Ўзбекистон | 11:19 / 18.01.2016
17242
5 дақиқада ўқилади

Уйингизни ижарага бермоқчимисиз: уй эгасига маслаҳатлар

Ихтиёрингизда эҳтиёжингиздан ортиқча уй бўлиб, уни кимгадир ижарага бермоқчимисиз? Буни қандай амалга оширмоқчисиз? Таниш-билишлар, уй раиси (домком)га айтиб қўярсиз. Ёки интернет, газета орқали эълон берасиз. “Квартира бозори”га боришингизни тавсия қиладиганлар ҳам топилади. Хуллас, қайсидир йўл билан топган бўлғуси ижарачингиз билан учрашиб, шартларингизни етказасиз, ўзаро рози-ризочилик билан келишувга нуқта қўясиз. Энди кўнглингиз тўқ – ҳар ойда кўнглингиздагидек пул келиб турибди. Аммо, ижарага қўйган одамингиз бирор кўнгилсизлик содир этса, дейлик, жиноятга қўл урса, энг ёмони, бу ҳолат сизнинг мулкингиз ҳисобланган уйда амалга ошса... Худо кўрсатмасин, ҳеч кимга ёмонликни раво кўрмайсиз, бироқ истар-истамас содир этилган жиноятчини деб айбсиз айбдорга айланиб қолсангиз нима бўлади? Энг камида вақтингиз, асабларингиз кетади, йўқ жойдан жарималар тўлашга тўғри келар, ёқимсиз ташрифлар, кутилмаган қўнғироқлар тинчингизни бузар... Оқибатини ўйламасдан, бир-икки расмиятчиликдан қочиш оқибатида бундай ноқулайликларга дуч келишингизни тасаввур ҳам қилмаган эдингиз, тўғрими? Ёки булар ҳақда олдиндан билсангиз ҳам кўнгилсиз воқеалар айнан Сиз билан содир бўлишини ўйламаган чиқарсиз. Шундай экан, уй, квартирани ижарага бериб, ортиқча ғалвалар, бош оғриқларсиз мутлақо хотиржамликда яшашга нима етсин. Хўш, бунинг учун нима қилиш керак?.

Uybor.uz сайти мулкингиз, хотиржамлигингиз ва саломатлигингиз тўғрисида қайғурган ҳолда Сиз учун зарур ва фойдали бўлган айрим тавсияларни эътиборингизга ҳавола этишни мақсад қилган. Улар қуйидагилардир:

-аввалига мураккаб, қийиндек кўринса ҳам, барча ишларни қонуний қилишга ҳаракат қилинг. Шунда қолган вақтингиз хотиржамликда ўтади;
-уйингизни ижарага беришда риэлторлик фирмаларига мурожаат қилганингиз мақсадга мувофиқ. Улар сиз истагандек ижарачини топиб, учраштиради, буткул қонуний йўл билан ижара келишувини амалга ошириш бўйича батафсил тушунчаларни беради;
-ижарачи оилали бўлса, албатта ФҲДЁ томонидан тақдим этилган никоҳ гувоҳномасини кўздан кечиринг;
-уйингизни фақатгина иши, ўқиши тайин бўлган, рисоладаги инсонларга ишониб топширинг;
-ижарачи билан ўртада ижара шартномасини тузиб, уни нотариус тасдиғидан ўтказиб олинг (бу борада керакли тавсияларни қуйида батафсил тақдим этамиз);
-ижара шартномаси тузилганидан сўнг маҳалла участка профилактика нозири, маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва уй раиси (домком)ни бу ҳақда огоҳлантиринг, ижарачи билан таништириб, уйингизда қонуний асосда яшаши ҳақида маълум қилинг;
-қонунга мувофиқ, ҳар ойда ўртада имзоланган шартномада белгиланган ижара пулининг 7 фоизи миқдоридаги солиқни тўлаб боришни унутманг. Дейлик, бир ойга 200 минг сўм миқдорида ижара шартномаси тузилган бўлса, 14 минг сўмни солиқ сифатида тўлаш даромадингизни давлатдан яшириб, чўчиб яшаганингиздан кўра афзалроқ.
Кўриниб турибдики, ижарачи билан тузилган шартнома сизнинг хотиржамлигингиз кафолати саналади. Хўш, уни тузиб, нотариус тасдиғидан ўтказиш учун нималар талаб қилинади?

Амалдаги қонунчиликка кўра, мулк ижараси шартномасини тасдиқлашда нотариус қуйидагиларни талаб қилади:
- кўчмас мулк объектининг кадастр йиғмажилди. Бунда мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат, Бинолар, иншоотлар ва кўп йиллик дарахтларга бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ҳамда кўчмас мулкнинг умумий майдони ҳақидаги маълумотлар кўрсатилган тегишли ҳужжатлардан нусха олиниб, кадастр йиғмажилдининг асли қайтариб берилади;
- ижарага берилаётган уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмида доимий прописка қилинган шахслар ҳақида фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органи ёки хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати томонидан берилган маълумотнома ёки уй дафтаридан кўчирма ҳамда доимий прописка қилинган шахсларнинг розилиги.

Агар:

- кўчмас мулк умумий биргаликдаги мулк бўлган тақдирда (эр-хотиннинг биргаликдаги мулки), барча эгаларининг (эр-хотиннинг) розилиги;
- хусусийлаштирилган уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисми ижарага берилганда, Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг ҳудудий бошқармалари томонидан берилган хусусийлаштиришда розилик берган шахслар ҳақидаги маълумотнома ва уларнинг розилиги;
кўчмас мулк гаровга қўйилган бўлса, гаровга олувчининг розилиги ҳам талаб этилади.
Эслатиб ўтамиз, уйингизни ижарага бериш истагида бўлсангиз, шунингдек, турар-жой, ишлаб чиқариш биноси, дўкон ва бошқа турдаги кўчмас мулк олди-соттисига доир шахсий эълонларингиз бўлса, Uybor.uz сайтига мурожаат қилишингиз мумкин.