Жамият | 08:46 / 21.01.2016
42787
3 дақиқада ўқилади

Гулбаҳор Эрқулова ўзи ва Абдуҳошим Исмоилов ҳақидаги миш-мишларга ойдинлик киритди

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулбаҳор Эрқулова 18 январь куни Facebook ижтимоий тармоғидаги шахсий саҳифасида “Бугун мен учун энг бахтли кун”, – дея хабар қолдирган.

Унинг ёзишича, хонанда 1 йиллик танаффусдан сўнг яна Юнус Ражабий номидаги мақом ансамблида фаолиятини бошлаган. Хонанда шу бугунга қадар бўлган интервьюларда 5 йилдирки ансамблдаги фаолияти қил устида тургани, ансамбль раҳбари, Ўзбекистон халқ артисти Абдуҳошим Исмоилов билан келишмай қолганини айтиб, 2015 йилда ишдан бўшатилганини айтган эди. “Qalampir.uz” масалага ойдинлик киритиш, Эрқулованинг ишга қайтиши сабабларини билиш мақсадида у билан боғланди.

"Ҳа, жонажон ансамблимга қайтганим рост. Шу кун келишига ишонардим, юрагимда устозларимга, ансамблимга, мақом қўшиқларимизга бўлган муҳаббат сўнмаган. У бугун янада аланга олди. Ўзбекистон халқ артисти Абдуҳошим Исмоилов ишга чақирганларида, аввалига ҳайрон қолдим. Хонага олиб кириб, мажлис ўтказдилар, Гулбаҳорнинг ўрни шу ансамблда, бошқача бўлиши мумкин эмас дедилар. Тўғриси, мен шу бугунгача ансамблимга, устозларимнинг ўгитларига хиёнат қилмадим. Улардан доим хабар олиб, йўқлаб турдим. Ансамблдаги ёш қизлар лоақал бир марта йўқлашмаганидан ранжиган эдим. Майли ҳаммаси ортда қолди.

Абдуҳошим Исмоиловдан миннатдорман. Ўртамиздаги гина-кудратлар, майда гап-сўзларга қарамасдан яна ишга чақирдилар. Эски гапларни эслаганлари ҳам йўқ. Хатолар, келишмовчиликлар ўтган йилларда қолиб кетди. Иккимиз ҳам нима ўтганини ўзимиз биламиз. Буни одамларга ошкор этишдан, эски гапларнинг ортидан юриб, фалончи бу деди, анавиниси бошқа гап айтди, дейишдан фойда йўқ. Энг муҳими мен бугун ўз ўрнимда, ансамблимдаман.

Бугуннинг гапи, эртага тўғри келмайди. Қачонлардир ансамблим, Абдуҳошим ака билан дарз кетган муносабатларимиз ҳақидаги интервьюларим роса шов-шув бўлиб, яна янги ғийбатларга сабаб бўляпти. Мен буни истамаган бўлардим. ОАВ вакиллари бирор нарсани оммага тақдим этишдан аввал ҳозирги вазият қандайлигини инобатга олишларини, эски гапларни қўзғамасликларини сўраган бўлардим", дейди сайт саволларига жавобан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулбаҳор Эрқулова.