Технология | 18:33 / 05.06.2020
6676
2 дақиқада ўқилади

Google қидирув тизими Chrome фойдаланувчиларини ҳатто инкогнито режимида ҳам кузатган. Энди компания катта жаримага тортилади

Шахсий режимда нима қидирганингиз ёдингизда эмасми? Google'нинг ёдида. 

Google компаниясидан 5 миллиард доллар талаб қилинмоқда. Компания интернетга Chrome браузерининг инкогнито режими орқали кирган фойдаланувчиларнинг маълумотларини ноқонуний йиғишда айбланяпти. Аноним бўлишига қарамай, қидирув тизими фойдаланувчи ташриф буюрган саҳифаларни ёдда сақлаб қолган.

Даъво аризасида айтилишича, маълумотлар Google Analytics, реклама менежери Ad Manager ва компанияга фойдаланувчининг энг яқин контактлари, севимли машғулотлари, одатлари ва ҳатто «ўта шахсий ва эҳтимолий ноқулай нарсалар» ҳақида билиб олишга ёрдам берадиган бошқа хизмат ва иловалар орқали йиғилади. 

Даъвогарнинг сўзларига кўра, Google'нинг деярли ҳар бир америкаликни компютер ёки телефон ёрдамида махфий ва рухсатсиз маълумотларни йиғиш билан шуғулланганлигига кўз юмиб бўлмайди. Суд даъвоси телефон суҳбатларини тинглаш тўғрисидаги федерал қонун ва Калифорния штати қонунларини бузганлик учун камида 5000 АҚШ доллари миқдорида товон пули ундиришни талаб қилмоқда, аммо инкогнито режимидан «миллион» киши фойдаланаётгани ҳисобга олинса, жарима 5 миллиардга айланиб кетади.

Google расмийлари Reuters нашри изоҳларида айбловларга жавоб қайтаришди: «Биз ҳар доим шуни аниқ таъкидлаймизки, инкогнито режимида янги саҳифа очишингиз билан, веб-сайтлар сизнинг интернетдаги ҳаракатларингиз ҳақида маълумотлар йиғади». 

Қидирув тизими судда ўзини ҳимоя қилишга мажбур.

Тайёрлаган:  Назокат Қаршиева

Мавзуга оид