Спорт | 14:41 / 20.09.2025
6878
20 дақиқада ўқилади

АПЛда бир турда 3 та топ тўқнашув, Италияда дерби. Ҳафтанинг асосий ўйинлари

Бу сафарги уикендда «Арсенал» «Сити»ни, «МЮ» «Челси»ни қабул қилади, «Ливерпул»ни қийин синов кутмоқда.

Уч кун давом этган Чемпионлар Лигаси ўйинлари якунланиб улгурмай, миллий чемпионатлар бошланмоқда. Ливерпул ва Рим дербилари, “Олд Траффорд” ва “Эмирайтес”да навбатдаги катта учрашувлар, Францияда эса “ПСЖ” де Дзерби бошқарувидаги “Марсел”ни синовдан ўтказади. “Реал” ва “Барселона” алоҳида ҳолатда Каталония ва Мадрид клубларига қарши тўп суриб, аста-секин класико ҳавосига тайёргарликни бошлашади.

ЛИВЕРПУЛ – ЭВЕРТОН (20 сентябр, 16:30)

“Ливерпул” ушбу мавсумда деярли дор устида юрибди. Слот шогирдлари айни дамда Европада 100 фоизлик натижа кўрсатаётган кам сонли жамоалардан бири бўлишса-да, ўтказилган беш ўйиннинг ҳар бирида очко йўқотилиши мумкин эди. Бу ўйинларнинг учтасида “Ливерпул” ҳал қилувчи голни ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда урди. Яна икки ўйинда ҳам голлар 80-дақиқадан сўнг киритилган.

Бу аслида омадми ёки “Ливерпул”нинг кучли ўйини рақибнинг сўнгги дақиқаларда қаршилик кўрсата олмай қолишига сабаб бўляптими, айтиш қийин. Шуниси аниқки, бундай серия одатда узоқ давом этмайди, аммо натижалар қайси томонга оғади, буни ҳам тахмин қилиш осон эмас. Қизиғи, бу сафарги рақиб билан ҳам аввалги ўйинлардаги сценарийни бемалол кутиш мумкин, зеро бу ҳам дерби, “Эвертон” эса “Ливерпул”га қарши ўйинларда доим муносиб бўла олишини унутмаслик керак.

“Эвертон” сўнгги йиллардан фарқли равишда мавсумни анча кучли бошлади, илк ўйинлардан енгиш қийин бўлган “қаттиқ ёнғоқ” бўла олишини намойиш этяпти. Жамоа илк турда “Лидс”га ягона пеналти эвазига мағлубиятга учраган бўлса-да, масалан “Брайтон” устидан қозонилган ғалаба алоҳида эътиборга арзийди. Зеро “Брайтон” айниқса мавсум бошида ҳатто топ-клубларга ҳам ён бермаслиги маълум.

Дэвид Мойес бошқарувига қайтган жамоа барча мусобақаларни ҳисобга олганда қаторасига 4 ўйиндан бери мағлубиятга учрагани йўқ, буларнинг учтасида умуман ўз дарвозасидан гол ўтказмади. Табиийки, ҳозирча вазиятлар яратишда аниқ бир тизим бўлмаган ва олдинги чизиқда бир қатор янги футболчиларга эга бўлган “Ливерпул” учун “Эвертон” ҳимоясини ёриб ўтиш осон бўлмайди.

Янгилар ҳақида гап борганда, Александр Исакнинг “қизиллар” таркибида дебют қилганини таъкидлаш керак. Арне Слотнинг айтишича, “Атлетико”га қарши олтмиш дақиқа Исакнинг фаолиятидаги балки энг оғир дақиқалар бўлган ва катта эҳтимол билан у “Эвертон” билан ўйинда илк дақиқалардан майдонга тушмаслиги мумкин. АПЛ ўйинида Экитике бошланғич таркибда тушиб келмоқда. Умуман олганда, “Ливерпул”нинг ҳафта ўртасида нисбатан анча кучли рақибга қарши тўп сургани бутун ҳафта давомида дербига тайёрланган “Эвертон”га қўшимча устунлик бериши турган гап. Жароҳатларга келсак, меҳмонлар сафида ҳам йўқотишлар деярли йўқ. Фақат марказий ҳимоячи Жаррад Брантуэйт анча олдин, мавсумолди ўртоқлик ўйинларида жароҳат олганди ва ҳали янги мавсумда сафга қайтгани йўқ.

Сўнгги дербилар тарихига қаралса, “Ливерпул” “Энфилд”да ўтган ўйинларда доим анча устун ҳаракат қилади – охирги 15 дербидан 10 таси “Ливерпул” ғалабаси билан якунланган. Жумладан, “Энфилд”да ўтган охирги 4 дербида мезбонлар гол ўтказмасдан ғалаба қозонишнинг уддасидан чиқишган.

МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – ЧЕЛСИ (20 сентябр, 21:30)

Қизиқ факт, Алекс Фергюсондан кейин ўнга яқин доимий ва вақтинчалик мураббийлар ишлади, “Челси”да ундан ҳам кўпроқ. “МЮ” турли даврларни бошдан кечирди, “Челси”да ҳам турли даврлар бўлди, бу орада икки марта АПЛ, бир марта Чемпионлар Лигасини ютишга муваффақ бўлишди. Жамоалар турлича ҳолатларда, гоҳида у, гоҳида буниси фаворит бўлиб тўқнашди.

Лекин Фергюсондан кейинги даврда ҳали бирор марта “Челси” “Олд Траффорд”да ғалаба қозонмаган. Дуранглар жуда кўп, лекин ғалаба йўқ. Охиргиси ўша 2013 йилда, Фергюссоннинг охирги мавсумида рўй берган экан. Айни дамда юқори ўринларда юрган “Челси” яна мавсумни муаммолар билан бошлаган “МЮ” устидан ниҳоят сафар ғалабасини қўлга киритишга ишонаётган бўлиши мумкин, аммо юқорида айтилганидек, “Олд Траффорд”да мезбонлар бундан ёмонроқ ҳолатларда ҳам “Челси”га ён бермаган.

“Челси” рақиби фонида анча барқарор бўлса-да, яна икки омил учрашув натижасини тахмин қилиш қийинлигини кўрсатади. Биринчидан, “МЮ” янада оғирроқ ҳолатда бўлган апрелдаги ўйинни эсланг. “Стемфорд Бриж”да ўтган ўйинда мезбонларга ғалаба жуда зарур, “МЮ” эса Европа Лигаси финалига тайёрганлик кўраётганди. Аммо шунда ҳам Аморим шогирдлари анча кучли ўйин кўрсатишган ва “Челси”нинг 1:0 ҳисобида ғалабаси билан якунланган баҳснинг охиригача курашишганди. “Иблислар”нинг айни дамдаги ҳолати нисбатан яхшироқ ва умуман Аморим ўтган ҳафтадаги дербини қўшмаса, топ-рақибларга қарши жамоани муносиб тайёрлай оляпти. Иккинчидан, мана шу тайёргарлик учун вақт мезбонларда икки баробар кўп бўлганини ҳам таъкидлаш керак. Еврокубокларда қатнашаётган “Челси” чоршанба оқшомида “Бавария” майдонида қийин ўйинда иштирок этди ва яна бир оғир тўқнашувга тўлиқ тикланиб улгурмаслиги ҳам мумкин. Ўтган мавсумда Мареска Конференциялар Лигасига умуман бошқа таркибни тушириб, жамоасининг барча фронтларда яхши спорт формасида бўлишини таъминлаган бўлса, ЕЧЛ бундай тажрибаларга йўл қўймайди. Ҳафтада икки ўйинлик режим қайсидир маънода Мареска учун ҳам янги синов бўлади.

Жароҳатларга келсак, “Челси” сафида марказда Лавиядан ташқари, Эссуго ҳам йўқ, натижада марказдаги учлик барча ўйинларда ўзгаришсиз тўп суришга мажбур. Ундан ташқари, Лиам Делапнинг ҳам ёрдамидан Мареска фойдалана олмайди. Матбуот анжуманида у Алехандро Гарначонинг илк дақиқалардан ўйнашга тайёр эканини айтиб ўтди – демак, биз аргентиналик вингернинг энди рақиб жамоаси сафида “Олд Траффорд”га чиқиб келишини кўрамиз.

“Манчестер Юнайтед” эса терма жамоалар танаффусидан олдин Куня ва Маунтдан айрилганди. Хабарларга қараганда, Куня “Челси”га қарши таркибга қайтиш учун бор имкониятини ишга соляпти, лекин ҳали Аморимнинг бу борадаги якуний фикри маълум эмас. “Этиҳад”да чап қанот “ўнлиги” сифатида Амадни синаб кўриш тажрибаси ўхшамади. Бу сафар Аморим яна ўша таркибда қоладими ёки Бруно Фернандеш вақтинча бўлса-да, олдинги чизиққа қайтадими, кўрамиз. Бу икки футболчидан ташқари, Диегу Далотда ҳам жароҳат бор, шунингдек, Лисандро Мартинеснинг узоқ муддатдан сўнг сафга қайтиши кейинги ойга кутилмоқда.

Яна бир интрига, албатта, дарвоза чизиғига янги харид қилинган Ламменснинг асосий таркибда пайдо бўлиш эҳтимоли. Ўтган тўрт ўйинда дарвозада туриб, йўналтирилган 15 зарбанинг ярмини ўтказиб юборган Алтай Байиндирга берилаётган имконият бу қадар узоқ давом этиши қийин.

ЛАЦИО – РОМА (21 сентябр, 15:30)

Ливерпул дербисидан бир кун ўтиб бизни Римда ҳам ажойиб дерби кутиб турибди. Римнинг икки клуби яна орани очиқ қилишади.

Жамоаларнинг янги мавсумдаги старти деярли ўхшаш – у қадар муваффақиятсиз дейиш қийин, шу билан бирга саволлар ҳам бор. “Лацио” 2-турда “Верона” устидан 4:0 ҳисобида ажойиб ғалабага эришди, аммо сафар ўйинларининг ҳар иккисида ҳам мағлубиятга учради. “Рома” эса гўёки яна Раниери даврига қайтиб қолгандек – учала ўйин ҳам 1:0 ҳисобида тугади. Фақат сўнггисида жамоа ўз майдонида “Торино”га шу ҳисобда мағлубиятга учради.

Ҳозирча Италияда кўп тилга олинаётган пешқадамлар бошқа бўлса-да, Рим жамоаларида ҳам чемпионлик пойгасида иштирок этишга салоҳият етарли. Масалан, “Рома” яхши ҳимоя чизиғига эга ва лигада энг кам гол ўтказган жамоа бўлиб турибди. Бу мавсумолди тайёргарлик ўйинларида ҳам кўзга ташланган, жуда кўп ўртоқлик ўйинларини жамоа гол ўтказмай якунлаганди. Шу билан бирга, Гасперини шогирдларини ҳимоявий деб ҳам бўлмайди. Биз ушбу мураббийни жуда яхши биламиз ва ҳали тўлиқ ғояларини сингдира олмаган бўлса-да, масалан, “Рома” уч турдан кейин тўп назорати бўйича А Серия етакчиси экани ҳам қайсидир маънода янгилик.

“Лацио” эса яратилган хавфли вазиятлар борасида лигада фақат “Наполи”дан ортда қоляпти, холос. Албатта, бу ерда ҳам ўзига яраша контекст бор – “Лацио” бир ўйинни йирик ҳисобда енгди, қолган иккитасида мағлубиятга учради. Яъни кўп ҳужум қилиш ва вазиятлар яратиш учун шароит ва сабаблар етарли ҳам бўлган.

Хуллас, Италия футболининг энг догматик, шу билан бирга ўз услуби билан нафақат Италия, балки Европада ҳам ном қозонган икки мураббийи ўртасидаги баҳс айнан тактик жиҳатдан қизиқарли бўлиши табиий. Гасперини ва Сарри – бу икки мураббий дуэли ҳеч қачон зерикарли бўлиши мумкин эмас.

Таркибларга келсак, “Лацио”да Жиго, Эвра, Ладзари, Висино каби футболчилар майдонга туша олишмайди. Ҳаммасида жароҳат бор. “Рома” сафида эса Пауло Дибала яна жароҳатланди ва кейинги ойгача майдонда кутиш қийин. “Астон Вилла”дан ижара асосида олиб келинган Леон Бэйлининг ҳолати ҳам аниқ эмас ва унинг янги жамоа таркибида дебюти кейинроққа қолиши мумкин.

Ўзаро ўйинларда сўнгги йилларда деярли тенглик кузатилган. “Рома”да бироз устунлик бор – охирги 35 баҳсдан 15 таси айнан “бўрилар” фойдасига ҳал бўлган. “Лацио”да бу даврда ғалабалар сони эса 12 та. Ўтган мавсумдаги дербиларнинг бирида дуранг қайд этилган бўлса, иккинчисида “Рома” 2:0 ҳисобида устун келган.

АРСЕНАЛ – МАНЧЕСТЕР СИТИ (21 сентябр, 20:30)

Ниҳоят “Арсенал” сўнгги мавсумларда “Манчестер Сити” билан ўйинлардаги комплексидан халос бўлди ва бемалол ўзаро ўйинда фаворит сифатида тилга олиниши мумкин. Сўнгги баҳсдаги ишончли 5:1 ҳисобидаги ғалаба, ёзги трансфер бозоридаги фаоллик, янги мавсумдаги ўта ишончли старт “Арсенал”га мана шу мақомни тақдим этгани шубҳасиз. Албатта, “Манчестер Сити” ҳам жуда кўп янги футболчиларни таркибига қўшиб олди, аммо “шаҳарликлар”дан фарқли равишда “Арсенал”нинг харидларига янги тажрибалар ёки муаммоларни ёпиш учун келган ёш футболчилар эмас, аксинча, тайёр ишлаб турган механизмга қўшимча “эҳтиёт қисмлар” ўлароқ баҳо бериш мумкин. Эътибор беринг, айни дамда сўнгги йилларнинг энг асосий футболчилари Сака ва Салиба йўқ, Кай Ҳаверц ва Жезус ҳам жароҳатда, аммо шунда ҳам ҳеч ким бу йўқотишларни муаммо сифатида кўрмаяпти. Ниҳоят “Арсенал”даги фаолиятида илк марта Артета жароҳатлардан қайғурмай, ҳар бир ўйинга тайёр бўлиши мумкин.

“Манчестер Сити”га келсак, жамоа гўёки бир ҳафтада ҳам дербини, ҳам ЕЧЛда “Наполи”ни бирорта ҳам гол қўйвормай ютган бўлса-да, аниқ баҳо бериш қийин. “Сити”ни кўпроқ “Тоттенҳэм” ва “Брайтон”га қарши муваффақиятсиз ўйинлар орқали баҳолаш тўғрироқ бўларди, зеро “Манчестер Юнайтед” шундоқ ҳам қийин ҳолатда ва “Сити”га жуда қулай бўлган услубда тўп суриб, вазифани осонлаштирди. “Наполи” эса ўйин бошидан бир киши кам бўлиб қолганди. Етарлича тартибли ва зич ўйнайдиган жамоаларга қарши “Манчестер Сити”нинг муаммолари ҳали ҳеч қаерга кетгани йўқ. “Арсенал” ҳужумда “Сити”га “Юнайтед” каби кўп имконият бермайди, умуман, “Арсенал” бу мавсумда ўз дарвозаси олдида бирорта ҳам катта вазият яратилишига имконият бермаган ягона клубдир. Жамоа ушбу мавсумда ўтказиб юборган ягона гол ҳам Сабослаининг узоқ масофадан йўллаган зарбаси бўлди холос. Яъни ноодатий қарорларсиз ёки бироз омаднинг кулиб боқишисиз “Манчестер Сити”га ғалаба шундоқ тортиқ қилинмайди. Пеп Гвардиола шогирдлари эса бу мавсумда ҳали қийин учрашувда рақибни енга олмади.

Албатта, ушбу ўйинга Ўзбекистон миллий жамоаси футболчиси Абдуқодир Ҳусанов фонида қарашимиз ҳам тўғри бўлади ва катта эҳтимол билан бу сафар ҳам у асосий таркибда ҳаракат қилса керак. Гвардиола қаторасига икки ўйиндан бери Ҳусановни асосий таркибга, фақат ўнг қанотга туширяпти. Бу уч ўйиннинг энг қийини ва ҳимояда кўпроқ ҳаракатлар талаб қилинадиган “Арсенал”га қарши Пеп энди Нунез ёки Люисни қўймаса керак. Абдуқодирни АПЛнинг яна бир тезкор футболчиси Эзе ёки Мартинеллига қарши кўриш албатта ўзбек мухлислари учун қизиқ бўлади.

Юқорида Салибанинг жароҳати тилга олинган бўлса-да, франциялик ҳимоячи Билбаодаги Чемпионлар Лигаси ўйинида захира ўриндиғидан жой олди. Артета қарийб бир ойдан бери майдонга тушмаган Салибани унинг тажрибасига ишониб бирданига “Сити”га қарши ўйинда туширадими ёки сўнгги ўйинларда ёмон кўринмаётган Москуэрага ишонишда давом этадими, ҳали номаълум. Сака, Ҳаверц ва Жезусдан ташқари, Мартин Эдегор ҳам шерикларига ёрдам бера олмайди. У АПЛнинг 4-турида “Ноттингҳэм”га қарши баҳсда жароҳат олганди.

Меҳмонлар таркибида ҳам йўқотишлар жиддий. Ҳимояда Жон Стоунз ва Айт-Нури, марказда Ковачич, ҳужумда Шерки ва Мармуш майдонга туша олишмайди. Аммо кутилмаганда Фил Фоден формага қайтди ва энг яхши даврларини эслаб қолди, шунингдек, Доку ҳам олдинги чизиқда самарали ҳаракат қилмоқда, Ҳоланд терма жамоа ўйинлариям қўшилса, сўнгги 5 ўйинда 10 гол ва 3 ассистни амалга оширди – Пеп Гвардиолада бу чизиқда муаммо бўлмаса керак. Таркиб ҳақида сўз борганда фақат жароҳатларни эмас, ҳафта ўртасида бўлиб ўтган Чемпионлар Лигаси таъсирини ҳам унутмаслик керак. “Арсенал” Билбаодаги ўз ўйинини сешанба куни ўтказган бўлса, “Манчестер Сити”нинг “Наполи”га қарши ўйини пайшанба оқшомига белгиланганди. Бу ҳам мезбонларнинг фойдасига ишласа ажаб эмас.  

Юқорида айтилганидек, “Арсенал” фаворит, ҳам ўз майдонида тўп суряпти, ҳам охирги беш ўзаро ўйинда лондонликлар мағлубият нималигини билмаяпти. Серия давом этармикин? 

МАРСЕЛ – ПСЖ (21 сентябр, 23:45)

Роберто де Дзерби Марселда иш бошлаганига кўп вақт ўтмаган бўлса-да, илк мавсумидаёқ жамоани ўз услубига эга бўлган ва доим биринчи рақамда ўйнашга ҳаракат қиладиган қилиб қўйди. Ўтган мавсумда 2-ўрин ҳам бежиз эмас. Чемпион билан очколар фарқи катта эди, “Марсел” парижликларга етарлича рақобат кўрсата олмаган, ўзаро ўйинларда ҳам “ПСЖ” яққол устунлигини кўрсатган, аммо агар янги мавсумда қайсидир жамоа лигага бироз бўлса-да интрига олиб кириши керак бўлса, айнан де Дзерби шогирдларидан кутиш керак.

Биринчидан, “Марсел” етакчи футболчиларини сақлаб қолиш билан бирга бир қатор эътиборли харидларга ҳам қўл урди. Павар, Эмерсон, Обамеянг, каби футболчиларда энг катта миқёсда тажриба бор. Ўтган йили “Лилл”да порлаган Эйнжел Гомес Англия терма жамоаси аъзоси ҳисобланади, марказга яхши таъсир кўрсатиши мумкин. Иккинчидан, Чемпионлар Лигаси доирасидаги “Реал”га қарши ўйин кўп жиҳатдан кўргазмали бўлди – “Марсел” энг топ даражадаги рақиблар билан ҳам тенгма-тенг ўйнай олишини бутун Европага кўрсатди. Тўғри, ўша ўйинда 13 сейв амалга оширган Херонимо Рулининг қаҳрамонлигига кўз юмиб бўлмайди, аммо баъзи паллаларда “Марсел” ҳам қизиқ кўринди, ҳатто ғалаба қозониш имконияти ҳам бор эди. Табиийки, бундай ўйиндан кейин “Марсел” бемалол “ПСЖ”га қарши ҳам самарали ўйнай олишига ишонч бўлади. Бунинг устига ўйин Марселда бўлиб ўтади – жамоа ушбу мавсумда ўз майдонидаги ҳар икки ўйинда ҳам йирик ҳисобда ғалаба қозониб, жами 9 гол урган.

“ПСЖ” эса аста-секин мавсумга кириб келмоқда. Бу табиий, жамоа клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида финалгача етиб борди ва натижада деярли мавсумолди йиғинларсиз чемпионатни бошлади. Стартдаги дастлабки икки ўйинда фақат минимал ғалаба қайд эта олган Энрике шогирдлари энди оптимал формага кириб боришяпти – мавсумдаги 5 ўйинда 5 ғалаба, 14 гол урилган ва 3 та ўтказиб юборилган. Сўнгги икки ўйинда ҳатто жамоанинг икки асосий қуроли бўлмиш Дуэ ва Дембеленинг жароҳати ҳам сезилмаяпти. “Марсел”га қарши ўйинда бу икки ҳужумчидан ташқари Жоао Невеш ҳам қатнаша олмаслиги мумкин. “Тулуза” билан ўйинда ҳет-трик қайд этган футболчи Чемпионлар Лигасида “Аталанта”га қарши кечган учрашувда жароҳат олди ва камида икки ҳафтага сафдан чиқди.

Мезбонлардаги йўқотишларга келсак, асосийси, марокашлик Наиф Агуэрд Мадриддаги баҳсда ҳам етишмаганди, катта эҳтимол билан “ПСЖ”га қарши ўйинни ҳам ўтказиб юборади. Шунингдек, “Борнмут”дан трансфер қилинган Ҳамид Траореда ҳам кичик жароҳат бор. Қолган футболчиларнинг ҳаммаси учрашувга тайёр ва балки рақибга нисбатан бир кун кўп (“Марсел” ЕЧЛ ўйинини сешанба, “ПСЖ” эса чоршанба ўтказган) дам олиш имкони ҳам мезбонларга жисмоний тарафдан қўшимча устунлик бериши мумкин.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

20 сентябр. Ҳоффенҳайм – БАВАРИЯ (18:30), Брайтон – ТОТТЕНҲЭМ (19:00), РЕАЛ – Эспанйол (19:15), Верона – ЮВЕНТУС (21:00), Удинезе – МИЛАН (23:45)

21 сентябр. Борнмут – НЮКАСЛ (18:00), Торино – АТАЛАНТА (18:00), Истанбул Бошоқшехир – Аланияспор (19:00), Малйорка – АТЛЕТИКО (19:15), БОРУССИЯ Д – Волфсбург (22:30), ИНТЕР – Сассуоло (23:45), БАРСЕЛОНА – Хетафе (23:55).

Тайёрлаган:  Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид