Ўзбекистон | 18:47 / 30.01.2024
9921
1 дақиқада ўқилади

Экология вазири Тошкент ҳавосидаги PM2,5 зарраларининг асосий манбаларини санади

Азиз Абдуҳакимовнинг парламентда айтишича, Тошкент шаҳри ҳавосидаги PM2,5 зарраларининг 60-65 фоизи АИ-80 бензинида юрадиган автотранспорт воситаларига, 15-20 фоизи Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг чўлланган ҳудудларидан учиб келаётган чанг зарраларига, яна 20 фоизи кўмир, мазут ва саноат корхоналари ҳиссасига тўғри келади.

Фото: Қонунчилик палатаси матбуот хизмати

Экология вазирлиги ҳисоб-китобларига кўра, Тошкент шаҳри ҳавосидаги PM2,5нинг 60-65 фоизи сифати Euro-4'дан пастроқ бўлган ёқилғи, яъни АИ-80 бензинида юрадиган машиналардан чиқадиган заррачалар ҳисобига кўпайган.

Бу ҳақда экология вазири Азиз Абдуҳакимов Қонунчилик палатасидаги чиқишида маълум қилди.

“Бундан ташқари, охирги йилларда ерлар деградация бўлиши оқибатида Қозоғистон ва ўзимизнинг чўлланган ҳудудлардан майда заррачалар кўтарилиб, Тошкент шаҳрида PM2,5 заррачаларининг кўпайишига олиб келади. Бу тахминан 15-20 фоизига тўғри келади”, – деди Абдуҳакимов.

Вазирга кўра, PM2,5нинг қолган 20 фоизи кўмир ва мазут ёқиш кўпайгани ва саноат корхоналари ҳисобига тўғри келади.

Шунингдек, Абдуҳакимов юқорида саналган рақамлар биргина Ўзгидромет хизмати агентлигида эмас, балки халқаро ташкилотларнинг ҳисоботларида ҳам кўрсатилганини қўшимча қилди.

Мавзуга оид