Ўзбекистон | 12:46 / 22.07.2020
24556
2 дақиқада ўқилади

Наманганда Сhangan кичик юк автомобиллари ишлаб чиқарилади

“Наманган” эркин иқтисодий зонасида Сhangan бренди остида кичик юк автомобиллари ишлаб чиқарилади.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги

Чуст тумани ҳудудида жойлашган “Наманган” эркин иқтисодий зонасида Хитойнинг Сhangan бренди остида кичик юк автомобиллари ишлаб чиқариш лойиҳаси бошланди.

Вилоят ҳокимлиги хабарига кўра, Хитойнинг Сhangan брендига мансуб кичик юк автомобилларини ишлаб чиқариш “Хориждаги ватандошлар” лойиҳаси доирасида амалга оширилади. Ишлаб чиқаришга сўнгги 10 йил давомида БААнинг Ажман шаҳрида истиқомат қилиб келаётган асли наманганлик тадбиркор Жобирхон Ҳомидов томонидан 800 минг доллар, 2 миллион доллар хорижий инвесторлар улуши ва 3 миллион доллар банк кредити, жами 5,8 миллион доллар миқдорида инвестиция киритилмоқда. 

Namangan Сhangan Motors МЧЖ томонидан лойиҳанинг биринчи босқичида йилига 1800 та 1—1,5 тонна юк кўтарадиган 4 хил русумдаги автомобиллар ишлаб чиқарилади ва 120 киши иш билан таъминланади. Кейинги 3 йил давомида маҳаллийлаштиришни 50 фоизгача етказиш ва маҳсулотнинг учдан бир қисмини БАА ҳамда Марказий Осиё давлатларига экспорт қилиш кўзда тутилган. 

Тадбиркорнинг ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистоннинг ўзида йилига 20 мингтагача шундай русумдаги автомобилларга эҳтиёж мавжуд. Яқин ва узоқ хориж бозорлари инобатга олинадиган бўлса, ишлаб чиқариш кўламини янада кенгайтириш имкониятларини чамалаш мумкин бўлади.  

Корхонада 2021 йилнинг биринчи чорагида илк автомобиллар ишлаб чиқарилиши бошланиши кутилмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид