Ўзбекистон | 15:08 / 15.10.2018
20256
2 дақиқада ўқилади

​«Ҳумо Автосавдо»нинг ишини прокуратура ҳам ўрганади

Фото: GM Uzbekistan

«Ҳумо Автосавдо» МЧЖ  фаолиятида йўлга қўйилган қонунбузарлик ҳолатлари аниқлангач, GM Uzbekistan у билан дилерлик келишувини бекор қилгани ҳақида расмий маълумот тарқатди. Компания вакилининг Kun.uz'га хабар беришича, эндиликда мазкур иш бўйича тўпланган материаллар экспертиза учун прокуратурага юборилган. 

Коррупция ва тизимдаги камчиликларга қарши муросасиз кураш бошлаган GM Uzbekistan компанияси октябрь ойи биринчи ярмида кўп ўзгаришларга қўл урди. Аввалига, Хоразм вилояти Питнак шаҳрида ўтказилган текширувлар натижасида лавозимий ўзгаришлар бўлиб, айрим мутасаддилар ишдан четлатилганди. Кейинроқ,  37 дона автомобиль етказиб бериш тўғрисидаги шартномани харидорлар иштирокисиз тузилишига йўл қўйган «ТошкентАвтосавдо» МЧЖ раҳбари ишдан олинди. 

Компания 15 октябрь куни тарқатган хабарга кўра, текширувлар пайтида «Ҳумо Автосавдо» МЧЖ  фаолиятида ҳам жиддий камчиликлар кўзга ташланди. Шунга қарамай, жамият раҳбари Восил Султонов компания дилерлик келишувини бекор қилиш бўйича келтирилган важларга қўшилмаслигини айтиб, Kun.uz мухбири билан суҳбатлашди. 

Kun.uz манбасига кўра, «Ҳумо Автосавдо» МЧЖ раҳбари Восил Султоновнинг ўғли Миразиз Мирвосиқий айнан GM Uzbekistan компаниясида ишлаб келаётганди, аммо сўнгги кунларда у ишда кўринмайди. Манбанинг таъкидлашича, бу ҳолат Миразизнинг отаси Восил Султонов билан юз берган ҳолатга алоқадор. Бироқ, компания расмийлари бундай фикрдан йироқда эканини айтмоқда.

«Миразиз Мирвосиқий ишдан бўшамаган, у айни дамда Президент администрациясига хизмат сафарига юборилган. У компаниянинг тажрибали ходими ва айнан уни хизмат сафарига юборишни «Ўзавтосаноат» АЖ тавсия этган», дейилади ахборотда. 

Тайёрлаган:  Алишер Рузиохунов

Мавзуга оид