Жаҳон | 19:30 / 07.07.2025
14620
11 дақиқада ўқилади

«Озарбойжон бўйсунишга тайёр эмас»: Боку ва Москва баҳси нима билан тугайди?

Фото: Getty Images

Екатеринбургда икки озарбойжонлик ўлими Москва ва Боку муносабатларида мисли кўрилмаган инқирозни келтириб чиқарди, аммо бу инқироз сабаблари йиллар давомида тўпланиб қолганди, дейишмоқда экспертлар. Озарбойжон собиқ метрополияси билан муносабатлар характерини ўзгартиришни, Россиянинг Жанубий Кавказга таъсирини камайтиришни ҳамда «яқин хориж» мамлакатидан тенг ҳуқуқли ҳамкорга айланишни хоҳлайди. BBC экспертлардан ҳозирги можаро Озарбойжоннинг Россиядан тўлиқ узоқлашишига олиб келиши эҳтимоли ва минтақанинг бошқа давлатларига қанчалик таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида сўради.

Бокунинг Кремл билан баҳси қанча давом этади?

Россия бош вазири ўринбосари ташрифи бекор бўлиши, Россия ҳуқуқ-тартибот органлари қийноққа солиш ва ўлдиришда айбланиши, Бокуда россияликлар қўлга олиниши, Sputnik-Azerbayjan ахборот агентлиги офисида рейд ўтказилиши ва давлат нашрларида Россия нацистлар Германиясига тенглаштирилиши – бу ўтган ой охирида Екатеринбургда ака-ука Сафаровлар вафот этганидан кейин Озарбойжон ташлаган қадамларнинг нотўлиқ рўйхати.

Бундай жавоб Москвадагиларни ғафлатда қолдиргани кўриниб турибди. Кремлдагилар буни демарш деб атади ҳамда Россия ТИВ ва телевидениедаги асосий пропагандачиларнинг оҳанги расмий иттифоқчининг (ҳозир Россия ва Озарбойжон муносабатлари айнан шундай мақомга эга) хатти-ҳаракатларини тушунмаслик ва афсусланишни ифодаламоқда.

Москва ва Боку ўртасидаги муносабатлар «стратегик иттифоқчилик характерига эга ва шубҳасиз, буни ёқтирмайдиган кучлар ҳам бор», – дея эслатди ТИВ расмий вакили Мария Захарова. «Россия ҳеч қачон Озарбойжонга таҳдид қилмаган ва қилмайди ҳам», – деди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.

Илгари ҳеч қачон бунга ўхшаш эпизодлар икки мамлакат муносабатларига бу қадар жиддий таъсир кўрсатмаганди. 2021 йилда Новосибирскда қўлга олиш чоғида бир озарбойжонлик ҳалок бўлган, 2020 ва 2023 йилларда эса Қорабоғ урушлари доирасида россиялик ҳарбийлар Озарбойжон қўшини ҳаракатлари қурбонига айланган.

Ака-ука Сафаровларнинг ўлими Озарбойжонни ларзага келтирди. Фото: Reuters

Аммо Екатеринбургдаги ҳодиса – инқироз сабаби эмас, балки ўтган йил декабр ойида «Озарбойжон ҳаво йўллари» самолёти ҳалокатга учраганидан кейин тўпланиб қолган келишмовчиликларнинг юзага чиқиши холос, дейди Берлиндаги Карнеги марказининг Россия ва Евросиёни ўрганиш бўйича илмий ходими Заур Шириев.

Ўшанда Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими хатолик туфайли озарбойжонликларнинг йўловчи самолётига зарба берган ва бортдаги йўловчилар ва экипаж аъзоларидан 38 киши ҳалок бўлганди. Владимир Путин ўзаро телефон мулоқотида бунинг учун узр сўраган, аммо бу етарли бўлмаганди – Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Россиядан айбни расман тан олиш ва батафсил текширув ўтказишни талаб қилганди.

1 июл куни Озарбайжондаги ҳукуматга мойил нашрлардан бири 2024 йил декабр ойида Россия ракетаси Озарбойжон самолётига зарба берганига оид лавҳани эълон қилди. Мақолада «ўт очиш» буйруғини берган ҳаво ҳужумидан мудофаа офицерининг тушунтириш хати ҳам илова қилинган.

