Ўзбекистон | 08:59 / 21.09.2020
12943
2 дақиқада ўқилади

Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги ҳукумат қарорига ўзгартириш киритилади

Республика ҳудудларида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисалари профилактикасини самарали амалга ошириш мақсад қилинган.

Вазирлар Маҳкамасининг “Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қарор лойиҳаси Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 21 июлдаги ЎРҚ–629-сон “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2020 йил 19 июндаги СҚ–95-IV-сонли қарори билан тасдиқланган “Тадбирлар режаси”нинг 3-бандида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Қарор лойиҳаси билан Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 20 сентябрдаги 747-сон “Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши белгиланмоқда.

Хусусан, қарор лойиҳаси билан жисмоний ва юридик шахсларнинг автотранспорт воситаларига ўрнатилган видеорегистраторлар билан бир қаторда видеокузатув ва тасвирга олиш техника воситалари ҳамда мобиль қурилмалар орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги видеоёзувлар ҳам махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган ҳуқуқбузарликлар ҳолатлари қайд этилган видеоёзувларга тенглаштириш орқали Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига мувофиқ кўриб чиқиш тартибини жорий этиш назарда тутилмоқда.

Қарор лойиҳасининг тасдиқланиши республика ҳудудларида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисалари профилактикасини самарали амалга ошириш, ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга барҳам беришни таъминлайдиган йўл ҳаракатини автоматлаштирилган тартибга солиш тизимини кенгайтириш, бу борадаги жамоатчилик назоратини амалга оширишда фуқароларга қўшимча имконият ва қулайликлар яратишга хизмат қилиши айтилади.

Қайд этилишича, мазкур қарор лойиҳасини қабул қилиниши Давлат бюджетидан қўшимча маблағлар ажратилишини талаб қилмайди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид