Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Ишқ шаҳри». Марказий Осиё давлатлари пойтахтлари номи қандай маънони билдиради?
Марказий Осиё қадимий шаҳарларга бой минтақа. Бу ерда тарихи минг йилларга бориб тақалувчи Самарқанд, Бухоро, Хива ва Туркистон каби шаҳарлар мавжуд. Ўлкадаги ҳар бир шаҳар номи ўзига хос маънога эга. Узоқ тарих сабаб улар сўғдча, форсча, мўғулча, туркийча ва яна ўнлаб тиллардаги номлар билан аталган. Марказий Осиё минтақаси давлатларининг асосий сиёсий ва иқтисодий марказлари ҳисобланувчи бошкентлар номлари этимологияси қандай? Улар қайси тилга бориб тақалади?
Тошкент — «тош шаҳар»
Тошкент шаҳри Марказий Осиё давлатлари пойтахтлари орасида энг қадимийси бўлиб, унинг тарихи милодий I-II асрларга бориб тақалади. Бошкентнинг ҳозирги номи, яъни Тошкент номининг маъноси жуда мураккаб эмас.
Машҳур туркийшунос Маҳмуд Қошғарийнинг айтишича, бу ном туркийча «таш/тош» ва сўғдча «кент» – «қўрғон», «шаҳар» сўзларидан ташкил топган бўлиб, «тош қўрғон» ёхуд «тош шаҳар» маъносини билдиради.
Бироқ Тошкентнинг энг қадимги номи Чоч бироз бошқачароқ тарихга эга. «Чоч» ёхуд «Чочанап» топоними милоддан аввалги биринчи минг йилликда пайдо бўлган ва ўша даврдаги маҳаллий аҳоли тилида «тоғ» ва «тош» маъноларини билдирган. «Чочанап» ёхуд «Чачанап» номи Чирчиқ (Оби Чоч) ва Оҳангарон дарёлари оралиғида жойлашган водийга нисбатан ишлатилган. Кейинчалик бу ерда вужудга келган шаҳар Чоч номини олган.
Чоч водийсида сўғдлар кўпайиши билан Чоч шаҳри Чочкат, Чочтепа, Чочкент деб атала бошланган.
VIII асрда Марказий Осиёга кириб келган араблар Чочни «Шош» дея номлаган. Чунки араб алифбосида «ч» ҳарфи йўқ эди. Шу тариқа, шаҳарнинг «Шошкент» номи пайдо бўлади.
Х-ХI асрларда Марказий Осиёда туркий халқлар таъсири кучайиши билан Шошкент туркий тилга таржима қилиниб, «Тошқанд» деб номланади. Бунда шаҳар номланишида қадимги «чоч» сўзининг «тош» маъноси асос қилиб олинади.
Бироқ ХVI асргача Тошкентнинг турли номлари (Чоч, Шош, Бинкат) бирдай қўлланиб келинади ва фақатгина шу даврдан бошлаб Тошкент номи бошқа номларни деярли тўлиқ сиқиб чиқаради.
1930 йилда, Бухоро ва Самарқанддан кейин Ўзбекистон давлати пойтахтига айланган Тошкент шаҳри Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари пойтахтларидан фарқли ўлароқ, СССР даврида ном ўзгартирилишига учрамайди.
Остона — «пойтахт»
Қозоғистон пойтахти ўтган асрнинг 30-йилларидан шаҳарга айлана бошлаган. Ўша пайтларда бу шаҳар Оқмола деб аталган ва унда икки мингдан сал кўпроқ киши истиқомат қилган.
«Оқмола» номининг сўзма-сўз таржимаси «оқ қабр» маъносини билдиради. Ҳудуднинг бундай номланиши Оқмоладан кўплаб карвон йўллар ўтгани ва уларга жунғорларнинг муттасил ҳужум қилгани билан изоҳланади.
Бошқа бир тахминга кўра, Оқмола савдо йўлида жойлашгани боис бу ерда жуда кўп сут маҳсулотлари (қимиз, қимрон ва ҳоказо) сотилган ва шу сабаб ҳудуд «оқмўла», яъни «оқ мўл-кўлчилик» деб аталган.
Баъзи қозоқ тарихчилари эса «Оқмола» сўзи «муқаддасларнинг муқаддаси» маъносини беришини таъкидлайди.
1961 йилда шаҳар номи Целиноградга ўзгартирилган ва мустақилликдан сўнг, 1992 йилда яна асл номига қайтарилган.
1998 йилда Қозоғистон республикаси пойтахти Олмаота шаҳридан Оқмола шаҳрига кўчирилади. Шу муносабат билан Оқмола шаҳри номи Остона деб ўзгартирилади. «Астана» сўзи эса қозоқ тилида «пойтахт» маъносини билдиради. Шундай қилиб, қўшниларимиз янги пойтахтнинг статусини мустаҳкамлаш ва таъкидлаш учун ҳам унга шунчаки «пойтахт» номини берган.
Бишкек — «қимиз таёғи»
Замонавий Бишкек шаҳри пойдевори бўлмиш Пишпек қалъаси 1825 йил Қўқон хони Мадалихон буйруғи билан бунёд қилинган. Бишкек шаҳри номи Марказий Осиё давлатлари пойтахтлари орасида энг мунозаралиси ҳисобланади.
Асосий тахмин, қимиз тайёрловчи таёқ – «бишкек» устига қурилган. Бишкек шаҳри ҳокимлиги расмий сайтида пойтахт номининг пайдо бўлиши қуйидагича ҳикоя қилинади.
«Қадимги Чуй водийси серҳосил ва гўзал табиатга эга бўлган. Бу ердан кўплаб савдо карвонлари ўтган. Бироқ водийга тез-тез босқинчилар ҳужум қилиб турган. Ўша пайтларда маҳаллий аҳоли тоғларга қочиб чиқишга мажбур бўлган.
Шундай ҳужумлардан бирида бир ботирнинг ҳомиладор аёли қимиз тайёрловчи таёғи — бишкекни йўқотиб қўяди. Аёл таёқни қидира бошлайди ва асабийлашиб, тўлғоқ тутади. Туғилган чақалоққа қирғиз халқи рамзларидан бири бўлмиш қимиз таёғи шарафига Бишкек исмини беришади. Бишкек кучли ва мард йигит бўлиб етишади.
Бишкек вафот этгач қариндошлари унга атаб гумбазли мақбара қуради ва бу ерлар Бишкек деб атала бошланади».
Лекин бу версия шаҳарнинг эски номи — Пишпекка мос келмайди.
Иккинчи тахмин эса машҳур қирғиз қаҳрамони Манаснинг Бишкек исмли ботирига боғланади.
Баъзи қирғиз олимлари Бишкекни икки сўздан ташкил топган деб ҳисоблайди: «пиш» – «беш» ва «пек» – «тепалик», яъни «беш тепа».
Бошқа бир қарашга кўра эса, Бишкек номи «беш» ва «бек» (яъни «беш бек») сўзларидан ташкил топган.
Бишкек шаҳри СССР даврида Фрунзе деб номланган.
Ҳозиргача бу шаҳар номи қандай пайдо бўлгани ҳақида аниқ ва якдил фикр йўқ.
Душанбе — «душанба бозори»
Манбаларда Душанбе қишлоғи ҳақидаги илк қайдлар ХVIII аср иккинчи ярмидан бошлаб учрайди.
Душанбе қишлоғи Ҳисор водийсидаги карвон йўллари чорраҳасида жойлашган ва бу ерда ҳар душанба куни катта бозор бўлган. Шу сабаб бу бозор «Душанба бозори» деб аталган ва у кейинчалик жой номига айланган (масалан, Жумабозор, Янгибозор каби).
Бухоро амирлиги даврида Душанбе Ҳисор беклигининг муҳим шаҳарларидан бири бўлган, шаҳарда 10 мингдан ортиқ киши истиқомат қилган.
Тожикистон АССР ташкил топгач, Душанбе Тожикистон пойтахти бўлиш учун Қоратоғ шаҳри билан рақобат қилган. Қоратоғ шаҳрида аҳоли кўпроқ бўлган (Хўжанд бу пайтда Ўзбекистон ССР таркибида эди), аммо коммунистик услубдаги янги шаҳар қуриш режаси сабаб пойтахт сифатида Душанбе танланган.
1924-1929 йилларда шаҳар Дюшамбе деб аталган, 1929 йилда эса шаҳарга Сталинобод номи берилган. 1961 йилда шаҳар номи яна Душанбега ўзгартирилган.
Ашхобод — «ишқ шаҳри»
Ашхобод номи манбаларда ХVIII- ХIХ асрлардан учрай бошлайди.
Шаҳар номи форсча «эшқ» – «ишқ», «севги» ва «обод» – «шаҳар» сўзларидан ташкил топган. Яъни Ашхобод номи «ишқ шаҳри» маъносини билдиради.
Ашхобод 1881 йилги Эрон-Россия шартномаси доирасида Россия империяси таркибига ўтган ва русча талаффузга ассимиляция қилиниб, Асхобод деб аталган.
1919-1927 йилларда эса совет анъанасига кўра, шаҳарга русча Полторацк номи берилган.
Шаҳар 1927 йилдан яна Ашхобод деб атала бошланган ва мустақилликдан сўнг туркман тилидаги шаклига мос равишда Ашгабат деб қайта номланган.
Шундай қилиб, Ашгабат Марказий Осиё мамлакатлари пойтахтлари орасида романтик номга эгалиги билан ажралиб туради.
Муҳаммадқодир Собиров тайёрлади
Мавзуга оид
15:08 / 14.01.2026
Соловёв Ўзбекистонда номақбул шахс деб эътироф этилиши керак — Бобур Бекмуродов
11:48 / 12.01.2026
Россиялик пропагандачи Соловёв Марказий Осиёда ҳам «СВО» бошлаш кераклиги ҳақида гапирди
15:22 / 07.01.2026
Жапаров Қирғизистон ва Тожикистон ярашишида Шавкат Мирзиёевнинг ўрни катта бўлганини айтди
10:53 / 25.12.2025