Жаҳон | 07:33 / 09.10.2025
3429
2 дақиқада ўқилади

Трамп: Исроил ва ҲАМАС Ғазо бўйича келишувнинг биринчи босқичини имзолади

ҲАМАС исроиллик гаровга олинганларни озод қилади, ЦАҲАЛ қўшинлари эса келишилган позицияларга чекинади — тинчлик битимининг бу босқичи ҲАМАС ва Исроил вакиллари томонидан имзоланди, деди Трамп. Томонлар келишувни тасдиқлади.

Фото: AP

Исроил ва ҲАМАС Америка тинчлик режасининг биринчи босқичини имзолади, деб ёзди АҚШ президенти Доналд Трамп маҳаллий вақт билан 8 октябр, чоршанба куни кечқурун Truth Social ижтимоий платформасида. «Бу дегани барча гаровга олинганлар имкон қадар тезроқ озод қилинади ва Исроил мустаҳкам ва доимий тинчлик йўлидаги дастлабки қадамлар сифатида ўз кучларини келишилган чегараларга олиб чиқади. Барча томонларга адолатли муносабатда бўлинади!» - дейилади унинг постида.

Трамп ўз баёнотида «ушбу тарихий ва мисли кўрилмаган воқеани амалга оширишда» Қўшма Штатлар билан ҳамкорлик қилган Қатар, Миср ва Туркия воситачиларига миннатдорчилик билдирди.

Трамп келишув имзоланишига гувоҳ бўлиш учун 12 октябргача Яқин Шарққа учиб кетишга тайёр, деди у аввалроқ Оқ уйдаги матбуот брифингида. «Эҳтимол, мен у ерга шу ҳафта охирида, балки якшанба куни бораман — кўрамиз», — деди Америка раҳбари.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Х ижтимоий тармоғидаги постида 9 октябр куни келишувни ратификация қилиш ва гаровга олинганларни қайтариш учун ҳукуматни йиғишини ёзди. Reuters хабар беришича, ҲАМАС ҳам Исроил билан келишувни тасдиқлаган. Кейинчалик, AFP гуруҳга таяниб, тирик гаровга олинганлар келишувдан кейин 72 соат ичида 2000 га яқин фаластинлик маҳбусларга алмаштирилишини хабар қилди.

«Воситачилар бугун кечқурун Ғазода ўт очишни тўхтатиш келишувининг биринчи босқичини амалга ошириш бўйича барча шартлар ва механизмлар бўйича келишувга эришилганини эълон қилди, бу эса урушни тўхтатиш, исроиллик гаровга олинганлар ва фаластинлик асирларни озод қилиш ҳамда инсонпарварлик ёрдами оқимига олиб келади», деб ёзди Қатар ТИВ вакили Мажед ал-Ансорий.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид