Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Вазирлик талабаларнинг президент стипендияси бўйича мурожаатига раддия берди. Айрим саволлар очиқ қолмоқда
Президент стипендияси учун бу йилги саралаш жараёнлари унда қатнашган талабаларнинг норозилиги ва эътирозларига сабаб бўлди. Олий таълим вазирлиги талабаларнинг Kun.uz’да эълон қилинган мурожаатини мақола ўлароқ қабул қилди ва уни асоссиз деб ҳисоблади. Аммо раддияда талабалар санаган айрим эътирозлар жавобсиз қолдирилган.
Фото: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги
Kun.uz президент стипендиясига номзод талабаларнинг танлов аниқ баҳолаш мезонларисиз ўтгани ва ҳакамлар қўйган баллар эътирозларга сабаб бўлгани ҳақидаги мурожаатини эълон қилганди. Мазкур мурожаатга Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати томонидан раддия эълон қилинди.
Вазирлик ушбу мақолада кўрсатилган важларни асоссиз деб ҳисоблайди ва эътирозлар юзасидан қуйидаги батафсил маълумотларни келтиради.
Дастлаб, танлов босқичлари ҳақида қисқача. Ҳужжат топшириш жараёнларини рақамлаштириш орқали жорий йилдан бошлаб олий таълим муассасалари томонидан ҳар бир номзодга тегишли бўлган ҳужжатлар тўплами янги ишлаб чиқилган stipendiya.edu.uz платформаси орқали қабул қилиниши йўлга қўйилди. Бу эса талабанинг турли йиғма жилдлар тўплаши, ортиқча харажатлар қилишини батамом бартараф этиб, уларга қулайлик яратди. Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, ўтган йиллар давомида ҳужжат топширишда инсон омилининг аралашуви сабаб айрим талабаларда бу борада ҳақли эътирозлар ҳам бўлган.
Шундан сўнг, Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг танловни ўтказиш бўйича буйруғи қабул қилинади. Ушбу ҳужжат билан магистратура талабалари орасидан ғолибларни ёпиқ овоз бериш орқали танлаб олиш бўйича махсус танлов комиссияси таркиби ҳамда талабгорларнинг таълим ва илмий (ижодий) тайёргарлик даражасини баҳолаш бўйича экспертлар гуруҳлари тасдиқланади. Эътибор қаратиш лозимки, танловларнинг адолатли, юқори масъулият билан ва шаффоф ўтишини таъминлаш мақсадида махсус танлов комиссияси таркиби олий ўқув юртлари ректорлари, вазирлик масъуллари ҳамда бошқа идора ва ташкилотлар мутасаддиларидан тузилади. Жорий йилги комиссия аъзолари орасида Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходими, олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари (комиссия раиси сифатида) ҳамда Туризм ва спорт, Маданият вазирликлари, Фанлар Академиясининг бир қатор масъуллари иштирок этди.
Раддиянинг тўлиқ матни билан мана бу ерда танишиш мумкин.
Таъкидлаш жоизки, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан эълон қилинган раддияда Kun.uz орқали Президент стипендияси танлови ташкилий жараёнидаги камчиликларни таҳлил қилиб, эътироз билдирган магистрларнинг иддаолари асоссизга чиқарилади. Бироқ негадир вазирлик танлов иштирокчилари томонидан санаб ўтилган кўплаб камчиликлар бўйича муносабат билдирмаган.
Жумладан, раддияда жорий йилдан бошлаб олий таълим муассасалари томонидан ҳар бир номзодга тегишли бўлган ҳужжатлар тўплами янги ишлаб чиқилган stipendiya.edu.uz платформаси орқали қабул қилиниши йўлга қўйилгани, бу эса талабанинг турли йиғма жилдлар тўплаши, ортиқча харажатлар қилишини батамом бартараф этиб, уларга қулайлик яратгани таъкидланади. Жараён рақамлаштирилгани ва инсон омили аралашувининг олди олингани таҳсинга сазовор.
Бироқ Kun.uz орқали танловни ташкиллаштириш билан боғлиқ эътирозлари билан бўлишган талабгорлар платформанинг кўплаб камчиликлари борлиги, унинг шошилинч қилинганини бир қарашдаёқ билиш мумкинлиги, у Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон иқтидорли ёшларини тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисида”ги қарори талабларига жавоб бермаслигини айтган бўлса, ТАТУ магистранти Сардорбек Салимов IT йўналишидаги лойиҳаларни илова қилиш учун алоҳида жой ажратилмагани боис амалий ишланмаларини бошқа ҳужжатлари орасига қўшиб, архив файл сифатида бириктиргани, бироқ танловдан сўнг комиссия аъзолари ва экспертлар билан суҳбатлашганда ушбу файллар очиб кўрилмагани ва баҳоланмаганини айтган эди.
Бироқ раддияда бу каби эътирозлар юзасидан муносабат билдирилмаган.
Раддияда иштирокчиларнинг танловда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилгани ҳақидаги фикрлари асоссиз экани таъкидланаркан, комиссия ишида аъзо сифатида иштирок этган Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ректори М.Пўлатовнинг ўзи раҳбарлик қиладиган институт талабасининг ишларини баҳолашдаги иштироки якуний натижага асло таъсир қилмагани, яъни “Иқтисодиёт” йўналиши бўйича Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти талабаси эмас, Тошкент молия институти талабаси ғолиб деб топилгани келтирилади. Лекин негадир танлов жараёнида Тиббий фанлар йўналишида стипендияга талабгорларнинг ишини баҳолаган комиссия аъзолари сафида ЎзМУ ректори И.Мажидов бўлгани ва ушбу йўналишда айнан у раҳбарлик қилаётган ОТМ, яъни ЎзМУ талабаси ғолиб бўлгани ҳақидаги маълумот тушириб қолдирилган.
Раддияда И.Мажидовнинг нафақат ўз баҳоси билан, балки бошқаларга таъсир ўтказиш йўли билан танлов натижасига таъсир қилган-қилмаганига ойдинлик киритилмаган.
Ўзбекистонда ҳар бир йўналиш бўйича малакали мутахассислар етарли бўлган бир пайтда нега ЎзМУ ва Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ректорлари ўз талабалари қатнашган йўналишлар бўйича комиссияларга жалб қилинганига тўхталиб ўтилмаган.
Ваҳоланки, олий таълим муассасалари ректорлари ўз талабалари қатнашган йўналишлар бўйича комиссияларга аъзо сифатида жалб қилиниши манфаатлар тўқнашувига сабаб бўлиш эҳтимолини инкор этиб бўлмайди. Бундай тажриба президент стипендияси учун танловнинг нуфузига соя солмай қўймайди.
Раддияда агар битта йўналиш бўйича 10 та номзод ҳужжат топширган бўлса, улар орасидан айнан тест натижалари ва илмий мақолалари салмоқли бўлган энг кучли 3 нафаргача номзод кейинги босқичга ўтказилиши, бунда хорижий тилларни билиш даражасини белгиловчи миллий ва халқаро тан олинган сертификатларга эга бўлганларга устунлик берилиши ҳақида сўз боради. Бироқ талабгорлар Kun.uz’га берган интервьюларида вазирлик масъул ходими ва комиссия аъзолари тест ҳеч қандай аҳамиятга эга эмаслигини, экспертлар ўзаро келишув асосида талабгорларни суҳбатга тавсия этишларини айтишганини таъкидлашган, буни Kun.uz мухбири билан суҳбатда вазирлик бошқарма бошлиғи ҳам тасдиқлаган, “агар фақат тест натижасига қараб номзодлар суҳбатга тавсия қилинганда иштирокчиларга нисбатан адолатсизлик бўлиши, сабаби 70 фоиздан кўп иштирокчи тестда умумий баллнинг ярмидан кам балл тўплаганини маълум қилганди.
Иштирокчилар ва журналист билан суҳбатда бошқа, раддияда бошқа маълумот берилаётганини ҳам эътибордан четда қолдирмаслик керак.
Мурожаатда талабгорлар иштирокчиларнинг ишлари қандай баҳоланганини талаб қилишганда бу рад этилгани, иштирокчиларга ҳаттоки ўзлари топширган ишлари учун қўйилган баҳолар ҳам маълум қилинмагани айтилганди.
Вазирлик раддиясида негадир бу масалага ҳам муносабат билдирилмаган.
Президент стипендияси учун ўтказилган танловнинг барча иштирокчилари ишлари қайси омилларга кўра улар ғолиб деб топилгани, қайси омилларга кўра рад этилгани ҳам номма-ном тўлиқ очиқланмаган.
Эътироф этиш жоизки, Олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Тошқулов ушбу мурожаатчилар билан шахсан учрашиб, уларнинг фикрлари ва эътирозларини эшитишга тайёрлигини айтди. Kun.uz’га мурожаат қилган талабалар вазир билан учрашиш истагини билдирмоқдалар.
Гарчи натижалари ўзгармаслиги аниқ бўлса-да, Kun.uz номли стипендиялар учун ўтказиладиган ҳамда тўла шаффоф бўлмагани учун эътирозларга сабаб бўлиб келаётган саралаш жараёнларидаги муаммоларга жамоатчилик эътиборини қаратишда давом этади.
Мавзуга оид
14:36 / 12.01.2026
Олий таълим хизматлари таълим бозорининг деярли ярмини эгаллади
08:53 / 31.12.2025
Фарғона давлат техника университети ректори вазир ўринбосари этиб тайинланди
21:27 / 30.12.2025
5 та университетда мингдан ортиқ асар бўйича муаллифлик ҳуқуқи бузилгани аниқланди
19:58 / 30.12.2025