Ўзбекистон | 11:45 / 28.02.2020
7407
3 дақиқада ўқилади

ДТМ расмийси: бу йил абитуриентлар Давлат тест марказининг сайти орқали рўйхатдан ўтишлари мумкин бўлади

Кириш имтиҳонларида махсус иншо олинмайди, геометриядан саволлар бўлмайди, аммо геометрия ҳали ажралмаган даврга оид арифметикадан содда саволлар бўлиши мумкин

Бугун, 28 февраль куни, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Давлат тест маркази расмийлари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Тадбирда дастурий таъминот бўйича кейинги ўзгаришлар, ДТМ жорий этаётган янгиликларга оид маълумотлар берилди. 

Маълумотларга кўра, 2019/2020 ўқув йилида олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш учун абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш ОТМ қабул комиссиялари, Давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилган. Маълумки, қабулнинг охирги (8-15 июль) кунлари рўйхатдан ўтказиш жойларида навбатлар пайдо бўлди. Бу абитуриентлар ва ота-оналарнинг эътирозларига сабаб бўлди. 

Бу йилдан бошлаб, олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга кириш тест синовларида иштирок этиш учун абитуриентларни рўйхатга олиш анча осонлашади. 

Жорий йилда ўтган йили шу масала билан боғлиқ камчиликларнинг юз бермаслигини таъминлаш, абитуриентларга қулай шароит ва имконият яратиш мақсадида бундай хизматни кўрсатувчи Давлат хизматлари марказлари, Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан ташқари, Давлат тест маркази ҳам абитуриентларга ўзининг расмий сайти орқали рўйхатдан ўтиш хизматини жорий қилмоқда. 

Бунда абитуриент уйидан чиқмай рўйхатдан ўтиш, таълим йўналишларини танлаш имкониятига эга бўлади. Бундай имконият ва қулайликлардан мобиль иловалар орқали ҳам фойдаланиш йўлга қўйилади.

Ҳозирги пайтда абитуриентларни рўйхатга олиш тизими апробациядан ўтказилмоқда.

Давлат тест марказининг веб-сайти орқали рўйхатдан ўтиш учун:

а) паспорт (у бўлмаган ҳолда, шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжат); 
б) диплом (шаҳодатнома ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжат);
в) имтиёз берувчи ҳужжат (агар мавжуд бўлса) керак бўлади. 

Шунингдек, унинг қулайлиги ҳам талайгина:

1. Абитуриентлар уйидан чиқмай рўйхатдан ўтиши мумкин;
2. Ортиқча харажатларнинг олди олинади;
3. Кам вақт талаб этади.  

Шунингдек, абитуриентлар ДТМ томонидан E-sinov махсус телеграм-бот орқали ўз билимларини синаб кўришлари мумкин бўлади. 

Тадбирда шунингдек геометрияга оид саволлар тушиши бўйича ДТМ бўлим бошлиғи Улуғбек Норалиев шундай деди:

- Геометрияга оид саволлар эмас, геометрия ҳали арифметикадан ажраб чиқмаган даврига оид саволлар тушиши мумкин. Улар нисбатан содда бўлади.

ДТМ директори ўринбосари Қаҳрамон Ҳақбердиев кириш имтиҳонларида алоҳида иншо бўлмаслигини, мажбурий фанлар ва мутахассислик фанларига оид алоҳида матбуот анжумани уюштирилиши ва март ойида батафсил маълумот берилишини билдирди.

Тайёрлаган:  Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид