Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Онкология хизматлари арзонлашади: янги республика марказида пресс-тур ўтказилди
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология марказининг янги мажмуасида оммавий ахборот воситалари учун пресс-тур ташкил этилди. Тадбирда мутасаддилар онкология хизматлари нархи келгуси йиллардан босқичма-босқич пасайтирилишини маълум қилди.
23 декабрь куни ушбу марказда оммавий ахборот воситалари учун пресс-тур ташкил қилинди. Тадбирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари, тегишли ташкилотлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Таъкидланишича, ушбу мажмуа Республика онкология маркази ва унинг Тошкент шаҳар филиалини бирлаштирган ягона муассаса ҳисобланади. 650 ўринга мўлжалланган янги бино халқаро стандартлар асосида лойиҳалаштирилган. Марказда диагностика, кимётерапия, радиотерапия, жарроҳлик, паллиатив ва реабилитация хизматлари бир жойда кўрсатилади. Европа ва АҚШ стандартлари асосида ташкил этилган 17 та янги клиник бўлим, 66 та реанимация ўрни, 100 та кундузги кимётерапия ва 17 та жарроҳлик хонаси, 42 та реанимация ва интенсив терапия хоналари бор.
Пресс тур давомида шу кунларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган шаҳар онкология шифохонасининг республика марказига қўшилиши масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи в. б. Ботирбек Исабеков шаҳар филиали ходимларининг барчаси иш билан таъминланиши ва компенсация тўловлари амалга оширилишини айтди:
“Шаҳар онкология диспансерида ишлаган барча ходимларга компенсация ва тўловлар тўлаб берилади. Бунинг ҳисоб-китоби қилиняпти, ўйлайманки январ ойининг 1-ҳафтасида уларнинг қўлига тўлиқ компенсациялар берилади.
Ходимларнинг ишга келиб-кетиш масаласиям инобатга олинди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Тошкент транспорт бош бошқармаси билан бу масалада ишладик. Автобус бекати ташкил қилиниб, 4 та автобус йўналиши йўлга қўйилди: 28-автобус (Роҳат метросидан), 138-автобус (Беруний метросидан Бунёдкор маҳалласига), 121-автобус (Чинни бозор), 34-автобус (Чилонзор метро)”.
Марказ раҳбари Седат Каянинг таъкидлашича, тўловли хизматлар нархи янада пасайиши кутилмоқда.
“Соғлиқни сақлаш вазирлигининг пулли хизматлар бўйича тасдиқлаган нормативлари бор. Беморлар шу кунга қадар қайси хизматлар учун тўлов қилишган бўлса, шундай давом этади.
10 ноябр куни президент иштирокидаги йиғилишда мана шу нархларни тушириш ҳақида топшириқ берилди. Янги онкология марказига жуда катта инвестиция киритилган ва бу харажатларни ҳисобга олган ҳолда Молия вазирлиги билан келишувга эришдик. 2026 йилнинг 1 январидан бошлаб мавжуд белгиланган нархлар янада пасайтирилади. Барча консултатив ёки бошқа хизматлар ҳам хусусий клиникалардаги нархлардан анча арзон бўлади.
Республика бўйича онкологик хизматларга устуворлик берилган. Яқин кунларда Жиззах, Хоразм, Бухоро ва Самарқанддаги филиалларимизга юқори технологияли радиотерапия жиҳозларини босқичма-босқич етказиб берамиз. Бу жиҳозлар ҳамма мамлакатларда ҳам топилмайди. Ўзбекистонда бунга жуда катта маблағ ажратилган”, деди у.
Марказда электрон тиббий карталар тизими жорий этилган бўлиб, беморларни рўйхатга олиш вақти 2–3 дақиқагача қисқарган. Мутасаддилар бу даволаш жараёнларининг тезлашишига хизмат қилишини таъкидлашди. Эслатиб ўтамиз, бугун руспубликада 100 мингдан ортиқ саратон хасталари бор ва онкология хизматларига талаб юқори.
Мавзуга оид
14:47 / 22.12.2025
Саратоннинг олдини олиш мумкинми? Мутахассислар тавсия қиладиган маҳсулотлар
16:00 / 16.12.2025
Онкология шифохоналари ёпилиши: узаядиган беморлар навбати ва ёпиқ қарорлар хавфи
11:03 / 29.11.2025
"Бу навбатдаги бизнес режа": Шифокорлар ва беморлар Тошкент онкология касалхонаси тугатилаётганидан норози
17:10 / 08.11.2025