Жаҳон | 14:25 / 07.07.2025
4795
9 дақиқада ўқилади

Ҳусийлар билан зарбалар алмашган Исроил, “America Party” тузмоқчи бўлган Маск ва миллиардлаб зарар кўраётган Россия аэропортлари – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Исроилда минглаб одамлар Ҳамас билан келишувга чақириб намойишга чиқди

Исроил ҳукумати томонидан ўт очишни тўхтатиш бўйича таклиф «маъқуллангач», минглаб норозилар ҲАМАС ҳаракати билан доимий сулҳ тузиш ва асирларни алмашиш бўйича келишув талаб қилиб, кўчаларга чиқди.

Намойишлар Бош вазир Бинямин Нетаняҳунинг Вашингтонга қиладиган ташрифи арафасида ўтказилди. Акциялар маркази сифатида Тел-Авив ажралиб турди — минглаб намойишчилар Бегин проспекти ва Ҳабима майдонини тўлдирди.

Исроил ҳарбий асири Нимрод Коҳенга қариндош бўлган Ётам Коҳен митингда сўзга чиқиб, фақатгина 60 кунлик сулҳ ва исроиллик асирларнинг тахминан ярмини босқичма-босқич озод этишни назарда тутувчи келишув таклифини танқид қилди.

Коҳен ультраўнг қанот вакиллари — Исроил ички хавфсизлик вазири ва молия вазирларини танқид қилиб, уларни Исроилни «диний уруш» томон етаклаётганликда айблади. У аскарлар ҳаёти ва асирлар тақдирини ноқонуний посёлкалар ва ўз амбициялари йўлида қурбон қилмасликка чақирди.

«Раҳбарлар гўёки биз уларнинг курсилари учун, абадий курашиш учун яшаймиз, деб ўйлашади, аммо бу катта хато», — деди яна бир намойишчи.

Anadolu нашрининг ёзишича, шу билан бирга, Тел-Авивда юзлаб одамлар Ғазодаги исроиллик зарбалар оқибатида ҳалок бўлган болаларни хотирлаб «сукунат дақиқаси» акциясини ўтказди.

Каплан кўчасида 400 дан ортиқ иштирокчи йиғилиб, 18 март куни Исроил сулҳни бузиб, Ғазога яна вайронкор ҳужум бошлаганидан кейин ҳалок бўлган болаларнинг суратларини кўтарди. Акцияда мухолифатда бўлган Бирлашган рўйхат партияси аъзоси, Исроил Кнессети депутати Офер Кассиф ҳам қатнашди.

АҚШда учинчи йирик партия тузиладими?

АҚШ президенти Доналд Трамп Илон Маскнинг янги сиёсий партия тузиш режасини «бемаъни» деб атади ва технология магнатига қарши навбатдаги кескин танқидларини йўллади.

Якшанба куни Ню-Жерси штатидаги гольф клубидан Вашингтонга қайтаётган Трамп Air Force One бортига чиқишдан олдин журналистлар билан суҳбатлашди.

«Учинчи партия тузиш — бу бемаъни фикр. Бизда Республика партияси билан улкан муваффақиятлар бор. Демократлар йўлдан адашган, аммо бу тизим ҳар доим икки партияга асосланган бўлган ва учинчи партия фақат чалкашликка олиб келади. Бу тизим айнан икки партия учун ишлаб чиқилган. Учинчи партиялар ҳеч қачон ишламаган, у хоҳласа бу билан ўйнаб кўриши мумкин, лекин бу мутлақо бемаъни», деди Трамп.

Маск ҳақида гапирганидан кўп ўтмай, Трамп ўзининг Truth Social платформасида пост қолдирди:

«Илон Маск бутунлай 'йўлдан чиқиб кетганиниʼ кузатиб юриш менга оғриқ беради — у сўнгги беш ҳафта ичида, аслида, ТЎЛИҚ ФОЖИАга айланган».

Маск шанба куни ўзининг янги сиёсий кучи — America Party (Америка Партияси) ташкил этилаётганини эълон қилганди. У бу партияни Трамп томонидан қабул қилинган солиқ ва бюджет харажатлари тўғрисидаги қонунга жавобан ташкил қилмоқда. Маскка кўра, бу қонун мамлакатни молиявий ҳалокатга олиб боради.

«DOGE'ни яратишдан мақсад нима эди, агар Трамп қарзни яна 5 триллион долларга оширмоқчи бўлса?» — деб ёзди Маск. У қисқа вақт мобайнида ҳукуматни қисқартириш агентлиги (DOGE)ни бошқарган эди. Танқидчилар бу қонунни федерал бюджет танқислигини кескин ошириши ва иқтисодий хавфларни кучайтириши мумкинлиги сабабли танқид қилмоқда.

Маск айтишича, унинг янги партияси кейинги йилги оралиқ сайловларда Трампнинг «катта ва гўзал қонун лойиҳаси»ни қўллаб-қувватлаган Республикачи конгрессменларни лавозимидан четлатишга уринади.

Трамп Маскнинг норози бўлишига сабаб сифатида ушбу қонун Тесла’нинг электромобилларига бериладиган экологик имтиёзлар (яшил энергия кредитлари)ни бекор қилганини таъкидлади. Шунингдек, Трамп Маск танқидларига жавобан Тесла ва SpaceX компанияларига ажратилаётган миллиардлаб долларлик давлат субсидияларини тўхтатиш билан таҳдид қилган.

АҚШ сиёсий тизими асосан икки партияга таянади: Демократлар ва Республикачилар. Бундан ташқари кўплаб кичик партиялар ва мустақил номзодлар ҳам бор, лекин улар маҳаллий даражада фаол.

Исроил ва ҳусийлар ўртасида зарбалар алмашилди

Яман ҳусийлари гипертовушли баллистик ракета билан Исроил пойтахтидаги Бен-Гурион аэропортига зарба берди. «Ансоруллоҳ» ҳаракатига кўра, зарба беришда ўзлари томонидан муҳим технологик ютуқ дея таърифланадиган «Фаластин-2» ракетасидан фойдаланилган. У 2024 йилда Ғазони қўллаб-қувватлаш операцияси учун яратилган эди.

Зарба нишонга теккан ва аэропортдаги ҳаракатнинг тўхтатилишига олиб келган. Исроил Мудофаа армияси тунда Яман томонидан учирилган ракеталар муваффақиятли тутиб қолинганини маълум қилганди. Ўлик денгиз атрофи ва Ўрдун дарёсининг Ғарбий соҳилидаги айрим ҳудудларда сиреналар янграган.

Исроил ва ҲАМАС ўртасида уруш бошланганидан кейин ҳусийлар бир неча бор Исроилга баллистик ракеталар ҳамда дронлар билан ҳужум қилди. Улар бу ишни Ғазо секторидаги фаластинликларга бирдамлик белгиси сифатида амалга ошираётганликларини таъкидлаб келади.

Исроил мудофаа вазири Исраэл Каац бу зарбаларни тасдиқлади. Исроил шундан сўнг ҳусийларга қарши «Қора байроқ» операциясини ўтказиб, уларнинг «Ҳодейда, Рас-Иса ва Салиф портларидаги объектларига» зарба бераётганини маълум қилди. Нишонлар орасида электростанция ва Galaxy Leader кемаси ҳам бор — бу кема 2023 йил ноябрь ойида ҳусийлар томонидан Қизил денгизда мусодара қилинган эди.

«Аввал огоҳлантирганимдек, Яманга ҳам Теҳрон билан бўлгани каби муносабатда бўлинади», — деди Каац.

Ynet нашрининг ёзишича, Исроил ушбу портлар, кема ва электр станциясига тахминан 50 та ракета ва бомба йўллаган. Бош вазир Бинямин Нетаняҳу АҚШга учиб кетаётган самолётида ҳусийларга қарши ҳаракатни шахсан кузатиб борган.

Ҳусийлар ҳаракати «Ансоруллоҳ» сиёсий бюроси Al-Mayadeen каналига берган баёнотида Исроил ҳужумини «Ғарб томонидан қўллаб-қувватланаётган жинояткор тажовуз» деб атади. Шунингдек, Яман ҳаво мудофаа кучлари Исроил ҳужумига қарши зарбани муваффақиятли қайтарганини таъкидлаган.

Харковга ҳужум

7 июль тонгида Харков шаҳри Россиянинг дрон ҳужумига учради, бир нечта туманларга зарба берилган, жабрланганлар сони ортмоқда.

Маҳаллий ОАВларга кўра, жабрланганлар сони 16 нафарга етди. Ҳозирги вақтда Шевченкивски туманида – 11 киши, уларнинг орасида 2 нафар бола бор. Слобидски туманида – 5 киши, шулардан 1 нафар бола.

Тонгда Харков мэри Игор Терехов шаҳар икки «Шаҳед» русумидаги душман дрони билан ҳужумга учраганини хабар қилди. У, шунингдек, портлашлар ва шаҳарда яна дронларнинг пайдо бўлиши ҳақида огоҳлантирди.

4 июль куни Россия Украинага қарши 539 та «Шаҳед» дрони, симулятор дронлар ва турли русумдаги ракеталарни учирган эди.

Украина Қуролли Кучлари Учувчисиз тизимлар қўмондонлиги бошлиғининг огоҳлантиришича, Россия тез орада кунига 1000 та зарбали дрон учириш салоҳиятига эга бўлади.

Россия аэропортларида коллапс

Россияда кеча дрон хавфи ва хавфсизлик чораларининг кучайтирилиши оқибатида деярли 400 та рейс бекор қилинди ёки кечиктирилди.

Росавиация хабарига кўра, Москва, Санкт-Петербург ва Нижний Новгород аэропортларида хавфсизлик мақсадида чекловлар жорий этилган. Россия Мудофаа вазирлиги эса мамлакат ҳудуди устида қарийб 50 та дрон уриб туширилганини маълум қилди.

Чекловлар қуйидаги аэропортларга таъсир қилди:

  • Москва — Шереметево,
  • Санкт-Петербург — Пулково,
  • Нижний Новгород — Чкалов (Стригино).

Шунингдек, Иваново, Калуга, Псков, Тамбов ва Ярославл аэропортлари ҳам вақтинча авиақатновларни амалга оширмаган. Россия Транспорт вазирлиги ва Росавиация бу чоралар «парвозлар хавфсизлигини таъминлаш» мақсадида кўрилганини билдирди.

Таҳлилчилар ҳисоб-китобига кўра, икки кунлик авиа-коллапс Россия авиакомпанияларига тахминан 20 миллиард рубль — 250 миллион доллар зарар келтириши мумкин.

6 июль куни Россия Мудофаа вазирлиги мамлакат осмонида 48 та дрон уриб туширилганини эълон қилди. Ҳужумлар мамлакатнинг саккиз вилоятида содир бўлган.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид