Ўзбекистон | 14:47 / 26.09.2022
15800
10 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва ривожланган давлатлар мактабларидаги фарқлар — Швейцариядаги ватандош мулоҳазалари

“Шахсий фикр ва тажрибамдан келиб чиқиб айтаман, бизда мактабданоқ бошланадиган ягона талаб – сўзсиз итоат. Хорижда тоталитар итоат талаб қилинмайди”, дейди Швейцарияда яшаб, илмий иш қилаётган ҳамюртимиз Зариф Ибрагимов.

Фото: KUN.UZ

Зариф Ибрагимов 28 ёшда; Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида туғилган. У математика йўналиши бўйича бакалавр босқичини Ўзбекистонда, магистратурани эса Германиянинг Кил университетида ўқиган. Айни вақт Швейцариянинг Берн университетида PhD ёқламоқда.

Зариф докторонтурада таҳсил олиш билан бирга, университетда ўқитувчи ёрдамчиси (“teaching assistant) бўлиб ҳам ишлайди. Қаҳрамонимиз сифатли мактаб таълимида нималар муҳим экани, хориж тажрибаси ҳақидаги фикрлари билан бўлишди.

Унинг таъкидлашича, таълимдаги сифат даражаси 2 та энг асосий омилга боғлиқ. Биринчиси ота-она ва оиладаги муҳит бўлса, иккинчиси мактаб ва ундаги таълим бериш сифати ҳисобланади. Қуйида Ибрагимовнинг фикрларини келтириб ўтамиз.

Ота-оналар болани илк ёшиданоқ таълимга муносабатини шакллантириши керак

Чунки ота-она боланинг тарбияси ва таълимга бўлган муносабати билан шуғулланиши мумкин, лекин берилаётган таълим сифати ёки боланинг билим даражасига масъул бўлолмайди.

Бу нарса ҳақида Европа ва бошқа ривожланган давлатлар, мисол учун, Япония тарафларда жуда кўп бош қотиришади. Болани тарбиялаш, ўқитиш борасида алоҳида изланишлар, илмий ишлар олиб борилади. Шуларнинг кўпчилигидан хулоса қилиб айтиш мумкинки, турли машғулотлар орқали боладаги таълимга бўлган муносабатни ижобий шакллантириб олиш керак.

Яъни бу ерда жудаям ёш болаларга маълум бир фанни ўргатиш керак эмас, лекин боланинг қобилиятини оширадиган, унинг миясини тез фикрлашга ўргатадиган ва шунинг натижасида уларни таълим олишга ҳам қизиқтирадиган машғулотлар бор, шулар билан банд қилиб қўйиш керак. Чунки бола миясининг ишлаш қобилияти деган нарса бор, бу қанча эрта очилса, маълум ёшга етганда, фанларни ўзлаштириш бошланганда ўзининг натижасини кўрсатади.

Жамиятимиздан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, 2-3 ёшли болаларнинг қобилиятларини бизда жуда ҳам паст баҳолашади. Бу ёшдаги болалар уйда ўзи билан ўзи овора бўлиб турса ёки боғчага бориб турса бўлди. Бунинг устига ўзбек ота-оналаримизга боланинг ўқиши кўп ҳолатларда ўқишга киришига 2 ёки 3 йил вақт қолганда қизиқ бўлиб қолади. Умумий ўртача айтганда, энг камида 7-8-синфларда таълимга эътибор қаратишади. Унгача эса “индама” деган гап бор.

Агарда бизда ҳам ота-оналаримиз фарзандларининг илк ёшиданоқ қобилиятини ривожлантириш учун турли ишлар билан банд қилиб қўйишса, фикримча, жуда яхши ва идеал иш бўлар эди.

Мактабнинг вазифаси нимадан иборат?

Иккинчи масала – мактабдаги муҳит ва ундаги таълим сифати. Айтайлик, бир ўқувчи 9-синфга етиб келди, энди ўқишга кириши керак, ўзига керакли фанлардан қаттиқ тайёргарлик кўриши керак. Бу ерда мактабларнинг ота-она олдида фарзандларини ўқишга киритиб қўйиши керак деган вазифа борми ёки йўқ? Шундай савол бор-да.

