Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонлик шифокорлар Германиядаги мураккаб операцияларда иштирок этишмоқда
Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ)нинг “Ўзбекистонда замонавий юқори технологияли тиббий асбоб-ускуналар билан ишлаш учун тиббий ва техник ходимларнинг малакасини ошириш” лойиҳаси доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги делегацияси Германияга ташриф буюрди. Вазирликнинг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими шу ҳақида хабар берди.
Бугунга келиб Германия билан тиббиёт соҳасида қатор муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда OPASCA German Oncology Solutions GmbH томонидан 50 миллион евро қийматидаги энг сўнгги технология ва жиҳозлар билан таъминланган, замонавий клиника бунёд этиш ҳамда Германиянинг нуфузли Мангейм университети клиникаси билан ўзбекистонлик мутахассисларни тайёрлаш лойиҳасини амалга ошириш юзасидан келишув имзоланди.
Бундан ташқари, германиялик ҳамкорлар билан пойтахтимиздаги Тошкент тиббиёт академияси ҳудудида кўп тармоқли клиника бунёд этиш юзасидан келишув имзоланди. Лойиҳага 100 миллион евро миқдоридаги инвестиция жалб этилади. Қувонарлиси, кейинчалик вилоятларда ҳам немис технологияси асосида ишлайдиган шундай кўп тармоқли клиникалар очилиши режалаштирилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги делегациясининг мазкур ташрифи тобора ривожланиб бораётган ҳамкорлик самарасидир. Делегация аъзолари Германиянинг Гамбург шаҳридаги Албертиний клиникаси шифокорлари билан ҳамкорликда хирургия, урология, гинекология ва онкология йўналишларида роботлаштирилган технологиялар ёрдамидаги мураккаб амалиётларда фаол иштирок этишди. Бундан ташқари, маҳорат дарсларида қатнашиб, роботлаштирилган технологияларда ишлаш кўникмаларини ҳам ҳосил қилишмоқда.
Шунингдек, тиббиёт соҳасида замонавий ускуна ва технологияларни ишлаб чиқарувчи “Philips”, “Dräger”, “Heinemann”, “Weinmann”, “Fresenius”, “Siemens” каби компанияларда бўлиб, замонавий тиббий асбоб-ускуналарни ишлаб чиқариш жараёни билан яқиндан танишишди. Мамлакатимизда қўлланилаётган замонавий технологияларга хизмат кўрсатиш шохобчаларини очиш ва фаолиятини кенгайтириш борасида музокаралар ўтказилмоқда.
“Dräger” компанияси беморларни сунъий нафас олдириш аппаратлари ҳамда бемор ҳолатини мониторинг қилиш мосламалари билан дунёга машҳур. Ушбу компания томонидан ишлаб чиқарилган тиббий ускуналар мамлактимизнинг олис ҳудудларидаги қишлоқ врачлик пунктларида ҳам мавжуд. Шу боис ушбу компаниялар билан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиб, юртимизда ўқув хоналарини очиш ва кенгайтириш, мутахассисларимизнинг замонавий технологияларда ишлаш ҳамда сервис хизматларини кўрсатиш кўникмаларини ошириш борасида келишувларга эришилмоқда. Муҳими, ўз малакасини оширган мутахассисларимиз юртимизнинг олис ҳудудларидаги шифокорларнинг ҳам малакасини ошириш юзасидан тренинглар ўтказиши мумкин бўлади.
Мавзуга оид
16:21 / 19.02.2026
Мерц Германияда ядровий қурол пайдо бўлишини истисно этди
14:13 / 19.02.2026
НАТО Болтиқбўйи соҳилига десант тушириш машқларини ўтказмоқда
12:53 / 17.02.2026
Германия чегарадаги текширувларни яна ярим йилга узайтирди
15:27 / 16.02.2026