Ўзбекистон | 20:25 / 22.03.2020
26878
2 дақиқада ўқилади

Бензин нархи ошмайди, «заправка»лар ишлашда давом этади – «Ўзбекнефтгаз»

Ижтимоий тармоқларда, Telegram`даги турли гуруҳларда тарқалаётган, 23 мартдан бошлаб бензин нархи ошиши, карантин муносабати билан автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари ёпилиши ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди.

Фото: KUN.UZ

Бу ҳақда «Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизмати Kun.uz’га маълум қилди.

Маълум бўлишича, карантин даврида «Ўзбекнефтгаз» АЖ тасарруфидаги автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида санитария-гигиена талабларига риоя қилиш кучайтирилади, коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида ёнилғи қуйиш пунктлари тез-тез дезинфекция қилиб турилади, аммо фаолиятини тўхтатмайди.

Карантин даврида «заправка»ларнинг иш вақтида ҳам ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди. Республика миқёсидаги «Ўзбекнефтгаз» АЖ тасарруфидаги автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари тўлиқ одатдаги режимда ишлашда давом этади.

Шу билан бирга, бензин ва бошқа ёнилғиларнинг нархида ўзгариш бўлмайди.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ тасарруфидаги шохобчаларда бензин нархи республика бўйича бир хил бўлиши қатъий назорат қилинади.

Энергетика вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Элмира Бекмуродова ҳам тармоқдаги маълумотлар асоссиз эканини тасдиқлади.

«Бу ёлғон хабар. Республикадаги барча автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари карантин даврида ҳам ишлашда давом этади. Уларнинг ёпилиши ҳақиқатдан узоқ. Тез орада бу ҳамда расмий баёнот берамиз», дейди у.

Ўз навбатида, «Ўзтрансгаз» АЖ ҳам баёнот билан чиқиб, автомобилларга газ қуйиш компрессор шохобчаларига (АГҚКШ – «газ заправка») шартнома шартларига асосан табиий газ етказиб беришни давом эттиришини маълум қилди.

Мавзуга оид