Буларнинг барчаси Бокудагилар Москванинг ушбу фожиага муносабатидан ҳали ҳам норози эканини кўрсатади. «Вазият матрёшкага ўхшайди, фақат бунинг акси: ҳар бир янги ҳодиса икки томонлама муносабатлардаги тобора чуқур ва мураккаб зиддиятларни очиб беради», – деб ҳисоблайди Заур Шириев.

Ушбу қарама-қаршиликлар орасида энг асосийси – Кремлнинг постсовет ҳудудида асосий ўйинчи бўлиб қолиш истаги, бу эса Бокунинг Жанубий Кавказдаги энг йирик иқтисодиёт ва энг кучли армияга эга минтақавий куч сифатидаги амбицияларига зид келади.

Сўнгги йиллардаги ҳарбий ва дипломатик муваффақиятлар Озарбойжонни «салмоқли минтақавий куч»га айлантирди, деб ёзади Россиянинг Москва давлат халқаро муносабатлар институти (МГИМО) етакчи илмий ходими Сергей Маркедонов. Бу муваффақиятлар қаторида 2020 йилда Арманистонга қарши урушда ғалаба қозониш, 2023 йилда Қорабоғ қайтариб олиниши, Ғарб ва Эрон билан муносабатлар яхшиланиши, Туркия ва Исроил билан ҳарбий ҳамкорлик кенгайиши кабилар бор.

«Афсуски, бу жараён маълум бир „муваффақиятлардан бош айланиши“ билан бирга келади. Шу билан бирга, Россия билан муносабатларни издан чиқариш керакми? Риторик савол», – дея қўшимча қилади россиялик мутахассис.

Аммо Москвадан кескин реакция бўлиб кўринаётган нарса Бокудаги ҳисоб-китоб натижаси бўлиши мумкин. У ерда Россиянинг хатти-ҳаракатларидан ғазабланиш тўпланган, кўпроқ мустақилликка ва ташқи таъсирлардан холи бўлишга интилиш ҳам бор. Украинадаги уруш туфайли Россиянинг Жанубий Кавказдаги позициялари заифлашиши эса муносабатларни қайта кўриб чиқиш учун шароит яратади.

«Россия „яқин хориж“га нисбатан иерархия ва назоратга асосланган муносабатларни афзал кўради. Аммо Боку бўйсунувчи шерик ролидан манфаатдор эмас», – дейди Шириев.

2023 йил Қорабоғда РФ тинчликпарвар миссияси қўмондони ўринбосари Иван Ковган ҳалок бўлган, аммо унинг ўлими икки мамлакат ўртасидаги муносабатларга таъсир кўрсатмаганди
Фото: РФ Шимолий флоти матбуот хизмати

Савдо ҳамкори ва мафкуравий шерик

Москванинг ҳам номинал иттифоқчисидан норози бўлиш учун сабаблари бор.

Алиев ва Путин 2022 йил февралида, Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланишидан атиги бир неча кун олдин иттифоқчилик тўғрисидаги декларацияни имзолаганди. Аммо ушбу давлатлар барибир ҳақиқий иттифоқчиларга айлана олмади – масалан, Озарбойжон Украинанинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлайди ва Киевга инсонпарварлик ёрдамлари жўнатиб келади.

Аммо санкциялар ва халқаро изоляция шароитида Москва ҳамкорларга муҳтож, Озарбойжон эса Россияга Осиё бозорларига чиқиш имконини берувчи «Шимол-Жануб» йўлаги иштирокчиси саналади.

«Москва Озарбойжондек давлатга аввалгига қараганда кўпроқ қарам – ва Боку бу макондан эҳтиёткорлик билан фойдаланмоқда», – дейди Шириев.

Аммо савдодан ташқари, Путин ва Алиевни мафкуравий позициялар боғлаб туради, дейди Халқаро инқироз гуруҳининг Жанубий Кавказ бўйича катта таҳлилчиси Жошуа Кучера.

«Россия Озарбойжон учун фойдали ҳамкор бўлиб қолмоқда, чунки Боку Москванинг Ғарб гегемонлигини заифлаштиришга интилишини қўллаб-қувватлайди – айниқса, инсон ҳуқуқлари ва демократия талаблари борасида. ЕИ ва АҚШ илгари сураётган бу нормаларни Боку ва Москва Ғарб ўз манфаатларини илгари суриш учун иккиюзламачилик билан фойдаланаётган воситалар сифатида кўради», – дейди Кучера BBC учун берган интервюсида.

Эксперт инқироз қанчалик кескин кўринмасин, у узоқ муддатли бўлиши даргумонлигини таъкидлайди.

«Бу Озарбойжон ташқи сиёсатининг ташриф қоғози: асосий ҳамкорлар – Россия, Европа Иттифоқи, АҚШ ёки Эрон билан мунтазам тактик келишмовчиликлар. Бироқ бир неча ой ўтгач, кескинлик одатда пасаяди. Боку манёвр майдонини кенгайтириш учун бундай мувозанат стратегиясидан яхши фойдаланади», – дейди у.

Украинадан кейин ва Арманистон ёнида

Туркия дронлари Озарбойжонга 2020 йил Арманистонга қарши урушда ғалаба қозонишга ёрдам берган
Azerbaijani Presidency/Getty Images

Аммо дипломатик можаро тез орада ҳал бўлган тақдирда ҳам, Боку ва Кремл ўртасидаги муносабатлар мустаҳкам бўлиб қолиши даргумон, дейди Заур Шириев. Унинг сўзларига кўра, Озарбойжондагилар ҳозирда Кремл қўшни давлатлар мустақиллиги ўсиб боришига йўл қўяётгани, аммо Украинадаги уруш тугаб, Россия ўз ресурсларини тиклаганида, улар фикрини ўзгартириши мумкинлигини тушуниб турибди.

Буни англаш Бокуни тинчлик келишуви бўйича музокараларда Арманистонга пешвоз чиқишга ундаши мумкин, дейди Шириев.

Ҳозир бу жараён боши берк кўчага кириб қолди, чунки Алиев бир нечта дастлабки шартларни илгари сурмоқда, улардан асосийси – конституцияни ўзгартириш. Арманистон бош вазири Никол Пашинян уларни қабул қилишга рози экани, аммо буни ёлғиз ўзи қила олмаслигини билдирмоқда. Конституцияга ўзгартиришлар киритиш 2026 йил июнигача ўтказилмайдиган референдумни талаб қилади ва унинг натижасини олдиндан айтиб бўлмайди.

Шу билан бирга, Озарбойжон ҳукуматига яқин манбалар Пашинянга ортиқча босим ўтказиш унинг мухолифларини – Озарбойжон билан тезроқ ярашиш ва Қорабоғга даъволаридан воз кечишни истамайдиган россияпараст кучларни кучайтириши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Тарихан Боку 1992-1994 йиллардаги Қорабоғдаги биринчи урушдаги мағлубиятини айнан Россиянинг Арманистонни қўллаб-қувватлагани билан тушунтиради ва можаро давом этиши –Москванинг янги аралашувига сабаб бўлишидан хавфсирайди.

«Боку ва Москва ўртасидаги муносабатлардаги сўнгги инқироз – тинчлик келишуви чўзилиши Россияга аралашиш учун кўпроқ имкон бериши ҳақидаги фикрни кучайтириши мумкин. Агар шундай бўлса, Бокуда Пашинян ҳокимиятда экан, тинчликка интилиш Москванинг таъсирини заифлаштириш ва унинг икки томонга ўйнашига йўл қўймасликнинг энг яхши усули деган қараш устун келиши мумкин».

Иккала давлат ҳам ҳозир бир хил вазиятга тушиб қолган – Арманистон россиялик пропагандачиларнинг Пашинянга ҳужумлари туфайли Москва билан навбатдаги марта совуқчиликни бошдан кечирмоқда. Арманистон бош вазири бир неча бор Россияни танқид қилган, энди эса ўз мамлакатини Европа Иттифоқи аъзоси сифатида кўрмоқчи.

Пашинян ҳокимиятни эгаллаб олиш режаларида айбланаётган Арман апостол черкови етакчилари ҳамда Россия фуқаролигига эга арманистонлик миллиардерга қарши кураш олиб бормоқда. Унинг энг яқин сафдошлари фитначилар ортида гўёки Кремл турганига шама қилмоқда, Россия пропагандачилари эса бунга жавобан Пашинян ҳақида ҳам Украина раҳбарияти ҳақида гапирган ибораларни қўлламоқда.

Арманистон ҳукумати Озарбойжон ва Туркия билан ярашиш орқали Москвага қарамлигини камайтирмоқчи ва Бокудагилар томонидан яхши қарши олинишига умид қилмоқда.

Аммо тинчлик жараёни натижаси ва Москва билан дипломатик баҳс қандай ривожланишидан қатъи назар, яқин йилларда Озарбойжон Россиядан масофани сақлаб қолишини кутиш мумкин.

Муаллиф:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид