўринларини яратиш, бўш турган ва самарасиз фойдаланилаётган бино-иншоотлардан, ер майдонларидан самарали фойдаланиш ҳамда маҳаллий бюджет даромадларини ошириш тадбирлари;
муҳандислик-коммуникация, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини жадал ривожлантиришга ҳамда аҳолининг турмуш шароитини яхшилашга замин яратувчи комплекс тадбирлар;
мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт соҳаларини моддий-техник таъминотини юқори даражага кўтариш, ушбу соҳаларда кўрсатилаётган хизматларнинг сифати ҳамда қамрови даражасини кескин ошириш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишга асос яратувчи халқ таълими, соғлиқни сақлаш, маданият, маърифат бўйича комплекс тадбирлар;
кўп қаватли ўй-жойларни бошқариш ҳамда аҳолига кўрсатилаётган коммунал хизматлар сифатини тубдан ошириш, ободонлаштириш, экологик муҳитни яхшилаш, шаҳар аҳолисига муносиб яшаш шароитини яратиш бўйича комплекс тадбирлар.
Дастур параметрлари бажарилишини таъминлаш бўйича давлат ва хўжалик бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, тижорат банклари фаолиятини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш бўйича республика ишчи гуруҳи таркиби тасдиқланади.
Бош вазир маслаҳатчиси (Султонов), “Ҳудуд газ таъминот” АЖ (Эшмуродов), Тошкент вилояти ҳокимлиги (Холматов) Бекобод шаҳридаги “Keramika ogneupor” МЧЖ, “Bek-madad-qurilish” МЧЖ ва “National porcelain” МЧЖ корхоналари томонидан экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини инобатга олиб, узлуксиз табиий газ билан таъминлайди.
Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Қурилиш вазирлиги, Тошкент вилояти ҳокимлиги ва Бекобод шаҳар ҳокимлиги:
Дастурга киритилган лойиҳалар ижросини таъминлашда лойиҳа ташаббускорларига ер танлаш ва ажратишни белгиланган тартибда, бош режага асосан амалга оширади;
“Ўзшаҳар қурилиш инвест” инжиниринг компанияси билан биргаликда 2020-2022 йилларда Бекобод шаҳрида 15 та арзон 5-7 қаватли кўп квартирали уйларни қурилишини таъминлаш чораларини кўради.
Тошкент вилояти ер участкалари бериш амалиётини ўрганиш бўйича комиссия шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқ Тошкент вилояти ва Бекобод шаҳар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, “ТошкентбошпланЛИТИ” ДУК, “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси билан биргаликда:
Бекобод шаҳар Ғофур Ғулом кўчасида 5 та ташаббус доирасида Ёшларни маънавий юксалтириш мақсадида марказ ташкил этиш учун ер майдони ажратиш;
ҳар бир сектор ҳудудларида аҳолининг таклифларидан келиб чиқиб, тижорат ва ижтимоий кўп қаватли уйлар қурилиши учун зарур ер майдонлари ажратиш;
Бекобод шаҳар Турон кўчасида бизнес маркази қурилиши учун ер майдони ажратиш;
Бекобод шаҳар Турон кўчасида замонавий меҳмонхона қурилиши учун ер майдони ажратиш;
“Keramika ogneupor” МЧЖ ва “Agro universal omad” ДХ замонавий иссиқхона ва боғ ташкил этиш учун корхоналарга туташ бўлган бўш ер майдонларида зарур ер майдонларини ажратиш;
Бекобод шаҳрида жойлашган Халқаро "Бекобод Авто" пости ёнида кемпинг мажмуаси қуриш учун ер майдони ажратиш ҳамда лойиҳалар учун ер майдони ажратилиши таъминлайди.
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, Маданият вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, “ТошкентбошпланЛИТИ” ДУК, “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси билан биргаликда:
шаҳарнинг Бош режасига асосан Турон кўчасида янги Хотира майдони қурилиши муносабати билан Буюк ипак йўли кўчасидаги эски Хотира майдонини демонтаж қилинишини амалга оширади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари, Ташқи ишлар вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Молия вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси, Тошкент вилояти ва Бекобод шаҳар ҳокимлиги;
Бекобод шаҳрининг қўшни Тожикистон Республикаси билан чегарадош ҳудудида қолиб кетган “Жомий” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 127 та, “Бунёдкор” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 142 та ҳамда “Ҳ.Олимжон” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли “Қардошлик–2” аҳоли яшаш пунктидаги 31 та жами 300 та аҳоли хонадонларини демаркация қилиш бўйича Тожикистон Республикаси Ҳукумати билан музокаралар ўтказади;
хонадонларни мамлакат ичкарисига кўчириш зарурияти туғилганда Бекобод тумани “Бобур” фермерлар уюшмаси ҳудудидан 40 га ер майдонини уй-жойлар қурилиши учун ажратилади.
Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, “Тошкент-бошпланЛИТИ” ДУК, “Ергеодезкадастр” қўмитаси, “Қишлоққурилишинвест” ИК, “Ўзметкомбинат” АЖ, “Бекободцемент” АЖ, Тошкент вилояти ва Бекобод шаҳар ҳокимликлари:
Бекобод шаҳар "Ўзбекистон" маҳалласи ҳудудидаги 1928-1945 йилларда барак типида қурилган уй-жойларда яшовчи 509 та аҳоли хонадонларини кўчириш учун "Мустақилликнинг 27 йиллиги" даҳасидан ер майдони ажратиш ва ушбу ер майдонларида 2 сотихли намунали уй-жойлар қурилиши 2020-2022 йилларда “Ўзметкомбинат” АЖ маблағлари ҳисобидан амалга ошириш;
Бекобод шаҳар "Бирдамлик" маҳалласи "Шохбекат", "Қардошлик" ва “Ватанпарвар” тор кўчаларида 1930-1950 йилларда қурилган барак типидаги уй-жойларда яшовчи 47 та аҳоли хонадонларини “Бекободцемент” АЖ корхонаси ҳимоя ҳудудида жойлашганлиги сабабли мазкур хонадонларни кўчириш учун “Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғини Пахтаобод кўчасидан ер майдони ажратиш ва ушбу ер майдонида 2 сотихли намунали уй-жойлар қурилиши 2020-2022 йилларда “Бекободцемент” АЖ маблағлари ҳисобидан амалга ошириш таъминлайди.
Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Тошкент вилояти ҳокимлиги, “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси ва “ТошкентбошпланЛИТИ” ДУК билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 31 январдаги 69-сонли қарорига биноан Бекобод шаҳрини 2035 йилгача мўлжалланган Бош режасига асосан шаҳар ҳудудини чегарасини кенгайтириш бўйича Олий Мажлис ва Сенат қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритади.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, “ТошкентбошпланЛИТИ” ДУК, “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси Тошкент вилояти ва Бекобод шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда шаҳар марказидан ўтган "Хас-яз" каналининг қирғоқларига туташ ҳудудларни ободонлаштириш ва қирғоқ бўйи ҳудудларини мустаҳкамлаш, атрофида сайилгоҳ ташкил этиш лойиҳаси тадбирларини амалга оширади.
“Ўзметкомбинат” ва “Бекободцемент” акционерлик жамиятлари томонидан ишлаб чиқариш жараёнида атмосферага чиқаётган чиқиндиларни шаҳар аҳолисига зарарини камайтириш, шаҳарда экологик вазиятни юмшатиш ва яхшилаш мақсадида шаҳарнинг барча маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги кўчаларда манзарали дарахтлар экиш, суғориш қувурларини ўрнатиш, томчилатиб суғориш тизимини ва гулдонлар ташкил этиш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишларини ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширади.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Тошкент вилоят ҳокимлиги билан биргаликда Бекобод шаҳар ҳудудидаги кўчаларни, хиёбонларни ҳамда мавжуд қабристонларни хатловдан ўтказиб, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини яхшилаш мақсадида шаҳар Ободонлаштириш бошқармасига норматив ҳужжатлар асосида қўшимча штат бирлиги ажратиш чорасини кўради.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Тошкент вилояти ҳокимлиги, Бекобод шаҳрида экологик муҳитни яхшилаш, айниқса кўп қаватли уйлар жойлашган маҳаллалардаги майдонларда манзарали-ҳавони тозаловчи, кислород берувчи дарахтларни ўтқазиш, майсазорлар ва гулзорларни ташкил этиб, аҳолига муносиб яшаш шароитларини яратиш мақсадида, “ЎзшаҳарсозликЛИТИ” ДУК томонидан ишлаб чиқиб тасдиқланган схема асосида шаҳарни суғориш тизимини барпо этиш учун 2020-2022 йилларда инвестиция дастури доирасида зарур маблағларни ажратилишини таъминлайди.
Тошкент вилояти ҳокимлиги Бекобод шаҳри суғориш тизимини лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, экспертизадан ўтказиш ва лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида Инвестиция дастурига киритган ҳолда молиялаштириш ҳамда ижрога қаратилишини таъминлайди.
Мавзуга оид
11:59 / 17.12.2025
Дала четларидан фойдаланган фермерларга солиқ имтиёзлари берилади
10:34 / 16.12.2025
Бекободда машинада одам уриб ўлдириб, жасадни каналга оқизиб юборган “опер”га хотини ёрдамлашгани маълум бўлди
12:23 / 12.11.2025
Тезкор тадбирларда валюта айирбошлашнинг ноқонуний схемалари аниқланди
00:02 / 03.11.2025