Ўзбекистон | 00:10 / 21.01.2022
9999
3 дақиқада ўқилади

Янги стипендия, олимпиада ва имтиёз — Президент “Заковат”га оид қарор имзолади

Қарорга асосан, таълим масканларида интеллектуал клублар ташкил этилади. Интеллектуал олимпиада ва “Заковат” стипендияси жорий этилади. Олимпиада ғолиблари таълимнинг кейинги босқичига имтиҳонсиз қабул қилинади.

Фото: Kun.uz

Президент Шавкат Мирзиёев “Заковат” интеллектуал ўйинини аҳоли ўртасида оммавий-маърифий ҳаракатга айлантириш ва бошқа интеллектуал ўйинларни ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида” қарор имзолади.

Қарорга асосан, 2022/23 ўқув йилидан бошлаб интеллектуал ўйинларнинг республика босқичида ғолиб бўлган ўқувчи ёшлар ва талабалар учун йил давомида ҳар ойда бериладиган “Заковат” стипендияси жорий этилади.

2022 йилдан бошлаб, босқичма-босқич мактаблар, Президент таълим муассасалари, коллеж, лицей, техникум ва олийгоҳларда “Заковат” интеллектуал клублари фаолияти йўлга қўйилади. Ҳудудлардаги Ёшлар марказларида интеллектуал ўйинлар жамоалари учун алоҳида хоналар ташкил этилади.

Шу йилдан эътиборан ҳар йили талабалар ўртасида Интеллектуал олимпиада ташкил қилинади. Унда умумжамоа ҳисобида дастлабки 3та ўринни қўлга киритган ОТМга президент совғаси топширилади.

Интеллектуал ўйинларнинг республика босқичида ғолиб ва совриндор бўлган умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасалари ўқувчилари, ОТМ талабалари таълимнинг кейинги босқичига базавий тўлов-контракт асосида имтиҳонсиз қабул қилинади.

Таълим муассасаларидаги “Заковат” клубларининг координатори бўлган профессор-ўқитувчиларга меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 50 фоизи миқдорида бир марталик устама тўланади.

2022/23 ўқув йилидан бошлаб ҳар йили апрел ойида Интеллектуал ҳафталик ўтказилади.

Ёшларга мотивация бериш мақсадида машҳур олимлар, жумладан, Нобел мукофоти соҳиблари билан учрашувлар ташкил этиб борилади.

“Заковат” ва бошқа интеллектуал ўйинларининг ҳудудий ва республика босқичи ғолибларини ўз мутахассислиги бўйича кадрлар захирасига олиш ва раҳбарлик лавозимларига тайинлаш амалиёти йўлга қўйилади.

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги Ёшлар оромгоҳида мавсумий ишлайдиган “Интеллектуал мактаб” лойиҳаси йўлга қўйилади.

“Янги Ўзбекистон” боғига туташ ҳудудда “Заковат” клуби учун алоҳида бино ҳамда Интеллектуал ўйинлар шаҳарчаси барпо этилади. Бу бинолар Ёшлар ишлари агентлиги балансида бўлади.

Интеллектуал турнирлар ташкил қилиш, билимдон ёшларни рағбатлантириш, ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган компютер ва мобил ўйинларни яратган дастурчиларга грант ва субсидиялар ажратилади. Бунинг учун 2022 йилда 50 млрд сўм миқдорида, кейинги йилларда асосланган ҳисоб-китобларга мувофиқ давлат бюджетидан маблағ ажратилади.

Мавзуга оид