Аслида мактабнинг биринчи вазифаси – жамиятга, халққа шахс тайёрлаб бериш. Лекин бизнинг жамиятдан ва ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб гапирсак, мактабларимизнинг ўқувчиларга маълум бир билимни бериш мажбурияти ҳам бор. Бусиз иложи йўқ.

Бизда мактабданоқ бошланадиган ягона талаб – сўзсиз итоат

Ўзбекистонда умумий ўрта таълим дейилади, лекин бу ҳам иккитага, яъни бошланғич ва ундан кейинги синфларга бўлинади. Кўплаб давлатларда ҳам шундай бўлиниш бор, уларнинг айримид системалар бизникига ўхшайди, айримида эса ўхшамайди. Давлатдан давлатга ўтганда, бу нарсалар фарқ қилиб бораверади. Умуман олганда, умумий ўрта таълим ва бу таълимнинг қайсидир қисми мажбурий экани ҳамма жойда бор, худди биздагидек.

Фарқларига келсак, мактаб ичида йўлга қўйилган ўқитиш тизими бошқача. Эркинлик масаласи… Шахсий фикр ва тажрибамдан келиб чиқиб айтаман, бизда мактабданоқ бошланадиган ягона талаб – сўзсиз итоат. “Мана шундай ўтиришинг керак! Биз айтган формани кийиб келасан! Биз айтгандек тутасан ўзингни!” Хўш, энди таълимдаги сифат-чи?

Швейцарияда, масалан, тоталитар итоат талаб қилинмайди. Ўқувчилар ўқишидан тортиб, ўзини тутишигача эркин. Албатта, дарсга қатнашиш, давомат масалалари ҳам бу ерда назорат қилинади, лекин Ўзбекистондагидек чуқур эмас. Агар ҳақиқатда арзирлик сабабингиз бўлса, дарсни қолдиришга ҳаққингиз бор. Бизда эса бу каби нарсаларга салбий қарашади.

Кейинги фарқлар каттароқ синфлардан бошланади. Кўп ҳолатларда хорижда 9-синфни битирган болалар эркин. Яъни 14-15 ёшга етганида ўқувчи хоҳламаса, мактабни давом эттирмаслиги мумкин. Чунки улар таътил вақтида маълум компанияларда амалиёт ўташ ва тажриба олиш имкониятига эга. Агар исташса, ўша компанияларга ишга ўтиб кетиши мумкин. Мактаблар ҳам шунга мослаштирилган. Аниқроқ айтсам, уларда 9-синфдан кейинги мактаблар иккига бўлинади. Биринчиси доимий равишда қатнайдиган мактаб бўлса, кейингиси эса маълум вақтларда бориб ўқиладиган “vocational” мактаблар ҳисобланади.

9-синф битирувчилари ўзи учун биринчи даражали фанлар пакетини танлаши керак

Ўқитувчининг иши доскага бориб, ўзи режа қилган нарсани тушунтириб бериб, ўтириш эмас, у қизиқмайдиган ўқувчини қандай қизиқтириш кераклиги устида бош қотириши керак. Шунингдек, ўқувчиларга фан ва ҳаёт ўртасидаги боғлиқликни ҳам кўрсатиб беролиши муҳим. Болаларга бир фанни кўрсатиб, “сен буни ўқишинг керак, мажбурсан ёки ўқишга кириш учун зарур” деб эмас, фанни ўқиши ёки ўқимаслиги оқибатида нималарни ютиши ёки ютқазишини, унга қанчалик муҳим эканини исботлаб бериш керак. Бу хоҳ мактаб, хоҳ ОТМда бўлсин.

Исботлай олмаса, шундай тизим қўйилиши керакки, болалар бу фанни ўқишмасин. Юқорида бекорга, “vocational” мактаблар ҳақида гапириб ўтмадим, чунки кўп ҳолатларда 9-синфни битирган болани ота-оналар репетиторга беради, мактаб эса уларнинг наздида халал берувчи ва вақтини олувчи жойдек. Шунинг учун 9-синфни битирган бола ўзи учун биринчи даражали фанлар пакетини танлай олиши керак. Қолган фанлар иккинчи даражали бўлиши зарур.

Мисол учун, ўзини математикада кўрмаётган ўқувчи математикани ўрганаётган бошқа ўқувчилар билан бир хил тарзда дарсга қатнаб, уни ўрганиши шартмас. Чунки яхши хорижий тил ўқитувчиси, мутахассиси бўлиши мумкин бўлган кадрга кераксиз фанлар билан халақит бераётган бўлишимиз мумкин.

Сифатли таълимда бошқарув кадрларнинг сиёсати ҳам муҳим

Мактабда сифатли таълим берадиган муҳитни яратиш биргина ўқитувчининг қўлидаги нарса эмас. Бунда энди мактабдаги кадрлар сиёсати, директордан тортиб, ўқитувчиларни тайёрлашга эътибор қаратиш керак бўлади. Бу – каттароқ масала.

Мактаб директорларининг вазифаси ёки ич-ичидан ҳис қилиб бажарадиган мақсади нима? Маҳаллий ҳокимиятлардан келадиган топшириқларни ўзи учун биринчи даражали деб ҳисоблайдими ёки олдига келиб турган қора кўзларнинг олаётган таълим сифатиними?

Фикримча, мактаб директорларини ташкилий муаммолари кўпроқ қийнайди. Ваҳоланки, сифатли таълимда бошқарув кадрларнинг сиёсати ҳам муҳим. Директорларни танлаб олиш, уларнинг малакаси борасида ҳам қайғуриш керак. Чунки мактабга ўқитувчиларни айнан раҳбарият, мактаб директорлари танлаб олади.

Матфакни битирган математикадан дарс беролади деганимас

Ўзим математик бўлганим учун бир мисол келтираман (бу тахминий рақамлар, аниқ статистик тўғри эмас, шунчаки мисол тариқасида айтаман): битта университетнинг математика факултети, математика йўналиши бакалавриатини 200 нафар талаба битириб чиқди, дейлик, уларнинг ҳаммасини магистратурада ўқишга ёки илмий иш қилишга салоҳияти бўлмайди. ОТМнинг эса бу талабаларнинг ҳаммасини ҳам ишга олиб қолиш имконияти йўқ. Бу нима дегани? Уларнинг катта қисми мактабларга ўқитувчиликка кетади деганидир. Улар учун бу охирги чора бўлиб қолмоқда.

Эртага математик профессор бўлиши керак бўлган кадрни ҳам, математикада бакалаврни битириб ўзига бошқа соҳани танламоқчи бўлганни ҳам, ўқитувчини ҳам биз бир жойда бир хил схемада тайёрлаяпмиз. Бу қанчалик тўғри?

Фикримча, бунинг бир статистикасини қилиш керак, яъни ўқитувчиларнинг қанчаси қаерларни битириб чиққан? Шахсий тажрибамга таянсам, мактабда аниқ фанлардан ўтадиган ўқитувчиларнинг катта қисми юқорида мен айтган таълим муассасаларидан чиққан бўлади. Педагогика факултетидан чиққан бўлмайди, чунки у ердан асосан бошланғич таълим учун кадр чиқади.

Педагог кадрлар ОТМда педагог қандай бўлиши кераклиги, дарс қандай ўтилиши кераклиги устида 2 йил шуғулланиши керак. Қолган вақтларда эса ривожланган хориж давлатларида сифатли таълим тизими қандай йўлга қўйилгани, шулар билан танишиб бориши лозим. Биз бундай қилмай туриб, яқинда ишга келган ўқитувчидан педтехнология, замонавий таълимни талаб қиляпмиз. Бундай бўлмайди.

Умуман олганда, менимча, бу борада пухта тизим ишлаб чиқилиши ва маълум муддат то ўзининг мевасини бермагунигача ўқитувчиларга тегмаслик керак.

Дилшода Шомирзаева тайёрлади.

Мавзуга оид