Ўзбекистон | 10:06 / 06.03.2018
12330
3 дақиқада ўқилади

Янги фармон: Жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда “Спорт” ЭИЗ ташкил этилади

Фото: Иллюстратив фото

Ўзбекистон Республикаси Президенти «Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ҳузуридаги Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бўлинмалари негизида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бўлинмалари ташкил этилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар жисмоний тарбия ва спорт бошқармаларига бўйсунадиган ва Жамғарма ҳисобидан молиялаштириладиган туманлар (шаҳарлар) жисмоний тарбия ва спорт бўлимлари ташкил қилинади.

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти қошидаги Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази янги вазирлик тасарруфига берилади, у Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, Кўкча Дарвоза кўчаси, 27-уй манзилда жойлаштирилади, Нукус, Самарқанд ва Фарғона шаҳарларида унинг филиаллари ташкил қилинади.

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти негизида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ташкил этилади.

Жаҳоннинг етакчи ишлаб чиқарувчиларини жалб қилган ҳолда спорт кийими, анжомлари ва жиҳозларини ишлаб чиқарувчи замонавий корхоналар фаолиятини ташкил этиш учун пойтахт минтақасида “Спорт” эркин иқтисодий зонасини ташкил қилинади.

Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш ҳамда оммалаштиришда, мамлакатимизнинг халқаро спорт майдонидаги нуфузини оширишда алоҳида хизмат кўрсатган жисмоний тарбия ва спорт соҳаси ходимлари ҳамда бошқа шахсларни тақдирлаш мақсадида “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган жисмоний тарбия ва спорт ходими” фахрий унвони таъсис этилади.

Белгиланишича:

Университет жисмоний тарбия ва спорт соҳасида илмий ва ўқитувчи кадрлар тайёрлаш, шунингдек, соҳа мутахассисларини ўқитиш ҳамда тайёрлашнинг илғор усулларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича республиканинг базавий олий таълим, илмий-тадқиқот хамда илмий-услубий муассасаси ҳисобланади;

Марказ мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари жисмоний тарбия ўқитувчилари (инструкторлари), кафедра мудирлари, таълим муассасалари ва спорт ташкилотлари тренерлари ҳамда жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги бошқа мутахассисларни қайта тайёрлаш ҳамда малакасини оширишни амалга оширади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид