Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қишки олимпиада: тарих ва бугун
Кеча Жанубий Кореянинг Пёнгчанг шаҳрида қишки олимпиада ўйинларининг очилиш маросими бўлиб ўтди. 9-25 февраль кунлари бўлиб ўтадиган спорт байрами бутун дуён мухлисларини ўзига жалб қилиши табиий. KUN.UZ оқ олимпиада номини олган спорт байрамининг пайдо бўлиш тарихи ва унда Ўзбекистон спортчиларининг иштирокига батафсил тўхталиб ўтади.
ЎЙИНЛАРИ ТАРИХИ
Қишки Олимпиада ўйинлари — қишки спорт турлари бўйича ўтказилиб, ёзги Олимпия ўйинлари каби Халқаро Олимпия Қўмитаси шафелигида ташкил этилади.
Биринчи қишки Олимпия ўйинлари 1924 йилда ўтказилган. Дастлаб, қишки ва ёзги Олимпия ўйинлари бир йилда ўтказилиб келинган. 1994 йилдан бошлаб эса, ёзги Олимпия ўйинлари ўтказилгач, орадан икки йил ўтиб қишки Олимпия ўйинлари ташкил этилади.
Бугунги кунга келиб қишки Олимпия ўйинларининг дастури сезиларли равишда кенгайиш билан бирга, иштирокчилар сони ҳам кескин даражада ошган.
Аслида, қишки Олимпия ўйинларини ўтказиш ғояси бирмунча аввал, яъни замонавий Олимпиада ўйинларини ташкил этиш ғояси пайдо бўлган даврдан бошланган. 1894 йилда Халқаро Олимпия қўмитасига асос солингач, ёзги Олимпия ўйинлари дастурига конькида учиш бўйича мусобақаларни ҳам киритиш тавсия этилган. Лекин, дастлабки учта Олимпиада ўйинларида муз устида ўтказиладиган бирорта спорт турлари киритилмаган. 1908 йилга келибгина, Лондон (Буюк Британия)да бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларида фигурали учиш бўйича 4 та дастурда мусобақалар ўтказилган.
Кўк рангда мусобақага бир мартадан ортиқ мезбонлик қилганлар
1920 йил Антверпен (Бельгия)да ўтказилган ёзги Олимпиада ўйинлари дастуридан фигурали учиш ва шайбали хоккей спорт турлари ўрин эгаллаган. Мазкур мусобақаларда швециялик Гиллис Графстрем фигурали учиш бўйича эркаклар ўртасидаги мусобақада, унинг ҳамюрти Магда Юлин-Маурой эса аёллар орасида олтин медалга сазовор бўлганлар. Людовика ва Вальтер Якобссонлар (Финляндия) эса жуфтлик мусобақаларида биринчи ўринни эгаллашган. Шайбали хоккей бўйича бўлиб ўтган баҳсларда жами 7 жамоа ғолиблик учун баҳс юритиб, унда канадалик хоккейчилар зафар қучганлар.
Расмий дебют. Франция, Шамони. 1924 йил
«Оқ олимпиада» номини олган бу мусобақанинг расман дастлабки 1924 йилда Франциянинг Шамони шаҳрида бўлиб ўтган Франциянинг Алп тоғларига туташ қисмида ўтказилган бу мусобақа «Парижда бўлиб ўтадиган VIII ўйинларига бағишланган Қишки спорт турлари ҳафталиги» деган узундан-узун ном остида ўтказилган. Ўшанда январ-феврал ойларида бўлиб ўтган ўша мусобақада 16 мамлакатдан 293 нафар спортчи иштирок этганди. Аслида бу мусобақа ўтказилмай қолиши ҳам мумкин эди. Сабаби Шамони сўнгги кунларгача мусобақани ўтказиши шубҳа остида қолганди.
Шунда замонавий олимпия ўйинлари асосчиси Пьер де Кубертен ХОҚнинг учинчи президенти Анри де Балле-Лятурага хат ёзади. Унда агар Франция бу олимпиадани ўтказа олмаса жуда кўпчилик мамлакат устидан кулиши мумкин деган маъно бор эди. Шундан сўнг мамлакат бу мусобақани қандай бўлмасин ўтказишга қарор қилади..
Яна бир мусобақанинг ўтказилишига хавф солган сабаб бу скандинавия мамлакатларининг эътирози бўлади. Қишки спорт мусобақаларининг мутлақ гегемони бўлган минтақа ўзлари учун алоҳида шимолий ҳудудлар ўйинлари ташкил қилиб олишганди. Улар учун мана шу турнирдан кўра нуфузлироқ мусобақани ташкил қилиш имконсиз эди. Норвегия, Швеция ва Финляндия томони бу мусобақада ҳеч қандай рақиб йўқлигини айтиб, бу мусобақани ташкил этишдан фойда йўқлигини айтишарди. «Юнонистондан ким ҳам конки учишни ўрганиб, бизга рақиб бўлиши мумкин?», деб ҳисоблашишарди улар. Спорт иттифоқи раҳбарлари эса бу нафақат спорт мусобақаси балки тоғ чанғиси курортларининг рекламаси эканини ҳам яхши тушунишарди ва шу боисдан бу мусобақани ҳар қандай ҳолатда ҳам ўтказиш керак деган фикрга келишади.
Молиявий жиҳатдан ўта зарарли (ягона даромад кўриш манбаси бўлган чипталар сотуви 35 фоизга ҳам етмаган) бўлсада, Олимпиадани мунтазам ўтказиш учун асослар топилди. 1926 йили Лиссабонда бўлиб ўтган йиғилишда II қишки олимпиада ўйинлари Сент-Морицеда ўтказиладиган бўлди. Икки йил муқаддам қишки спорт ҳафталиги номи остида ўтказилган Шамони олимпиадаси I қишки олимпия ўйинлари сифатида тан олинди. Шу тариқа барон Пьер де Кубертеннинг яна бир оқилона миссияси якунланди. Спорт даҳоси ўша пайтда инсониятга яна бир улкан байрамни тортиқ этганини балки ҳис қилмагандир ҳам...
Тарих ёзган мустақил Ўзбекистон
Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритгач, илк марта 1994 йили Норвегиянинг Лиллеҳаммер шаҳрида бўлиб ўтган олимпиада мустақил давлат сифатида, Ўзбекистон байроғи остида мусобақада иштирок этди. Бу Ўзбекистон спорти тарихидаги илк олимпиада эди. Сабаби бунгача мамлакат Ёзги олимпиада ўйинларида ҳам ҳали мустақил давлат сифатида иштирок этмаганди.
Лиллеҳаммердаги олимпиадада Ўзбекистон шарафини 2 спорт турида иштирок этган: фигурали учиш, фристайл. Спортчилар сони эса 7 нафарни ташкил қилганди
Фигурали учиш:
Алики Сергааду, Юрий Разгуляев, Динара Нурбаева, Муслим Сатторов
Фристайл:
Лина Черязова, Сергей Бренер, Лариса Удодова
Ўзбекистон спорти тарихида бу олимпиаданинг яна бир алоҳида аҳамият касб этиши бу фристайл устаси Лина Черязованинг иштироки бўлганди. Черязова Ўзбекистон спорти тарихида олимпиадаларда қўлга киритилган илк олтин медални айнан Норвегияда қўлга киритганди. Афсуски, ҳозиргача бу қишки олимпиада тарихида қўлга киритган ягона медалимиз саналади. Ундан кейин ўтказилган бешта олимпиадада ҳам Ўзбекистон терма жамоаси ҳеч бўлмаса бронза медалини ҳам қўлга кирита олмаган.
Ўзбекистон учун иккинчи қишки олимпиада 1998 йилнинг 7-22 февраль кунлари Япониянинг Нагано шаҳрида ўтказилган XVIII қишки олимпиада мусобақалари бўлганди.
Бу сафар Ўзбекистон шарафини 3 спорт турида тўрт нафар спортчи ҳимоя қилганди:
Тоғ чанғиси:
Комил Ўрунбоев (слалом)
Фигурали учиш:
Роман Скорниаков, Татьяна Малинина
Фристайл:
Лина Черязова
XIX қишки Олимпиада ўйинлари 2002 йилнинг 8-24 февраль кунлари АҚШнинг Солт-Лэйк-Сити шаҳрида ўтказилган бўлиб, унда Ўзбекистон терма жамоаси 2 спорт турида 6 кишидан иборат делегация билан иштирок этганди.
Тоғ чанғиси:
Комил Ўрунбоев (слалом), Эльмира Урумбаева (слалом)
Фигурали учиш:
Роман Скорньяков, Татьяна Малинина, Наталья Пономарёва, Евгений Свиридов
ХХ Қишки Олимпиада Италиянинг Турин шаҳрида 2006 йил 10-26 февраль кунлари ўтказилган. Ўзбекистон терма жамоаси 2 спорт туридан тўрт нафар спортчи билан қатнашган.
Тоғ чанғиси:
Қайрат Ерметов (слалом)
Фигурали учиш:
Анастасия Гимазетдинова, Марина Аганина, Артём Князев
Канаданинг Ванкувер шаҳрида бўлиб ўтган XXI Қишки Олимпиада 2010 йилнинг 12-28 февраль кунлари ташкиллаштирилган. Унда Ўзбекистондан икки спорт турида уч нафар атлет иштирок этган.
Тоғ чанғиси:
Ксения Григорьева (слалом), Олег Шамаев (слалом, гигант слалом)
Фигурали учиш:
Анастасия Гимазетдинова
Сочида бўлиб ўтган 2014 йилги олимпиадада эса Ўзбекистон терма жамоаси шарафини 2 спорт турида уч нафар спортчи ҳимоя қилган
Тоғ чанғиси:
Артём Воронов (слалом, гигант слалом), Ксения Григорьева (слалом, гигант слалом)
Фигурали учиш:
Миша Ге
Пёнгчангда старт олган олимпиадада Ўзбекистон шарафини икки спорт турида уч нафар спортчи ҳимоя қилади
Тоғ чанғиси:
Комилжон Тўхтаев (слалом, гигант слалом), Ксения Григорьева (слалом, гигант слалом)
Фигурали учиш:
Миша Ге
Мавзуга оид
23:34 / 30.11.2023
2030 ва 2034 йилги қишки Олимпиада ўйинларига Франция курортлари ва АҚШ мезбонлик қилади
09:00 / 26.03.2019
Никимбаев Лина Черязова ҳақида: Олимпиадани онаси икки ҳафта олдин вафот этганини билмасдан ютганди
20:30 / 16.03.2018
Эрдўған: Туркия Олимпиада ўйинларини қабул қилишга тайёр
22:25 / 09.03.2018