Ўзбекистон | 09:21 / 14.09.2019
4589
3 дақиқада ўқилади

Сенат: Ўзбекистонда хотин-қизларнинг саводхонлик даражаси 99,98 фоизни ташкил этади

2019 йил 13 сентябрь куни Наманган вилоятида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик қўмитаси томонидан “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида” ҳамда “Аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари мазмун-моҳиятига бағишланган тарғибот тадбири ўтказилди.

Фото: Олий Мажлиси Сенати ахборот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистонда хотин-қизларнинг таълим олишдаги тенглиги таъминланган. 2017 йилда қизлар бошланғич таълим соҳасида ўқувчиларнинг 50 фоизини, ўрта мактабда эса 54 фоизини ташкил этди. Ўтган йилги статистик маълумотга кўра олий таълим соҳасида ҳам аёллар сони ортган ва талабаларнинг 40 фоизи хотин-қизларни ташкил этган, бу 2011 йилдаги кўрсаткичдан 36 фоизга кўп демакдир. Хотин-қизларнинг саводхонлик даражаси эса 99,98 фоизни, яъни дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан бирини ташкил этади.

Таъкидланганидек, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида қонунийлик, демократизм, хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги, жинси бўйича камситишга йўл қўйилмаслиги, очиқлик ва шаффофлик хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлашнинг асосий тамойиллари сифатида белгиланган.

Қонунда давлат хизмати, ижтимоий ҳимоя, оилавий муносабатлар ҳамда болалар тарбияси, таълим, илм-фан, маданият ҳамда соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт соҳасида ҳамда тадбиркорлик фаолиятида, меҳнат муносабатларида, сайлов ҳуқуқини амалга оширишда, уй меҳнатини бажаришда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари назарда тутилган.

Фото: Олий Мажлиси Сенати ахборот хизмати

Тадбир давомида қайд этилганидек, Қонуннинг сўзсиз ва изчил ижро этилиши эркаклар ва хотин-қизлар ўртасидаги тенгликка асосланган ўзаро муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришга, шахс ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлаш кафолатларини мустаҳкамлашга, шунингдек тегишли идораларнинг мазкур соҳадаги ваколатларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

“Аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни анжуманда муҳокама қилинган яна бир масала бўлди. Таъкидланганидек, 35 та моддадан иборат ушбу ҳужжатнинг мақсади хотин-қизларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ҳамда бошқа жойларда тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг олдини олиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан, шунингдек жабрланганларни ҳуқуқий ҳамда ижтимоий ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашдан иборат.

Қонунга кўра, бу соҳадаги гендер сиёсатни, давлат дастурларини ҳамда стратегияларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, жамиятда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка нисбатан муросасизлик муҳитни яратиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш каби мақсадлар давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ҳисобланади. 

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид