Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Audi автомобиллари ҳайдовчи аҳволини кузатади
Audi компанияси Лас-Вегасдаги CES истеъмолчилик электроникаси кўргазмасида келажакдаги автомобиль интерьери концептини намойиш қилди. Компания у учун ўзининг модулли мультимедиа платформасининг янги авлодини қўллади. Бу янги платформа имо-ишораларни англаш тизими, ақлли соатлар билан ўзаро ҳаракатланиш ва ҳайдовчининг аҳволини кузатиш имконияти билан жиҳозланди.
Компания концепт учун янги электрон асбоблар панелини яратди, яъни 14,1 дюймли AMOLED-экран ишлаб чиқди. Марказий консоль яна иккита дисплейдан иборат бўлиб, улардан юқоригиси одатда мультимедиани бошқариш ва навигация, пасткиси иқлим назорати учун жавоб беради. Мажмуа автомобиль ва инфратузилма объектлари билан “муомала қилиш” тизимини олди. Тизим шу эвазига йўналишда олдиндаги муаммолар ҳақида огоҳлантириш, бирор жойни айланиб ўтиш йўналишини танлаш ва светофорларнинг ишини назорат қилиб, олдиндан яшил чироқнинг ёқилишига қанча вақт қолганини кўрсатиши мумкин.

Бундан ташқари, тизим фитнес-браслетлар ёки пульс ўлчагич билан жиҳозланган “ақлли соатлар” билан бирга ишлашга ва ҳайдовчининг аҳволини кузатишга қодир. Агар хавф туғилса, электроника бошқарувни ўзига олиши ва хавфсиз тўхташни амалга ошириши ҳамда шошилинч хизматларга ёрдам ҳақида сигнал юбориши мумкин.
Электроника ҳайдовчининг нафас олиши суръати ва териси ҳарорати билан бирга транспорт оқими зичлиги, об-ҳаво ва юриш услубини кузатиши ҳамда олинган маълумотларни таҳлил қилиб, барча тизимларнинг ишини ҳайдовчи кайфиятига созлаши мумкин. Мисол учун, тизим дам олиш учун тўхташ, интерьернинг атмосфера ёруғланиши рангини ўзгартириш, бошқа мусиқани таклиф қилиши ёки ўриндиқлар массажини ишга тушириши ёхуд иқлим назорати созламаларини ўзгартириши мумкин.

Бу функциялар келажакда серияли автомобилларда пайдо бўлиши кутилмоқда.