Жаҳон | 22:03 / 21.12.2018
14609
2 дақиқада ўқилади

Камбожада Осиёдаги энг узун гидроэлектр станция ишга туширилди

Фото: trend.az

17 декабрда Камбожанинг Стингтраенг вилоятидаги Сан дарёсида қурилган Гидроэлектр станция-2 фойдаланишга топширилди. Ушбу ГЭС Камбожа ва Хитойнинг қўшма лойиҳаси ҳисобланади. 6,5 км узунликка эга ГЭС “Уч дара” деб аталади ва Осиёдаги энг узуни ҳисобланади. 

ГЭС очилишида Камбожа бош вазири Хун Сен, Хитойнинг Камбожадаги элчиси Ван Вэйтянь, Хитойнинг China Huaneng Group электр энергетика корпорацияси бош директори ўринбосари ва яна 4,5 минг киши иштирок этган. 

Камбожа бош вазири Хитой ҳукуматининг Камбожа электр энергетикаси ва иқтисодиётини ривожлантиришдаги ҳиссасини юқори баҳолаган. Унинг таъкидлашича, янги ГЭС мамлакатдаги энг йирик ГЭС бўлиб, хавфсиз, барқарор ва соф электр энергияни ишлаб чиқаради. 

Таъкидланишича, бу лойиҳа маҳаллий аҳолига иш ўринлари беради, Камбожанинг электр энергия олишдаги мустақиллиги ва хавфсизлигини таъминлайди, халқ турмуш тарзини яхшилашда ва иқтисодиётни жадаллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.

Маълум қилинишича, ГЭСда 50 минг кВт қувватга эга 8 та капсулали гидроагрегат ўрнатилган. ГЭСнинг тўлиқ қуввати 400 минг кВт-соатга етади ва Камбожадаги ГЭСларнинг умумий қувватининг 20 фоизини ташкил қилади. ГЭСда бир йилда ишлаб чиқариладиган электр энергия миқдори 1,97 млрд кВт-соатга етади.

Хитой Камбожада ГЭС тўғонлари ва бошқа инфратузилмалар қурилишининг бош сармоячиси ҳисобланади. Янги ГЭС Хитой ва Камбожа томонидан “Бир камар, бир йўл” ташаббусининг биргаликда амалга оширилишига ёрқин мисол бўлди.

Тайёрлаган:  Шуҳрат Раҳимов

Мавзуга оид