Ўзбекистон | 10:04 / 10.06.2020
2831
3 дақиқада ўқилади

Ўзбек миллий мусиқа санъати институтининг асосий вазифалари белгиланади

Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти фаолияти ташкил этилади.

Президентнинг “Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ўзбекистон давлат консерваториясининг Ўзбек мақом санъати факультети ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг тегишли таълим йўналишлари ва мутахассисликлари негизида мақом ижрочилиги, халқ мусиқаси йўналишлари бўйича кадрлар тайёрловчи Маданият вазирлиги тизимидаги олий таълим муассасаси шаклида Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти ташкил этилади.

Қуйидагилар институтнинг асосий вазифалари этиб белгиланади:

Ўзбекистонда мақом, халқ мусиқаси, бахшичилик ва катта ашула ижрочилигини янада ривожлантириш, бу борада шаклланган ижро ва ижодий мактаблар ва анъаналарни, буюк бастакорлар, ҳофиз ва созандалар меросини чуқур илмий асосда ўрганиш ва қайта тиклаш;

мумтоз мусиқа меросимиз намуналарини нотага олиш, мавжуд ёзувларни такомиллаштириш ва амалиётга жорий этиш, мақом санъатининг ижтимоий-тарихий илдизлари, илмий-назарий негизлари, миллий ва умумбашарий қадриятлар билан боғлиқ жиҳатларини юртимиз олимлари ва чет эллик мутахассислар иштирокида чуқур ўрганиш;

ўзбек миллий мусиқа санъати йўналишида кадрлар тайёрлаш жараёнига соҳанинг етук ва малакали мутахассисларини жалб этиш орқали илм-фан ва таълимнинг ўзаро интеграциясини таъминлаш;

ўзбек миллий мусиқа санъати бўйича юқори малакали бакалавр ва магистрларни, шунингдек, ушбу соҳада чуқур илмий тадқиқотлар олиб борувчи илмий ва илмий-педагог кадрларни тайёрлаш;

илмий тадқиқотлар натижалари бўйича маънавий-маърифий ва илмий-оммабоп адабиётларни яратиш ва нашр қилиш;

ўзбек миллий мусиқа санъати бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш ва тарғиб қилиш, халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш;

кадрлар илмий салоҳиятини ошириш, илмий-ижодий фаолиятни янада ривожлантириш, профессор-ўқитувчиларнинг илмий-ижодий фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш, иқтидорли талаба-ёшларни миллий мусиқа санъати бўйича илмий-ижодий фаолият билан шуғулланишлари учун кенг имкониятлар яратиш.

Қуйидагилар:

2020/2021 ўқув йили учун қабул квотаси тегишли йўналишлар ва мутахассисликлар бўйича Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти учун ажратилган квоталар доирасида белгиланади;

2020/2021 ўқув йили учун қабул жараёни тегишли йўналишлар бўйича Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида амалга оширилади;

2021/2022 ўқув йилидан институтга қабул ҳар йили белгиланадиган Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари доирасида амалга оширилади. 

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда бир ой муддатда Мирзо Улуғбек туманидаги Мустақиллик шох кўчаси, 31-уйда жойлашган Ўзбекистон давлат консерваториясига тегишли бўлган бинони ўрнатилган тартибда Институтга берилишини таъминлайди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид